Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:58

Ўзбекистонлик талаба шаффоф телефон ихтиро қилганини иддао қилмоқда


Тошкентлик талаб Сирожиддин Насриддиновнинг ўз ихтиросини намойиш қилаётганига доир бу расми CA-News агентлигидан олинди.
Тошкентлик талаб Сирожиддин Насриддиновнинг ўз ихтиросини намойиш қилаётганига доир бу расми CA-News агентлигидан олинди.

Тошкент давлат техника университетининг 2 курс талабаси Сирожиддин Насриддинов қуёш энергиясидан қувват оладиган шаффоф экранли уяли телефон ихтиро қилганини иддао қилмоқда. 19 ёшли талаба "МХ-1" деб номланган телефонини Тошкентда очилган инновацион ғоялар кўргазмасида намойиш этмоқда.


Ёш ихтирочи Сирожиддин Насриддиновнинг Озодликка айтишича, телефон оддий батарейкага қўшимча тарзда наноплёнка орқали қуёш энергиясидан қувват олади.

- Қуёш энергияси билан ишлайди. Телефонни шаффофлиги ва унга наноплёнка тортилганлиги қуёш энергияси билан яхшироқ ишлашига ёрдам беради. Бошқа замонавий телефонлар каби бу телефон ҳам сенсорли клавиатурага эга. 6 пикселли экрани бор. Телефонни корпуси ҳам, экрани ҳам зарбага чидамли шишадан ясалган. Қалинлиги 5 миллиметр. Катталиги IPhone телефонидан сал каттароқ. Хотираси 32 гигабайтдан то 64 гигабайтгача кўтаради,- дейди Сирожиддин.

Тошкентлик талабанинг айтишича, ташқи зарбага чидамли шишадан қилинган сенсорли шаффоф экранини ҳар икки тарафидан кўриш мумкин.

Телефонга сенсорли клавиатура, вспишкали камера ҳам ўрнатилган. Сирожиддин Насриддинов ўз ихтироси учун Ўзбекистонда патент олгани ва мамлакатдаги маҳаллий телефон ишлаб чиқарувчи ширкатлардан қизиқиш бўлаётганини иддао қилади.

- Шу йилни оҳиригача сотувга чиқади, деб умид қиляпмиз. Дўконларда сервис марказлари ҳам бўлади. Тахминий нархи 600 АҚШ доллари атрофида бўлади, - дейди ўзбекистонлик талаба Сирожиддин.

Телефоннинг шаффофлиги ва қуёш энергияси билан ишлаши уни шу пайтгача ихтиро қилинган аппаратлардан ажратиб туради, дейди талаба.

Лекин, Сирожиддин Ўзбекистон шароитида бу телефон катта аҳамиятга эгалигини айтади.

- Бир йил ичида умумий ҳисоб-китобларни қилиб, лаборотория натижаларини олиб бу телефонни яратдик. Бу телефонни энг муҳим жиҳати уни қуёш энергиясида ишлаши. Яъни мақсад энергияни тежаш. Ўзбекистон серқуёш мамлакат ва бизни шароитда бу телефон ўзини оқлайди, деб ўйлаб, шу ишга қўл урдик,- дейди Сирожиддин.

Қуёш энергиясида ишловчи телефон янгилик эмас. IPhone ва бошқа телефон аппаратлари учун бир неча йил аввал қуёш батареялари ишлаб чиқилган.

Мутахассислар кўп йиллардан буён шаффоф смартфонларни яратиш йўлида ҳам изланишлар олиб боришмоқда.

Тайвандаги шиша махсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Polytron” ширкати ўртача сенсорли экранга эга шаффоф телефонни ўтган йил ёзида Барселона шаҳрида Mobile World Congress кўргазмасида тақдим этган эди.

2013 йил давомида аппаратни ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши кўзда тутилаётганди, лекин шу пайтгача бу амалга ошмади.

Ўзбекистонлик талабанинг кашфиёти шаффоф телефон аппаратларнинг ишлаб чиқилишида қанчалик фойда келтириши ҳозирча номаълум. Лекин Ўзбекистондек мамлакатда қуёш энергияси билан ишловчи шаффоф телефон яратишга уринишлар бўлаётган экан, шунинг ўзи тақсинга сазовор демоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG