Линклар


2014 йил 1 октябрь куни Тошкентда Корея Республикасининг Инха университети филиали фаолият бошлайди. Осиёдаги энг нуфузли юзта университет рўйхатидан ўрин эгаллаган Инхада ўқиш учун имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентлар тўлов шартнома асосида йилига 5000 доллар тўлашлари керак бўлади.


Жанубий Кореядаги Инха университетининг хорижлик талабаларни ўқишга қабул қилиш бўлими менежери Суҳан Бун Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги Инха университети филиали илк ўқув йилида 150 нафар талабани қабул қилишини айтди.

- Биринчи йил биз 150 нафар талабани ўқишга қабул қилишни режалаганмиз. Университетда иккита факультет бўлади. Биринчиси ахборот-коммуникация технологиялари, иккинчиси компьютер технологиялари. Ўқиш учун йилига тахминан 5000 АҚШ доллари миқдорида пул тўланади. Тошкентда филиал очишдан мақсад бакалавр дастури бўйича мутахассислар тайёрлашдан иборат, деди Инха универсиети расмийси.

Суҳан Бунга кўра, Тошкентдаги Инҳа университетига мактаб, академик лицей ёки профессионал коллежни юқори баҳолар билан тугатган шахслар кириши мумкин.

Талабалар тўрт йил давомида замонавий технологиялар бўйича билим олади.

Абитуриентлар Халқаро инглиз тили тест тизими, яъни, IELTS (International English Language Testing System) тизими бўйича билим даражаси бешдан кам бўлмаган сертификат тақдим этиши керак бўлади.

Суҳан Бун Озодлик билан суҳбатда Инха университетининг Тошкентдаги филиалига кириш имтиҳонлари ва университетда ўқитиш инглиз тилида олиб борилишини қўшимча қилди.

- Икки хил имтиҳон топширилади. Биринчиси инглиз тилидан ёзма имтиҳон. Кейин яхши баҳо олганлар билан юзма-юз суҳбат ҳам бўлади, дейди Суҳан Бун.

"Инха университетида порасиз ўқилади"

Дунë бўйлаб коррупцияга чалинганлиги билан боғлиқ вазиятни тадқиқ этиб келадиган қароргоҳи Берлинда жойлашган Transparancy International ташкилоти Ўзбекистон таълим тизимини энг коррупциялашган соҳалардан бири, деб баҳолаб келади.

Суҳан Бун Озодликка Инха университетида коррупцияга йўл қўйилмаслигини алоҳида таъкидлади.

- Биз Ўбекистон учун аллақачон ёзма имтиҳонлар режасини тузиб қўйганмиз. Кореядаги ўқитувчиларнинг айримлари Ўзбекистонга боради ва қабул имтиҳонларини уюштиради, деди суҳбатдош.

Инха университетига кириш учун 6 июлда ёзма имтиҳонлар ва 27 июлда суҳбат бўлиб ўтади.

Олийгоҳга кириш имтиҳонлари натижалари 8 август куни эълон қилиниши режаланган.

"Инхада ўқиш абитуриет учун жуда қиммат"

Ўзбекистонлик ёшлар Инҳа университетида ўқиш борасида турлича фикр билдирмоқда.

Баъзи ёшлар ўқиш учун йилига Марказий банк курси бўйича беш минг доллар пул тўлаш жуда қиммат, демоқда.

Бироқ тошкентлик Нодир Осиёдаги энг нуфузли олийгоҳлардан бирида ахборот технологиялари бўйича билим олиш имконияти бўлса, пулни аямаслик керак, деган фикр билдирди.

- Ахборот технологиялари соҳаси бўйича ўқиган бўлардим. Чунки Корея технология энг ривожланган давлатлардан бири. Барибир ўқитиш сифати даражаси Ўзбекистонга қараганда анча юқори. Имкониятим бўлса, ўқиган бўлардим, деди Нодир.

$ 5000 тўламасдан ўқиш имконияти бор, аммо жуда қийин

Инха университетига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 10 нафар абитуриент олийгоҳда грант асосида ҳомийлар ҳисобига ўқийди.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекнефтегаз, Ўзбекэнерго, Ўзкимёсаноат, Навоий тоғ-металлургия комбинати, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати, Ўзбекистон ҳаво йўллари, Ўзбекистон темир йўллари, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Ўзбектелеком ширкатлари Инха университетининг Тошкентдаги филиали ҳомийлари ҳисобланади.

Тошкентдаги Инха университети филиали Ўзбекистон президенти 2014 йил 24 март куни имзолаган ПП-2155-сон қарорига мувофиқ фаолият бошламоқда.

Инха университети 1954 йилда ташкил этилган ва Жанубий Кореядаги энг яхши бешта олийгоҳнинг бири ҳисобланади.

Ҳозир Ўзбекистонда олтита хорижий университет филиаллари фаолият олиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG