Линклар

logo-print
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти Марғилонда ҳибсга олинган фаол Шавкат Ҳожихонов қийноққа солинаётганини иддао қилмоқда. Надежда Отаеванинг хабар қилишича, сўнгги бор мулоқот қилган яқинлари Ҳожихоновнинг танасида оғир қийноқ изларини кўришган. 18 йилдан бери Норвегияда яшаётган 43 яшар фаол 3 йилдан буён Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилотига ҳамкорлик қилаётган эди.


Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик айби билан 15 аперль куни қўлга олинган марғилонлик 43 яшар фаол Шавкат Ҳожихонов Миллий хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бошқармаси ҳибсхонасида қийноққа солинаётгани иддао қилинмоқда.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти билан ҳамкорлик қилиб келаётган Ҳожихонов хаста онаси ўлим ёқасида экани ҳақидаги хабарни олгач, қўшни Қирғизистонга бориб, у ердан Ўзбекистонга яширинча ўтганида Фарғона вилояти Миллий Хавфсизлик хизмати бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Ташкилот раҳбари Надежда Отаеванинг айтишича, 21 апрель куни оқшом ҳуқуқ фаолига боғланган яқинлари Ҳожихонов оғир қийноқларга тутилганидан шикоят қилишган.

- Бизда унинг қийноққа солинаётгани ҳақида ишончли маълумотлар бор. Яқинлари у билан учраштирилганида танасида қийноқ изларини кўришган. Бундан ташқари, юзма-юз учрашув вақтида ҳам Ҳожихоновнинг бошига дубинка билан уришган, - деди фаолнинг оиласи билан мулоқотларга асосланган Надежда Отаева.

Унинг айтишича, Ҳожихоновнинг оила-аъзоларига ҳам босим ўтказилган ва бу оила билан алоқа узилган. Муҳими, Ҳожихоновнинг марғилонлик дўстларидан бири ҳам ҳибсга олингани айтилмоқда.

- Яқинлари билан алоқа узилиб қолди. Мана охирги 12 соатдан буён улар билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаяпти. Охирги бор боғланганимизда, яқинларидан бири йиғлаб берди, яна бири эса гаплашиш имконсиз, деди. Охирги маълумотларга кўра, Шавкатга қўшиб унинг собиқ бир дўстини ҳам ҳибсга олишган. Хуллас, жуда оғир вазият. Ўзбекистонда Халқаро Қизил Хоч ташкилоти бўлмагани боис, энди биз хорижий дипломатик корпус вакилларига мурожаат ҳозирлаяпмиз. Улардан Шавкат билан учрашишни талаб қилишларини сўрамоқчимиз, - дейди Надежда Отаева.

18 йил аввал Ўзбекистонни қонуний асосда тарк этган 43 яшар Шавкат Ҳожихонов Норвегияда қонуний асосда яшаб, ишлаб келаётган эди. Надежда Отаеванинг айтишича, муҳожиратдаги ўзбеклар муаммолари ва аччиқ қисматига бефарқ бўлмаган фаол 3 йил муқаддам унинг ташкилоти билан ҳамкорликни бошлаган.

Шунингдек, Ўзбекистонда пахта далаларида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишга чек қўйишга оид жамоатчилик акцияларида иштирок этган ва моддий ёрдамга муҳтож ўзбекларга кўмак берган.

- Унинг Ўзбекистон чегарасидан кириш тартибини бузганини тан олиш керак. Аммо, у ҳеч қачон жангарилар, радикал диндор ёки сиёсатчи шахслар билан алоқада бўлмаган. У шунчаки, ўз юртдошлари тақдирига бефарқ бўлмаган оддий ўзбекистонликлардан бири эди, - дейди Надежда Отаева.

Айни дамда Шавкат Ҳожихоновнинг адвокатидан олинган маълумотга кўра, ҳибсдаги фаолга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 223-моддасига асосан мамлакатга ноқонуний кириш айби қўйилган.

Яқинларидан олинган маълумотга кўра, Ҳожихоновга Ўзбекистондаги танишларидан бири онасининг ўлим тўшагида ётгани ва ўғлининг келишини сўраётганини хабар қилган.

Йиллар давомида юртида қолган хаста онаси - қон босими ва қанд касалидан азоб чекаётган кекса аёл учун дори-дармон ва маблағ жўнатиш билан машғул бўлган ўғил бу хабарни олгач, ҳеч иккиланмай Ўзбекистонга йўл олган.

Аммо, тўғри йўдан борса қўлга олиниши мумкинлигини тахмин қилган муҳожир ҳаммадан сир тутган ҳолда яширинча онасини зиёрат қилиб қайтишга қарор қилган. Надежда Отаевага кўра, ташкилоти аъзоси Ўзбекистонни тарк этгунига қадар ҳам МХХ кузатувида бўлган ва шу айнан шу боис, юртига яширин кириб-чиқишга қарор қилган, ҳатто Отаевага ҳам бу ҳақда билдирмаган.

Шавкат Ҳожихонов 11 апрель куни Норвегиядан Бишкекка борган. Сўнгра яширин йўллар билан Ўзбекистонга ўтиб, у ердаги хаста онаси билан учрашган.

Яширин учрашувдан ярим кун ўтар-ўтмас, унинг сир тутилган манзили эшигини МХХ ходимлари қоққан ва уни ҳисбга олишган. Надежда Отаеванинг гумонича, бу яширин зиёратдан хабар топган ўзбекистонликлардан бири Шавкатни МХХга сотган бўлиши мумкин.

Бу воқеанинг бундай оқибатларидан хавотирга тушган Надежда Отаева, кекса ота-оналари билан дийдорлашиш учун ҳаётини хавф остига қўйиб, Ўзбекистон қонунларини бузишгача бораётган муҳожиратдаги қочқинлар ва фаолларни бундай ҳаракатнинг хавфли оқибатларидан қаттиқ огоҳлантиришини алоҳида таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG