Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:12

Самарқандда "Динамо" клуби фанатлари "Пахтакор" ва мелисани тошбўрон қилди


Самарқанд шаҳрида "Динамо" ва "Пахтакор" футбол клублари ўртасидаги ўйиннинг сўнгги сонияларида урилган голдан норози бўлган самарқандлик футбол фанатлари меҳмон клуб аъзоларию шаҳар милициясини тошбўрон қилди. Самарқанддан олинган маълумотларга кўра, норозилар "Пахтакор" ўйинчиларини бир соатгача стадиондан чиқармаган ва милиция юзлаб ишқибозга сув пуркаб, уларни тарқатишга аранг эришган. Жароҳатланган ва ҳибсга олинганлар ҳақида аниқ маълумот берилмади.



Самарқанд шаҳридаги "Динамо" стадионида 26 апрель куни кечки пайт бўлиб ўтган футбол ўйини самарқандлик ишқибозларнинг Тошкентдан борган меҳмонлар ва уларни қўриқлаган ИИБ ходимларини тошбўрон қилиши билан якун топди.

Олий лиганинг 6-тури доирасида Самарқандда беллашган "Динамо" ва "Пахтакор" футбол клублари ўртасидаги ўйиннинг сўнгги 90+4-, баъзи манбаларда эса 90+6-, яна баъзиларида 90+8-дақиқасида урилган гол жамоалар ўртасидаги дурангни "Пахтакор" фойдасига 2:1 га етказди.

Аммо, шу сўнгги гол "Динамо" клуби ашаддий ишқибозларининг эътирозига сабаб бўлди ва ўйин тугагач, ғазабнок ишқибозларнинг бир неча юз кишилик гуруҳи "Пахтакор" ўйинчиларини стадионига қамаб қўйди.

Ўйинни томоша қилган самарқандликлардан бирининг Озодликка айтишича, ишқибозлар футболчиларга қўшиб шаҳар милицияси ходимларини ҳам тошбўрон қилган ва милиция норозиларни тарқатиш учун сув пуркагични ишга солишга мажбур бўлган.

- Биз узоқдан кўришга ҳаракат қилдик. Томошабинлар ҳакамлар ва ўйинчилар чиқиш жойига тўпланиб, тўполон кўтарди. Кейин улар тош отишни бошлади. Кейин милиционерлар уларни қайтаришга ҳаракат қилди. Лекин, томошабинлар милиционерларгаям тош отишни бошлади. Кейин ўт ўчирувчи машиналар билан томошабинларга сув сепишни бошлади. Стадионда 10 минг томошабин келган бўлса, шунинг беш минги ўша тўполон бўлган жойда эди, мен ўзим кўрдим,- дейди самарқандлик ишқибоз.

Унинг айтишича, милиция ходимлари норози футбол ишқибозларига нисбатан куч қўллаганини у кўрмаган, аксинча ИИБ ходимлари норозиларни тезроқ тарқатиб, тошкентлик меҳмонларни соғ-омон стадиондан олиб чиқишга уринган.

Шунга қарамасдан, бу тўполонда бир неча киши жароҳатлангани, маҳаллий фанатлардан ўнга яқини қисқа муддатга Самарқанд шаҳар ИИБга олиб кетилгани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Жумладан, "Одноклассники" сайти орқали муносабатини йўллаган ишқибозлардан бири ёзган шарҳда: "Тошкент командасига ён босишларидан шу можарони килишди, автобус бир соат жойидан кузгалди , тошбурон килишди, милисаларни, автобусни, охири пожарный келиб сув сепишни бошлади, Мухлисларни важохати жуда ёмон эди ( стадион ёнига Пиво завод жойлашгани хам яхши рол уйнади),... Нечта боллармизни ментлар олиб кетишди...", дейилди.

Самарқандда бўлган футбол ўйинидан кейинги манзара акс этган яна бир шарҳда эса: "IIB xodimlari bilan esa haqiqiy urush boshlanib ketdi. Odamlar IIB xodimlari va ularning mashinalariga qarata qo'liga ilshgan narsalarni uloqtirishdi. odamlarni esa faqatgina o't o'chirish avtomobillaridan sepilgan suvgina qaytardi. dinamo muxlislari ancha vaqtgacha ko'chada namoyish qildilar. Ko'chalarda mashinalar harakatini to`sib qo'ydilar. IIB hodimlarining o'z ish joyiga qaytayotgan kalonnalarini bemani qiliqlar va haqoratli so'zlar bilan kuzatib qo'ydi", дейилди.

Самарқанд шаҳар ИИБ ва "Динамо" футбол клуби маъмурияти жароҳатланганлар ва қўлга олинганлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқламадилар. Шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мутасаддиси: "Бирпасда тарқатдик ҳаммасини. Ҳеч ким ушлангани йўқ, ғирт ёлғон у информация", деб жавоб берди.

Самарқанд шаҳар футбол клубининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси, Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда, 26 апрель кунги ўйиндан кейин бўлган тошбўрон у ўз тажрибасида гувоҳ бўлган илк катта тўполон эканини тан олди.

Унинг айтишича, бу жанжалга "ҳакамнинг тошкентлик футболчиларга ошкора ён босгани" сабаб бўлган. Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўйинга қисқагина муносабат билдирган расмий: "Тасаввур қилинг, 5 минут қўшиб берилган, лекин 98 дақиқада гол уриляпти. Энди "Пахтакор"да бу, нима дейсиз!" дея натижадан норозилигига ишорат қилди.

26 апрель кунги ўйин ҳақида хабар берган расмий манбалар, хусусан, "Пахтакор" жамоаси расмий сайти Егорь Кримец томонидан урилган ғалаба тўпининг вақтини 90+4 деб бермоқда.

Аммо, "Динамо" футбол клуби расмий сайтида сўнгги голнинг урилган вақти 90+6, Stadion.uz сайтидаги хабарда эса 90+8 деб берилди. Кўриниб турибдики, Самарқанд футбол клубини мағлубиятга маҳкум қилган сўнгги голнинг урилган вақти устида жиддийгина баҳс бор.

Ўйинни томоша қилган самарқандлик ишқибоз ҳам Озодлик билан суҳбатда баҳсли тўп 97-дақиқада урилди, деб даъво қилди:

- Биз ўзимиз кўриб турдикку, "Динамо"нинг мураббийси Равшан ака ҳам ўйиннинг чўзилиб кетганидан норозилигини кўриб турдик. Одамлар ҳакам Марат Исмоиловдан норози бўлди, тўғриси,- деди самарқандлик ишқибоз.

Айни пайтда ўзбекистонлик спорт шарҳловчилари ва футболни ёритаётган журналистлар Самарқанд ва Тошкент футбол ишқибозлари ўртасидаги муносабатни янада таранглаштирган сўнгги ўйин натижалари устида ижтимоий тармоқлардаги баҳсларини давом эттирмоқда.

Самарқанд шаҳрида "Динамо" ва "Пахтакор" футбол жамоалари ўртасида ўтган ўйин Олий лига, 6-тури доирасида бўлди. Ўзбек футболини ёритаётган қатор расмий сайтларда берилишича, Олий лига доирасида бу икки жамоа 40 маротаба беллашган. Бу беллашувларнинг 31 тасида "Пахтакор", 4 тасида "Динамо" ғалаба қозонган. Қолган ўйинлар эса дуранг натижа билан якунланган.
XS
SM
MD
LG