Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:03

Ўзбекистонга чет эллик сайёҳларни шароб билан жалб қилмоқчилар


Сайёҳларни Тошкент вилоятида 11 хил шароб кутмоқда
Сайёҳларни Тошкент вилоятида 11 хил шароб кутмоқда
Тошкент вилоятидаги Намданак қишлоғи шаробсевар туристлар учун Марказий Осиëда очилган илк маскан бўлди. Тошкентдаги “Yasmina Tour” ширкати Намданак қишлоғидаги вино ишлаб чиқаришга ихтисослашган фермер хўжалиги билан ҳамкорликда чет эллик туристлар учун “Ол шафақ, оппоқ қуëш” туристик йўналишини ташкил қилди.

Айтилишича, бу тадбир Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 13 март куни қабул қилган “Туризм билан боғлиқ фаолиятни ривожлантириш ва янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги қарорига асосан жорий қилинди.

Тоғ чўққилари бағридаги “Ол шафақ¸оппоқ қуëш” туристик йўналиши очилишига бағишланган илк тадбирда Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этади, деб хабар қилди “Ўзвиносаноат-холдинг” давлат ширкати вакили Маҳбуба Ҳалилова Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ турнинг илк асосий меҳмонлари франциялик туристлардир Маҳбуба Ҳалилова ўзбек виноларининг айнан французлар тарафидан эътироф қилинаëтганидан мамнунлигини изҳор қилди.

Паркент узуми
Паркент узуми
Тадбир ташкилотчиларидан бири Искандар Аҳмедовнинг Озодликка айтишича¸ Марказий Осиëда илк маротаба ташкил қилинган бу туристик йўналиш иштирокчилари тоғ ëнбағирларида ўсган узумлардан тайëрланган 12 хилдаги оқ ва қизил шаробларни татиб кўриш имконига эга бўлишади.

Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, ўзбек виноларини татиб кўриш учун араб мамлакатлари фуқароси бўлган 16 киши ҳам истак билдирган.

Марказий Осиëда илк ташкил қилинаётган вино саёҳати асосчиси 50 яшар Саидаҳмад Раубаев тарих китобларини мутолаа қилиш асносида чет эллик туристлар учун бундай йўналишни ташкил қилиш ғояси туғилганини айтади.

- Бу заминда беш минг йил муқаддам вино ишлаб чиқарилган. Паркентдан топилган қадимий хумлар бунга мисол. Экскурсия мобайнида туристларга Ўзбекистондаги шаробпазлик тарихи ва серқуëш замин махсули бўлган винонинг шифобахш хусусиятлари ҳақида ҳикоя қиламиз. Умар Ҳайëмнинг шаробни улуғловчи рубоийларини ўқиб берамиз. Шароб ичиш меъëри ҳақидаги донишмандлар ўгитларини эслаймиз. Экскурсия қатнашчиларига қадимий хумлар ëнидаги шарқона безатилган супаларда савлат тўкиб ўтирган нуроний отахонларимиз шароб қуйиб беришади. Шу тариқа биз ўзига хос шарқона муҳитни меҳмонлар кўз ўнгида гавдалантирамиз¸ дейди суҳбатдош.
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди

Саидаҳмад Раубаев хозир бу ғоя учун муаллифлик ҳуқуқини патентлаш учун ариза берганиини ҳам билдирди.

Суҳбатдошга кўра гастрономик туризмни мустақил тадбиркор сифатида ташкил қилиш имкони яқинда пайдо бўлган.

Вазирлар Маҳкамаси 13 март куни қабул қилган “Туризм билан боғлиқ фаолиятни ривожлантириш ва янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида“ги қарорида хусусий тадбиркорларга Ўзбекистон тарихида илк бор туристларга экскурсия ташкил қилиш ҳуқуқи ҳам берилган.

Бундан олдин махсус тур ва экскурсиялар ташкил қилиш “Ўзбектуризм” монополияси эди.

Намданак атиргулранг шароблар маскани

“Ўзвиносаноат-холдинг” давлат ширкати вакили Маҳбуба Ҳалилованинг Озодликка айтишича туристлар қизиқишига сабаб бўлган Намданак қишлоғида 12 турдаги оқ ва қизил шароблар ишлаб чиқарилади.

Суҳбатдошга кўра атиргулранг шароб ҳам Намданакда ишлаб чиқарилади. Бу вино ҳўжалиги "ўзбек французи", деб от чиқарган Маҳмуд Исломов тарафидан 1992 йилда ташкил қилингани айтилди.

Винопазлик бўйича Францияда таълим олган Маҳмуд Исломов Намданакдаги Виночилик академиясининг раҳбари ҳисобланади.

- 250 гектарлик узумзордан йилига 20 минг литр вино етиштирилади ва шу ернинг ўзида шишаларга қуйилади, дейди Марказий Осиëда илк ташкил қилинган вино саёҳати асосчиси 50 яшар Саидаҳмад Раубаев Озодлик билан суҳбатда.

Намданак қишлоғи
Намданак қишлоғи
“Ўзвиносаноат-холдинг” давлат ширкати вакили Маҳбуба таъкидига кўра, сўнгги етти йил ичида Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш икки баробарга кўпайган ва узумни қайта ишлаш жорий йилда яна бир ярим минг тоннага ошган.

Бугунги кунда мамлакатда ароқ- вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 45 та корхона ишлаяпти, улардан 28 таси хусусий экани айтилади.

“Ўзвиносаноат” Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи асосий ширкат ҳисобланади.

Мазкур ширкатнинг расмий сайтида айтилишича, ҳозирги пайтда виночилик соҳаси корхоналари томонидан 22 тадан ортиқ шампан ва газланган вино турлари, 27 хилдаги коньяк, 425 турдаги ликёр-ароқ маҳсулотлари, 200 номдаги спирт қўшилган, спирт қўшилмаган, маркали ва десерт винолар ишлаб чиқарилмоқда.
XS
SM
MD
LG