Линклар

Украина шарқида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти миссиясининг йигирмага яқин ҳарбий кузатувчисини россияпарастлар “НАТО жосуси” сифатида айблаб гаровда ушлаб турибди. Айрмачилар уларни озод этишдан бош тортмоқда.

Донецкдаги россияпараст айрмачилар етакчиси Денис Пушилин 26 апрель куни гаровга олинган ЕХҲТ кузатувчилари “бизнинг маҳбусларга алмаштирилиши мумкин”, деб айтди.

Славянскдаги россияпарастлар ишғол этган Украина хавфсизлик хизмати бўлими биноси олдида журналистларга гапирган Пушилин: "ЕХҲТ кузатувчиларини озод этишнинг ягона йўли шу", деб билдирган.

Ўзини Славянскнинг ҳокими, деб эълон қилган Вячеслав Пономарёв жума куни ўз жанггарилари ЕХҲТ кузатувчиларини қўлга олганини тасдиқлади.

- Уларни ёнидан блокпостлар белгилаб қўйилган Славянскнинг харитаси, ўқ-дорилар, ҳарбий жетонлар топилди. Улар кўпроқ жосусларга ўхшаб кетади, - деган Пономорёв.

Славянскдаги россияпараст айрмачилар етакчисига кўра, ЕХҲТ кузатувчилари минган микроавтобус жума куни шаҳар бўсағасидаги блокпостларнинг бирида тўхтатилган.

ЕХҲТ миссияси ҳарбий кузатувчилари ҳозир Славянскдаги Украина хавфсизлик ҳизмати бўлими биносида сақланмоқда. Украина шарқидаги шу ва бошқа маъмурий биноларни бир неча ҳафтадан буён айрмачилар эгаллаб турибди.

Украина ҳукумати мамлакат шарқида вазиятнинг мураккаблашуви ортида Россия тургани ва Москва ҳукумати айрмачиларни дастаклаётганини айтиб келади.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк ЕХҲТ кузатувчиларини гаровга олганларни "Россиядан мадад олаётган террорчилар", деб атади.

- Ўзларини "тинч намойишчилар", деб атаётган, Россия паспортига эга бу кимсалар ЕХҲТ кузатувчиларини гаровга олмоқда. Бу уларнинг қип-қизил террорчи эканига яна бир исботдир. Бу қабул қилиб бўлмайдиган жиноятдир. Россия эса бу террорчиларни қоралаётгани йўқ. Бу Россия режими шу гангстерлар, жиноятчи тўдаларни дастаклаётгани белгисидир, - деди Яценюк.

Бироқ Кремл расмийлари Украина шарқидаги россияпарастларни дастаклаётгани, уларга мадад бераётгани ва қўллаб -қувватлаётгани тўғрисидаги баёнотларни "асоссиз ва бўлмағур гап" сифатида инкор қилиб келади.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Кремлни, агар Москва Украинадаги кескинликни юмшатиш йўлида конкрет қадамларни қўймаса, янги санкциялар қўллаши ҳақида огоҳлантирган.

Айни пайтда G7 - “Катта еттилик” гуруҳига аъзо мамлакатлар шанба куни Россияга қарши янги санкция қўллаш бўйича келишди.

АҚШ расмийларига кўра, янги молиявий чекловлар душанба кунидан кучга кириши мумкин.

“Россия Женева келишуви доирасида Украинада кескинликни юмшатиш йўлида ҳеч қадай ҳаракатларни амалга оширмади”, дейилади G7 баёнотида.
XS
SM
MD
LG