Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:45

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қорақалпоғистонга сафар қилди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жума куни Қорақалпоғистонга сафар қилди. Президент матбуот хизматининг билдиришича, жаноб Каримов Қорақалпоғистонга Устюртдаги газ ва кимё мажмуи қурилишини кўздан кечириш учун борган. Каримовнинг мухтор минтақага ташрифи Украина шарқида россияпараст айирмачилар исёни пайтига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жума куни Қорақалпоғистонга сафари давомида Орол денгизи яқинидаги Сургил газ кони ва у ерда қурилаётган газ ва кимё заводини бориб кўрди.


Каримов жума куни Нукусга келиши билан шаҳар аэропортидан тўғри вертолётда Сургилга учган. Газ конидаги учрашувлар ортидан шу куннинг ўзида Тошкентга қайтиб кетган.

Уч йил аввал Ўзбекистон ҳукумати Устюртда газ ва кимё мажмуини қуриш бўйича Жанубий Корея билан умумий қиймати қарийб 4 миллиард АҚШ долларилик шартномани имзолаганди. Завод қурилиши 2012 йилда бошланган.

- Ўзбекистон Жанубий Кореяни ривожланган, замонавий, интеллектуал жиҳатдан улкан салоҳиятга эга мамлакат, деб билади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни қадрлаймиз,- деди Каримов Сургилдаги завод қурувчилари билан учрашув пайти.

Устюртдаги газ ва кимё комплекси ишга тушган пайти Сургил конидан йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш ҳамда 387 тонна полиэтилен, 83 тонна полипропилен ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш режаланмоқда.

Қорақалпоғистон шимолидаги Сургил конида 130 миллиард куб метрдан кўпроқ газ заҳиралари борлиги тахмин қилинади.

Завод қурилишини Жанубий Кореянинг GS Engineering & Construction Corp., Samsung Engineering Co., Hyundai Engineering Co. каби ширкатлари ва Ўзбекистоннинг "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинги амалга оширмоқда.

Ўзбекистон раҳбари сўнгги бор Қорақалпоғистонга 2010 йилнинг октябрь ойида сафар қилган эди.

Қорақалпоғистон Ўзбекистон таркибидаги мухтор минтақа ҳисобланади. Ўзбекистон ССР таркибида автоном республика бўлган Қорақалпоғистон 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомига эга бўлган.

Ислом Каримовнинг Қорақалпоғистонга ташрифи Украина шарқида россияпараст айрмачлик кайфиятлари кучайган бир пайтга тўғри келмоқда.

Март ойида Россия Украина ҳудуди бўлган Қрим ярим оролини референдум баҳонасида аннексия қилди.

Сўнгги ойларда Интернет тармоғида “Алга Каракалпакстан” ҳаракати пайдо бўлгани айтилмоқда. Бу ҳаракат Қорақалпоғистонни Ўзбекистондан ажратиш ва Россияга қўшишни тарғиб қила бошлаган.
XS
SM
MD
LG