Линклар

Chevrolet Orlando сотувга чиқмоқда, лекин уни фақат долларда ва декабрда олиш мумкин


Ўтган ҳафтадан бери Chevrolet Orlando оилавий минивэни конвейердан туширилиб, сотувга жўнатила бошлаган.

Ўтган ҳафтадан бери Chevrolet Orlando оилавий минивэни конвейердан туширилиб, сотувга жўнатила бошлаган.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси Хоразм вилоятида ишлаб чиқара бошлаган Chevrolet Orlando автомобиллари сотувга чиқмоқда. Потенциал харидорлар уч хил классда чиқаётган минивэннинг ҳозирча икки позицияси учун шартнома тузишлари мумкин. Шартномага кўра, фақат АҚШ долларига сотиладиган янги машина нархининг 85 фоизини тўлаб қўйган харидор, машина калитини шу йилнинг декабрь ойида олиши ваъда қилинмоқда. Лекин ҳозирча Chevrolet Orlando машиналари аксар автосалонларда кўргазмага қўйилгани йўқ.



Chevrolet Orlando автомобилнинг тақдимоти ўтган ойда Тошкентда ўтказилган эди. Ўзавтосаноат ширкатидаги Озодлик манбасига кўра, ўтган ҳафтадан бери минивэн русумидаги оилавий автомобиллар конвейердан туширилиб, сотувга жўнатила бошлаган.

Лекин Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистондаги аксар автосалонларда янги автомобиль кўргазмага қўйилгани йўқ. Ҳар қалай Озодлик гаплашган автодилерларга Chevrolet Orlando машинаси ҳозирча етиб келмаган. Шунга қарамасдан, уч хил классда чиқаётган минивэннинг 1- ва 2-позицияларига шартномалар тузила бошлаганини билдирди Тошкентдаги йирик автосалонлардан бирининг ходими. Унинг айтишича, бугун шартнома тузган харидор, машина калитини йилнинг охирида, декабрь ойида олиши мумкин бўлади.

- Фақат 1-2-позицияга шартномалар бор. Декабргача¸ йил охиригача бу йилги. Учинчисига ҳозирча йўқ.

Автосалон ходимига кўра, Chevrolet Orlando минвэнининг 1- ва 2-позицияларини фақат долларга сотиб олиш мумкин.

- Фақат валютада сотилади. Биринчиси 25.112 доллар. 2-позицияси 25.961 доллар.
Chevrolet Orlando 10 март куни Тошкентда жамоатчиликка тақдим қилинган эди.

Chevrolet Orlando 10 март куни Тошкентда жамоатчиликка тақдим қилинган эди.

Автосалон ходимининг айтишича, шартнома бугунги нархларда тузилганига қарамасдан, мабодо декабрь ойигача Chevrolet Orlando машинаси нархи ошадиган тақдирда, харидор ўртадаги фарқни ҳам тўлаб беришига тўғри келади.

Машинанинг учинчи позициясини сўмга сотиб олиш мумкин, лекин минвэннинг бу класси ҳозирча сотувга чиққани йўқ ва қачон чиқиши ҳам номаълум. Нархи 75.455.000 сўм (33.210 АҚШ доллари).

- Иккинчиси позицияси сўмда. Лекин унга шартнома йўқ. Нархи 75 миллион 455 минг сўм. Уни сўмга қилса бўлади. Лекин учинчи позицияга шартнома тузиш қачон бошланишини айтишигани йўқ ҳозирча,- дейди Тошкентдаги автосалон ходими.

GM Uzbekistan аввалроқ эълон қилган нархларга кўра, машинанинг 1-позицияси 25.472 АҚШ доллари, 2-позицияси 26.334 АҚШ доллари, 3-позицияси эса ўзбек миллий валютасида 76.200.000 сўм (33.540 АҚШ доллари) деб баҳоланган эди.

Ўзбекистонда чиқаётган Chevrolet Orlando машиналари двигателлари ҳажми 1,8 литр ва 100 километрига 8 литрдан камроқ ёнилғи сарфлаши айтилмоқда.

- Двигатели ҳажмини биламан¸ 1¸8 литр бўлади. Расход топливасини (ёнилғи сарфлаши-таҳр.) биламан 7¸9 литр сарфлайди 100 километрига. Иккинчи позициясида гидравлика, кондиционер¸ стеклопакет¸ ҳамма нарсаси бор. Биринчи позицияда эса фақат гидравлика билан кондиционернинг ўзи бўлади. Бунинг ҳам двигатели худди шунақа ҳажмда. Расход топливаси ҳам худди шунақа. Подушка безопасности¸ стеклопакетлари йўқ. Кондиционери бор бўлди,- деди Озодликка автосалон ходими.

Шу йилнинг 10 март куни Тошкентда жамоатчиликка тақдим қилинган Chevrolet Orlando машиналари йилига нечта чиқарилиши, қанчаси экспорт қилиниб, қанчаси ички бозорда сотилиши ҳозирча аниқ айтилгани йўқ. Озодликнинг Ўзавтосаноат давлат ширкатидаги манбаси бунга оид рақамларни ҳозирча бера олмаслигини билдирди. Лекин автосалон ходими билан суҳбатдан ўзбек харидори бу машинага ҳам ойлаб навбат кутишига тўғри келишини хулоса қилиш мумкин.

Chevrolet Orlando машиналари GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги заводида йиғилмоқда.

Ўтган йили Damas автомобилларини йиғиш ишлари Асакадан айни заводга кўчирилган эди. “Хоразм автомобил ишлаб чиқариш бирлашмаси” деб номланувчи бу корхона собиқ иттифоқ даврида ишга тушмай қолган вертолёт заводи ўрнида 1990-йилар ўрталарида ташкил қилинган. 1995 йилда ҳукумат қарори билан бу ерда Мерседес юк машиналарини ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси тузилиши керак бўлган, лекин бу лойиҳа амалга ошмай қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG