Линклар

Ўзбекистонда дабдабали тўйларга қарши президент фармонига зид тарзда катта тўйлар ўтказилаëтгани кузатилмоқда. Иосиф Кобзон¸ Наргиза Зокирова ва Юлдуз Усмонова иштирокида Тошкентда ўтган никоҳ тўйи чекловларнинг ҳаммага оид эмаслигини кўрсатди.



Ўзбекистонда “криминал авторитет” дея танилган 64 яшар таниқли тадбиркор Салим Абдувалиев неварасининг Тошкентда ўтган никоҳ тўйига Ўзбекистонда концерт фаолияти расман тақиқланган рус-совет қўшиқчиси Иосиф Кобзонни олиб келди.

Совет ўтмишини улуғловчи қўшиқлар ижро қилгани боис Иосиф Кобзоннинг 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистонда концерт уюштириши Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазирлиги тарафидан тақиқланган.

Кобзонинг ўзи бу таъқиқ орқасида Совет пропагандасидан масофаланишни истаган Ўзбекистон президенти турганини матбуотга билдирган эди.

Салим Абдувалиевнинг невараси 22 яшар Малика Абдувалиева ҳамда Рафаел Зиëмуҳаммедовларнинг "Осиë-Гранд" саройидаги никоҳ тўйи Россия эстрада юлдузларинг фестивалига айланди¸ деб билдирди исми сир қолишини истаган тўй қатнашчиси.

Манбага кўра¸"Осиë- Гранд" тўйхонасида бўлиб ўтган тўйда Россиядаги путинпараст "Ядиная Россия" партияси фаоллари гавжум бўлган.

Келин-куëвнинг синфдош бўлгани ва Салим Абдувалиев тавсияси билан февраль ойида патир ушатилиб, тўйга фотиҳа берилгани ҳам манбамизга аëн бўлди. Куëвнинг отаси, яъни Салим Абдувалиевнинг янги қудаси 58 ёшли Ҳусан Зиëмуҳаммедов исмли криминал авторитет экани айтилмоқда.

Озодлик манбасига кўра¸ қуданинг Дубайда уйи бор. Абдувалиевлар оиласига яқин манбага кўра¸ келин-куëв бол ойини Дубайда ўтказади. Бошқа манба эса келин куëвнинг Дубайга бутунлай кўчиб кетиши ҳақида билдирди.

Суҳбатдошга кўра¸ Иосиф Кобзон якшанба куни Салим Абдувалиевнинг тўйида СССР ва Россияни улуғловчи ватанпарварлик қўшиқларни ижро қилган.

- Тўйда янграган совет қўшиқларидан тўйхонадаги ëшлар зерикди¸ чол кампирлар хурсанд бўлди бу қўшиқлардан,- дейди суҳбатдош.

Салим Абдувалиев неварасининг тўйида россиялик опера ва поп ҳофизи Николай Басков ҳам қўшиқлар ижро қилгани билдирилди.


​Шунингдек ўзбекистонлик криминал авторитет тўйини қутлаш учун Россиянинг биринчи канали раҳбарларидан бири¸ шоумен Валдис Пельш келган.

Тўй қатнашчиларининг Озодликка жўнатган фотосуратларида рус эстрада юлдузларининг Салим Абдувалиевни олқишлаëтгани акс этган.

Тўй тантаналарида Россия қахрамони¸ Россия давлат думаси депутати Александр Карелин иштирок этгани билдирилди.


Бундан ташқари тўйда Фаррух Зокиров¸ Наргиза Зокирова¸ Юлдуз Усмонова ва Севара Назархонлар қўшиқ куйлагани билдирилди.
Россия тарғиботчилари Салимбойнинг азиз меҳмони

Россия тарғиботчилари Салимбойнинг азиз меҳмони


Салимбой – рус қўшиқчиларининг очил дастурхони

Салим Абдувалиев Россия матбуотида рус қўшиқчилари ва кино юлдузларини саҳийлик билан молиялаëтган саҳоватпеша сифатида гавдалантирилмоқда.
Россиялик қўшиқчи Филипп Киркоров “Экспресс газета”га берган суҳбатида эгнидаги барча кийимларни Салим Абдувалиев олиб берганлигини таъкидлаган эди.

Фотосуратлар билан тасдиқланган бу маълумотларга кўра, Киркоров ҳар ой Салим Абдувалиевдан кийим бошлар солинган посилка олиб туради.


Салим Абдувалиевнинг саҳийлигидан Николай Басков¸ Максим Галкин каби эстрада юлдузлари баҳраманд бўлганига оид маълумотлар бор.

Россияда клиплар суратга оладиган ўзбек режиссери исми сир қолиши шарти билан Озодликка баъзи маълумотларни берди.

Суҳбатдошга кўра, Россия юлдузлари Салимбойнинг уйига бориб келадиган карвон йўлига асос солишган.

- Буни ўзига хос тиламчилик деса ҳам бўлади. Масалан, Киркоров қабилидаги бирор артист мусиқий лойиҳамга спонсор керак деган идея билан Салимбойга мурожаат қилишади. Салимбой эса уларни қуруқ қайтармайди. Масалан, Фёдор Бондарчук фильм оламан деб икки ой Салимбойнинг дачасида яшаганини биламан. “9-рота” фильмини олишда Салимбойнинг роли катта бўлган. Бу кинонинг Қримдаги эпизодларини Салим Абдувалиев молиялаган¸- дейди суҳбатдош.


Салим Абдувалиев ўз устози Олимжон Тўхтаохунов бошлаб берган рус қўшиқчиларига саоҳоватпешалик эстафетасини давом эттиргани айтилади.

"Тайванчик" лақаби билан танилган Олимжон Тўхтаоҳуновнинг Алла Пугачева¸ София Ротару каби юлдузларни молиявий қўллаб-қувватлгани яқинда Россия телеканалида намойиш қилинган "Кураж" бадиий филмьмида ўз аксини топган.


Рус қўшиқчилари ўзбек бойлари тўйининг тўрида

Рус қўшиқчиларини тўйга олиб келиш Россия телеканаллари таъсирида бўлган ўзбеклар орасида урфга айлангани кузатилади.

2012 йилнинг сентябрида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов жиянини уйлантирганида Филипп Киркоров тўйда бошдан оëқ қатнашган эди.

Шунингдек бу тўйда Игорь Крутой¸ Генадий Хазанов каби рус эстрадаси вакиллари ва академик Артур Чилингаров дохил ҳўжакўрсин “тўй генераллари” иштирок этган.


Алишер Усмонов ташкил қилган тўй Ўзбекистонда дабдабали тўйларга қарши янги кампания бошланган 2012 йилда ўтказилгани¸ чекловларнинг ҳаммага оид эмаслигини кўрсатган эди.

2012 йилда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши "тўй ҳашамлар ва маракалар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида" қарор қабул қилган эди.

Тошкент шаҳар кенгаши тўйлардаги ортиқча ҳаражатлар ва дабдабанинг олдини олиш учун чиқарган қарорига кўра, тўйлар маҳалла комиссияси назорати остида қуюшқондан чиқмасдан ўтказилиши лозим.

Бундан ташқари Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво чиқариб “дабдабали ва исрофгар тўйларнинг мусулмон учун ножоизлигини” таъкидлган эди.

Дабдабали тўйлар матбуотнинг танқидига учрай бошлаган бўлса-да, орзу ҳавас қилиб, рус эстрада юлдузлари иштирокида овозаси етти иқлимга кетадиган тўй қилиш орзусида бўлганлар кўпайгани айтилади.

Айни пайтда, президент фармони ҳам, мамлакат мусулмонлар идорасининг фатвоси ҳам тўйларни тартибга келтира олмаётгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG