Линклар

25 апрель куни Чехия Ички ишлар вазирлиги Прага шаҳридаги иккита масжидда махсус амалиёт ўтказди. Чех полицияси мазкур масжидларга жума намозига келган Ўзбекистон, Тожикистон, Россия, Индонезия ва Бангладеш фуқаролари бўлган тахминан 15 кишини ҳибсга олган.

Чех полицияси жума куни Прага марказидаги Гроссман савдо мажмуаси ҳудудида жойлашган масжиддан тахминан 7 киши ва шаҳар чеккасидаги "Черний мост" мавзесидаги масжиддан тахминан 10га яқин кишини ҳибсга олди.

Гроссман мажмуасидаги масжидда ўтказилган амалиёт пайти ўша ерда бўлган ўзбекистонлик Баҳодирнинг Озодликка айтишича, қора ниқобли полициячилар гуруҳи жума намози ўқилаётган пайти масжидга бостириб кирган:

- Имом азонни айтиб бўлиб, Хутбани ўқиётган эди. Тахминан Соат 1дан 10 минут ўтган эди. Ўн битта полициячи бостириб кирди. Улардан саккиз нафари қора ниқобда эди. Ҳаммасининг қўлида автомат бор эди. Кирган пайти автомат билан ўқталиб, "Ҳамманг қўлингни олдинга тушириб, бошингни ерга эг", деб буйруқ беришди, - дейди Баҳодир.

Унинг айтишича, ўша пайтда масжидда тахминан 200 намозхон бўлган ва улар 4 соатча масжидда ушлаб турилган.

Баҳодир билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди




Махсус амалиёт пайти Гроссман савдо маркази ҳудудида жойлашган масжидда бўлган Сaucasustimes.com ахборот агентлиги бош муҳаррири Ислом Текушевнинг айтишича, "ваҳобийликда гумонланган икки киши масжидда адабиёт тарқатгани учун" полиция махсус амалиёт ўтказган:

- Бизга маълум бўлишича, икки киши ваҳобийлик ғояларини тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатганликда гумонланган ва уларни қўлга олиш учун полициянинг махсус гуруҳи масжидга келган, - деди Текушев.

Унинг айтишича, полициячилар аввал масжиддан болалар ва аёлларни чиқариб юбориб, кейин эркакларнинг қўлига кишан солиб, махсус автобусга босиб, олиб кетган.

- Ҳисбга олиш пайти кимдир ҳушидан кетган шекилли, масжидга Тез ёрдам машинаси етиб келди,- деди Текушев.

Чех полицияси асли ямайкалик, ҳозирда Қатарда яшайдиган салафий руҳоний Билол Филипсга оид китоб тарқалгани боис бу амалиëт ўтказилганини билдирилди.

Айтилишича, китоб ичида ксенофобия¸ антисемитик мазмундаги ëзувлар бўлиб, у 2012 йили чех тилига таржима қилинган.

Сўнгги олинган маълумотларга кўра, қўлга олинган ўзбеклар паспорти текширилганидан кейин қўйиб юборилган.

Чехия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра Чехияда словак¸ украин ва вьетнамликлардан кейин ўзбеклар энг кўп чет эллик ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG