Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:16

ЮНЕСКО саводхонликни оширишда мобиль телефонлардан фойдаланишни тавсия қилмоқда


ЮНЕСКОда мобиль телефонлардан саводсизликка қарши курашиш ва китобхонлар доирасини кенгайтириш учун фойдаланиш бўйича тадқиқот ўтказилмоқда. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар қилади.


“Бугунги дунёда мобиль телефонлар ҳар томонда, шу жумладан, китоб етишмаслиги сезилаётган минтақаларда кенг тарқалган. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда 6 миллиард одам коммуникацион тармоқларга уланган мобиль қурилмалардан фойдаланиш имкониятга эга. Қиёслаш учун, жаҳонда фақат 4,5 миллиард одамгина ҳожатхонадан фойдалана олади”, дейилади БМТ Янгиликлар маркази хабарида.

Қайд этилишича, коммуникацион технологияларнинг гуркираб ривожланиши саводсизликка қарши курашнинг муваффақият кўрсаткичи пасайиши қабатида кузатилмоқда. Дейлик, 1990 йилдан 2000 йилгача жаҳон бўйлаб саводсизлар сони 12 фоизга камайган бўлса, 2000 йилдан шу кунгача бор-йўғи 1 фоизгагина камайган.

Саводхонликни ёйиш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири китоб танқислиги экани сир эмас. Жаҳондаги таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ЮНЕСКО ташкилоти бир йил давомида ривожланаётган етти мамлакатда мобиль телефонларидан фойдаланган ҳолда китоб ўқишга одатланган одамларни аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказган. Тадқиқотчилар мобиль қурилмалар воситасида китоб ўқийдиган одамларни қандай мавзулар кўпроқ қизиқтиришини аниқлашга уринганлар.

ЮНЕСКОнинг “Мобиль алоқа даврида мутолаа” деб номланган ҳисоботида саводхонлик даражаси паст бўлган мамлакатларда арзон мобиль қурилмалардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилган. Бундан мақсад китоб ўқийдиган кишилар доирасини кенгайтиришдир.

ЮНЕСКО вакилларининг қайд этишича, саводхонликни ёйиш ишида ахборот-коммуникацион технологиялар доим етакчи ролни ўйнаб келган.

Қоғоз ва матбаа ускуналарининг кашф этилиши каби технологик тараққиёт унсурлари одамлар орасида саводхонликни оширишга хизмат қилганини урғулаган ЮНЕСКО вакиллари технологиянинг бундан буёнги ривожи ҳам бу жабҳада тараққиётга кўмаклашиши ҳамда саводсизликни ўтмиш сарқитига айлантириши лозим, деган фикрдалар.
XS
SM
MD
LG