Линклар

Славянскда ЕХҲТнинг гаровдаги кузатувчиларидан бири озод қилинди


Славянскка гаровдаги кузатувчиларни озод қилиш бўйича музокара ўтказиш учун келган ЕХҲТ вакиллари, 2014 йилнинг 27 апрели.

Славянскка гаровдаги кузатувчиларни озод қилиш бўйича музокара ўтказиш учун келган ЕХҲТ вакиллари, 2014 йилнинг 27 апрели.

ЕХҲТнинг Славянск шаҳрида россияпараст жанггарилар томонидан гаровга олинган саккиз нафар ҳарбий кузатувчисидан бири озод бўлди.

Айирмачилар матбуот котиби Стелла Хорошева озод қилинган швециялик кузатувчи қанд касали борлиги туфайли қўйиб юборилганини маълум қилди.

25 апрель куни Славянскда айирмачилар Германиянинг тўрт нафар, шунингдек, Дания, Швеция, Польша ва Чехиянинг бир нафардан вакилини қўлга олганди.

Ўшандан буён гаровда ушлаб турилган ЕХҲТ кузатувчилари кеча журналистлар билан учраштирилган. Ўзини Славянск шаҳри ҳокими деб эълон қилган Виталий Пономарёв журналистлар билан учрашув чоғида гаровда тутиб турилган халқаро кузатувчиларни “ҳарбий асирлар”, деб атаган.

Пономарёв гаровдаги халқаро кузатувчилар Киев ҳукумати ҳибсга олган россияпараст айирмачиларга алмаштирилишини қайд этган.

27 апрель куни Славянскка етиб келган ЕХҲТ вакиллари гаровдаги қолган кузатувчиларни озод қилишга уринмоқдалар.
XS
SM
MD
LG