Линклар

logo-print

“Бирдамлик” ҳаракати АҚШда қурултой ўтказди


"Бирдамлик" асосчиси Баҳодир Чориев яна ҳаракат раиси этиб сайланди.

"Бирдамлик" асосчиси Баҳодир Чориев яна ҳаракат раиси этиб сайланди.

Шу йилнинг 26-27 апрель кунлари АҚШнинг Миссури штати Сент-Луис шаҳрида “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг илк қурултойи бўлиб ўтди. Ҳаракатнинг Ўзбекистон ичида қурултой ўтказиш уринишлари аввал натижа бермаганди.

Сент-Луисдаги қурултойда Ўзбекистон ташқарисида истиқомат қилаётган мухолиф қарашдаги йигирма чоғли ўзбекистонлик иштирок этди.

Нозўравон кураш йўлини танлаган “Бирдамлик” қурултойида Баҳодир Чориев яна бир овоздан ҳаракат лидери этиб сайланди. Uznews.net нашри хабарига кўра, “Бирдамлик” асосчиси Чориев раисликка, ўзининг таассуфли эътирофича, муқобил номзодларсиз сайланган.

Чориев ўз сўзида ҳаракат фаолияти тўғрисида имкон қадар кўпроқ ўзбекистонликни хабардор қилиш, бу каби тарғибот ишларини айниқса мамлакат хорижида меҳнат муҳожирлигида юрган кишилар орасида жонлантириш лозимлигини қайд этган.

Қурултойда сўзга чиққанлар Ўзбекистондаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазият бўйича ўз танқидий қарашлари билан ўртоқлашганлар.

Хусусан, “Бирдамлик” фаоли Ботир Норбоев нозўравон кураш усулининг қийин бўлса-да, афзал жиҳатлари ҳақида тўхталган.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими Шермамат Абдуллазода эса президент ваколатларини чеклаш бўйича мамлакат конституциясига киритилган яқиндаги ўзгартишларнинг биронтасига ҳам ишонмаслигини баён этган.

Собиқ сиёсий маҳбус Ёдгор Турлибеков Каримов ҳокимияти Ўзбекистон халқини оёқости қилганидан баҳс этган.

Ҳаракат фаолларидан Нигора Олимова эса ўз сафдошларини Ўзбекистондаги аёллар ва болалар вазиятига алоҳида эътибор билан қарашга даъват этган.

“Бирдамлик” қурултойи ўтаётган пайтда у Youtube портали орқали бевосита намойиш этиб турилди.

Қуйида қурултойнинг 26 апрель кунги йиғинидан бир қисмини томоша қилишингиз мумкин:

Ҳаракат фаоллари уринишларига қарамай, қурултойда “Бирдамлик”нинг Ўзбекистондаги аъзоларидан биронтаси ҳам иштирок этолмаган. Бунга ўзбек расмийлари томонидан қўйилган сунъий тўсиқлар сабаб экани айтилмоқда.

Дунёвий мухолифатчиликни иддао қилувчи “Бирдамлик” ҳаракатига қарийб ўн йил муқаддам қашқадарёлик тадбиркор Баҳодир Чориев томонидан асос солинган. Ҳаракат фаолларининг 2009 йили Чориев Ўзбекистонга борганда қурултой уюштиришга уринишлари муваффақиятсиз якунланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG