Линклар

Ўш шаҳри яқинидаги Тошлоқ қишлоғи кўчаларидан бирида ўйнаб юрган 4 ёшли Озодахон қопқоғи ўғирлаб кетилгани учун очиқ қолган коммуникация қудуғига тушиб кетиб, қудуқ ичидаги сувда чўкиб ўлган. Бироқ бу ўлим учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмай қолиши мумкин.

Онаси бозорга кетган тўрт ёшли Озодахон 9 ёшли акаси билан кўчага ўйнагани чиқиб йўқолиб қолган. Уни қўни-қўшнилар ва қариндош уруғлар узоқ қидиришган. Кейин унинг жасадини қопқоғи йўқ коммуникация қудуғидан топишган. Суд-тиббиёт экспертизасининг айтишича, қизнинг жонсиз танаси 4 соат мобайнида қуқдуқ ичидаги сувда қолиб кетган.

-Биз аввал қудуққа биров қўғирчоғини ташлаб кетибди, деб ўйлабмиз. Кейин қарасак, ўша қиз ётибди. Тезда тез ёрдам ва милиция чақирдик. Қизнининг жасадини экспертизага олиб кетишди, -деди Озодахонни қидирган қўшнилардан бири.

Ўша куни Озодахонни онаси тоғаси Ғанижон Абдуллаев қаровига қолдириб, бозорга кетган экан. Бироқ тоғаси бепарво қолиб, мана шундай фожеа юз берган. Қизалоқ ўлгандан сўнг Ғанижон Абдуллаев кўчадаги қудуқ оғзини ўз кучи билан ёпиб қўйган.

-Битта қудқуқни эплаб ёпиб қўйдим. Лекин кўчамиздаги қолган барча қудқуларнинг қопқоғи йўқ, оғзи очиқ. Уларнинг ҳаммасини ёпа олмайманку, -деди Ғанижон Абдуллаев.

Қишлоқ фаоллари ҳам Озодахоннинг ўлимидан сўнг қишлоқ кўчаларидаги коммуникация қудуқларини ёпиш ҳаракатига тушиб қолдилар. Бироқ бу ясама қопқоқлар бошқа болаларни бундай фалокатлардан нақадар сақлаб қолиши номаълум.

-Қудуқ қопқоқлари металдан бўлгани учун уларни ўғирлаб кетишаяпти. Маҳалламиздаги қудқуқларга ўз ёнимдан пул сарфлаб уч марта бозордан қопқоқ олиб келдим. Бироқ уларни ҳам ўғирлаб кетишди. Ҳозир қудқуларнинг оғзини тахта билан ёпиб, тупроқ тортиб қўйдик, баъзи жойларни эса бетонлаб ташладик, -деди Тошлоқ қишлоғи мингбошиси Эргашбой Жўраев.

Тўрт ёшли қизалоқнинг фожеавий ўлими шаҳарнинг тегишли идоралари ва маҳаллий қишлоқ ҳукумати ўз ишига масъулиятсиз ёндошгани сабабли содир этилган бўлса-да, марҳумнинг қариндошлари мазкур воқеада ҳеч кимни айбламоқчи эмас.

Ўш шаҳар Ички ишлар бўлими мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очган эди. Бироқ Озодахоннинг яқинлари ариза ёзишдан бош тортгач, жиноят иши ёпилган.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Залина Абдулҳақова ҳукумат болалар ҳуқуқларини таъминлаш учун бу воқеа юзасидан асосий даъвогар бўлиши керак эди, деб ҳисоблайди:

-Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳукуматнинг зиммасидаги масъулият. Қаровсиз қолган қудуққа тушиб ўлган қизнинг иши юзасидан маҳаллий ҳукумат ва тегишли ташкилот масъулларига нисбатан жиноят ишлари очилиши шарт, -деди ҳуқуқ фаоли.

Бу каби воқеа Ўш шаҳрида биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. 2012 йилда Ўш шаҳридаги Навоий истироҳат боғида ҳам қопқоғи бўлмаган коммуникация қудуғига тушиб кетиб, бир норасида ҳалок бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG