Линклар

logo-print

Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида кўрсатилажак хизматлар нархи эълон қилинди


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайтида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ҳамда пойтахтда жойлашган республика марказлари, клиникалари ва стационар муассасаларида пуллик асосда кўрсатилаётган асосий диагностик, лаборатор ва инструментал текширувлар нархлари прейскуранти эълон қилинди. Айрим фуқаролар буни қулайлик деб атаётган бўлса, пенсионерлар тиббий хизмат текин бўлиши лозимлигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 апрель куни Интернетдаги ўз сайтида Тошкентдаги 16 та тиббиёт муассасасида пуллик асосда кўрсатилаётган тиббий хизматлар нархини эълон қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг пуллик хизмат ташкил этиш маркази раҳбари Абдували Ағзамов Озодлик билан суҳбатда тиббий хизматлар прейскурантини эълон қилишдан мақсад фуқароларга қулайлик яратиш, уларнинг хабардорлигини оширишдан иборат эканини айтди.

- "Фуқароларнинг соғлигини сақлаш тўғрисида"ги қонунда ҳам, "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунда ҳам беморларнинг ҳуқуқлари бор. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида нарх-наволар бўйича уларнинг хабардорлигини таъминлаш мақсадида қилинди бу иш. Масалан, фуқаро бирор-бир тиббий муассасага бориб, ўзини текширтирмоқчи. Биз сайтга жойлаштирган прейскурантлар аҳолининг энг кўп эҳтиёжи бўлган, энг кўп учрайдиган анализлар ёки хизмат турларини ўз ичига олган. Ҳамма хизматлар эмас. Асосий мақсад - беморларнинг хабардорлигини ошириш, - деди вазирлик расмийси.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида эълон қилинган пуллик хизматлар нархлари ҳамма тиббий муассасалар томонидан тасдиқланган ва юқори идоралар, яъни Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарафидан маъқулланган.

Озодлик тингловчилари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимида коррупция кенг тарқалгани, айниқса, шифокорлар бемордан таъмагирликнинг турли йўллари билан пул олмагунча яхши муолажа қилмаслигидан шикоят қилиб келади.

Абдували Ағзамов Озодлик билан суҳбатда пойтахтдаги тиббиёт муассасаларида кўрсатиладиган пуллик хизматлар прейскурантини эълон қилишдан кўзланган яна бир мақсад тиббиёт соҳасида коррупцияга қарши курашишдан иборат эканини ҳам қайд этди.

- Агар биз фуқароларимизни тиббиёт тизимида ўтказилаётган ислоҳотлардан, жумладан, тиббиёт муассасаларидаги нарх-наво тўғрисидаги хабардорлигини оширсак, нарх-навони билганидан кейин ўз ҳуқуқини ҳимоя қилади ва тиббиёт ходимлари томонидан таъмагирлик ҳолатларини олдини олиш учун ҳам асос бўлади. Чунки фуқаро тиббий хизмат неча пул туришини билади. Врач ёки ҳамшира уни алдай олмайди. Фуқаро ўз ҳуқуқини билганидан кейин тиббиёт ходими таъмагирлик қилолмайди, - дейди вазирлик расмийси.

Ағзамовнинг таъкидлашича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ушбу амалиётни Ўзбекистоннинг барча вилоятларига татбиқ этиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Тошкентлик Манзура опа Озодлик билан суҳбатда пойтахтдаги тиббий муассасалардаги хизмат нархларининг эълон қилингани ўзи каби тиббий хизматдан фойдаланувчиларга қулайлик яратишини айтди.

- Касалхонага ёки поликлиникага борадиган бўлсак, неча пул харажат қилишимизни билмас эдик. Энди ҳамма нарх-навони билиб, тиббий хизматдан фойдаланишга олдиндан тайёр бўлиб борамиз. Илгари нарх-наво бир жойда қиммат бўларди, бошқа жойда арзонроқ бўларди. Агар ҳамма жойда бир хил нарх бўлган бўлса, яхши бўлибди, - дейди Манзура опа.

Бироқ тошкентлик Ғаффор ака пойтахтдаги тиббий муассасаларда кўрсатилаётган хизматлар учун ўзи каби пенсионерлардан ҳақ ундирилишини ножоиз, деб билади.

- Конституцияда медицина ҳақида нима деб ёзилган? Менга ўша давлатникини қойил қилиб қўйсин. Пенсионерни пулликка бормайдиган қилиб қўйсин. Бу самара ҳам бермайди, деб ўйлайман. Биринчидан, ҳамма Интернетга кириб, нархни кўришни билмайди. Менинг ёшимдагиларнинг 90 фоизи Интернетдан фойдаланишни билмайди. Ўша нарсанинг менга фойдаси тегмайди, - деди тошкентлик пенсионер Ғаффор ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG