Линклар

Тошкент Техника университетининг 2 курс талабаси Сирожиддин Насриддинов Озодлик билан суҳбатда ўзи ихтиро қилган қуёш энергиясидан қувват олиб ишловчи шаффоф экранли уяли телефонига Apple, Epson ҳамда Samsung каби дунёдаги етакчи ширкатлар қизиқиш билдираётганини айтди.

19 ёшли ўзбекистонлик талаба Сирожиддин Насриддинов ўзи ихтиро қилган "МХ-1" номли шаффоф телефонини 25 апрель куни Тошкентда илғор ғоялар кўргазмаси доирасида ўтказилган тақдимот маросимида намойиш этди.

Ёш ихтирочига кўра, тақдимот маросимида Apple, Epson, Samsung каби дунёдаги етакчи мобил телефон ишлаб чиқарувчи ширкатлар унинг ғоясига қизиқиш билдирган:

- Бу телефоннинг фойдали иш коэффициенти жуда юқори. Шунинг учун қизиқиш катта бўляпти. Apple, Epson ҳамда Samsung ширкатлари шартнома тузиш мақсадида бизга вакилларини юборишди. Уларни ҳозирча рад қилдик. Чунки мақсадимиз мобил телефонини Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Ҳозир Ўзбекистондаги уяли телефон ишлаб чиқарувчи Artel ширкати ҳам қизиқяпти. Биз шу ширкат билан бу телефонни Ўзбекистонни ўзида ишлаб чиқаришни режалаяпмиз, - дейди Насриддинов Озодлик билан суҳбатда.

Аввалроқ Ўзбекистондаги бир қанча нашрлар ёш талаба қуёш энергияси билан ишловчи шаффоф телефон ихтиро қилгани ҳақида хабар берган эди.

Сирожиддин Насриддиновнинг Озодликка айтишича, телефон ташқи зарбага чидамли шишадан ясалган, сенсорли шаффоф экрани телефонни ҳар икки тарафидан фойдаланиш имконини беради.

Телефон оддий батареяга қўшимча тарзда наноплёнка орқали қуёш энергиясидан қувват олади. Сирожиддин ихтиро қилган телефон бир қарашда ҳар хил мобил телефонлардан йиғилган қўлбола ускунага ўхшаб кетади.

Сирожиддин ихтиро қилган телефон бир қарашда ҳар хил мобил телефонлардан йиғилган қўлбола ускунага ўхшаб кетади.

Лекин, мутахасисларга кўра, Сирожиддин ихтиро қилган телефон бир қарашда ҳар хил мобил телефонлардан йиғилган қўлбола ускунага ўхшаб кетади, ҳатто батареяси ҳам Samsung телефониники.

Буни қандай тушиниш мумкин, деб сўраймиз ўзбекистонлик ихтирочидан.

- Ташқи кўринишидан шундай кўринади. Бу тадқиқотимизни умумий мажмуаси. Бунга шунчаки синов учун хоҳлаган батареяни ўрнатиб турдик. Хоҳлаган техникамиздан фойдаланганмиз. Лекин буни лаборотория варианти ҳам бор. Буни биз ҳозирча сир сақлаяпмиз. Буни ҳаммасини кўрсатсак "нау хау" йўқолади. Сотувга чиқса, қўлларингизга етиб борса, бу кашфиёт ҳақида кўпроқ тасаввурга эга бўласизлар, - дейди Сирожиддин.

Қуёш энергиясида ишловчи телефон янгилик эмас. IPhone ва бошқа телефон аппаратлари учун бир неча йил аввал қуёш батареялари ишлаб чиқилган.

Мутахассислар кўп йиллардан буён шаффоф смартфонларни яратиш йўлида ҳам изланишлар олиб боришмоқда.

Тайвандаги шиша махсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Polytron” ширкати ўртача сенсорли экранга эга шаффоф телефонни ўтган йил ёзида Барселона шаҳрида Mobile World Congress кўргазмасида тақдим этган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG