Линклар

logo-print

Олтиариқ туманида узумларни совуқ урди


Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида кесиб ташланган узум кўчатлари.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида кесиб ташланган узум кўчатлари.

Бу йил Ўзбекистонда қиш қаттиқ келгани боис айрим вилоятларда анор, анжир ва узумларни совуқ урди. Фарғона вилоятидаги мухлислардан бири Озодликка Олтиариқ туманида узумларнинг қарийб 80 фоизини совуқ ургани боис деҳқонлар узум кўчатларини кесиб ташлаганини гапириб берди.



Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида узум етиштириш билан шуғулланадиган Юсуфберди, Озодлик билан суҳбатда, бу йил қиш қаттиқ келиб ҳаво ҳарорати -20 даражадан пасайгани боис тумандаги кўмилмаган узумларнинг қарийб 80 фоизи қуриб қолганини, айтди.

- Бу йил қиш қаттиқ келди. Узумларга таъсир қилди. Узумларни совуқ олди. Мисол, Олтариқда 20 фоиз жойда узум бор, қолган жойларида узумларни совуқ урди. 5-10 сотиҳли, катта боғлардаги узумларни совуқ урди. Янги кўмилмаган узумларнинг ҳаммаси совуқ уриб кетди. Кўмилган узумлар соғ. Центр террирориясида узум кўп эмас, ўртача. Чўл томонларда, дала томонларда узумларни соқув уриб кетди. Фарғона каналининг паст томонида умуман узум йўқ,- дейди Юсуфберди.

Унга кўра, ҳозирда деҳқонлар ўз томорқа ва боғларидаги қуриб қолган узум кўчатларини кесиб ташламоқда.

Лекин Ўзбекистонда бу йилги қиш мавсуми нисбатан совуқ келганига қарамай, баъзи вилоятларда аҳвол Олтиариқчалик аянчли эмас.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги агроном Иброҳим Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда ўзи яшайдиган ҳудудда ҳаво ҳарорати -30 даражагача пасайган бўлса ҳам узумлар сақланиб қолган.

- Совуқ урмади. Бизда узум, ўрик, шафтоли ҳаммаси гуллади. Узум ҳосили ҳам яхши,- деди тўрткўллик агроном.

Бироқ Иброҳим Йўлдошев қиш совуқ келгани ҳисобига узум пишиғи одатдагидан икки ҳафтага кечикаётганини қўшимча қилди.

Узум етиштиришга иқтисослашган Тошкентдаги "HUMSAN AGRO FRUIT" фермер хўжалиги раиси Саидазим Саитов Бўстонлиқ туманидаги тоғ этагида жойлашган фермер хўжалиги ерларидаги узумларни совуқдан омон чиққани, бироқ Тошкентдаги ховлисига эккан узумини совуқ урганини айтди.

- Тоғли жой бўлгани учун қор тушганидан кейин қорнинг тагида ётаверади. Икки кун олдин кўриб келдим. Узумлар жуда яхши кўкарган. Айрим жойларда узумни совуқ урган. Мисол учун Тошкентдагидаги ховлимда узум бор. Ярмини совуқ урган. Бўстонлиқ туманидаги узумлар қишдан жуда яхши чиққан,- деди "HUMSAN AGRO FRUIT" фермер хўжалиги раиси Саидазим Саитов.

Олтиариқ Фарғона водийси ҳамда Тошкент бозорларига узум етказиб берадиган минтақа ҳисобланади ва у ерда хўл мевани совуқ уриб кетгани узумнинг бозордаги нархини ошириб юбориши мумкинлиги айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG