Линклар

Чехия мусулмонлари жума намозини бўлган рейдга масъулларни судга бермоқчи


Праганинг "Чёрный мост" мавзеидаги масжидда жума намозини бўлиб кирган полиция махсус кучлари рейди акс этган видеодан олинган сурат.

Праганинг "Чёрный мост" мавзеидаги масжидда жума намозини бўлиб кирган полиция махсус кучлари рейди акс этган видеодан олинган сурат.

Прага шаҳрининг маркази ва "Чёрный мост" мавзеидаги икки масжидда жума намозини бўлиб кирган полициячилар рейди ва сўнгра рейдда қурол-яроғ топилгани ҳақида нотўғри ахборот берган маҳаллий матбуотдан норози Чехия мусулмонлари жамоаси судга шикоят қилмоқчи. Ҳодисадан сўнг махсус комиссия тузган мусулмонлар адвокат ёлладилар ва социал тармоқларда петиция эълон қилдилар.


Мунир ар-Ровий: Ҳақларимиз ҳимояси учун махсус ҳайъат туздик

Чехия республикасидаги мусулмонлар жамоаси 25 аперль куни жума ибодатига намозхонлар йиғилган икки йирик масжидда ўтказилган полиция рейди чоғида уларнинг эътиқод эркинлигига оид ҳуқуқлари поймол этилганидан норози бўлмоқдалар.

"Чехия мусулмонлари" жамоат бирлашмаси президенти Мунир ар-Ровий жума ибодатидан маҳрум этилган мусулмонлар ўз ҳақлари ҳимояси учун махсус ҳайъат тузганини айтди.

- Бу Чехиядаги мусулмон жамоалар вакилларидан иборат махсус ҳайъатдир. Ҳайъат адвокатлар ёллади. Ҳозир адвокатлар бу ҳодисада мусулмонлар ҳуқуқлари поймол этилганини қонуний асослайди ва сўнгра биз ҳаракатга кўчамиз, - деди Мунир ар-Ровий.

У мусулмонларни жунбушга келтирган жума кунги полиция рейди ва унинг матбуотда ёритилиши чоғида иккита ҳуқуқбузарлик - мусулмонларни ибодатдан маҳрум қилиш ва уларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи нотўғри ахборот тарқатиш ҳаракатлари содир этилгани аниқ, деб таъкидлади.

- Агар изланаётган нарса ноқонуний адабиёт бўлса, нега рейдни айнан мусулмонлар учун муҳим бўлган жума ибодати пайтига мўлжалладилар, бошқа вақтни танламадилар? Бу эътиқод эркинлигининг очиқдан-очиқ пооймол этилишидир. Prima телеканали эса қурол-яроғ, граната ва қўлбола портловчи мосламалар топилди, деб ёлғон ахборот тарқатди, яъни Прага мусулмонлари жамоасига туҳмат қилди. Биз бу ҳуқуқбузарликлар учун қонуний асосда жавоб берлишини талаб қиламиз, - дея таъкидлади Чехия мусулмонлари жамоаси етакчиси.


Чехия ИИВ: Полициянинг бу ҳаракати тафтиш қилинади

Нафақат Чехия, балки унга қўшни Германия, Австрия, Венгрия мусулмонлари жамоаси томонидан норозилик билдирила бошлаган воқеа хусусида журналистларга изоҳ беришга мажбур қолган Чехия Ички ишлар вазири Милан Хованец 29 апрель кунги баёнотида полициянинг ҳаракати тафтиш қилинишини маълум қилди.

IDnes.cz нашрининг ёзишича, вазир полиция ҳаракатини "номувофиқ" деб баҳолаган.

Аммо бундай ҳаракатга полиция ва прокуратура ходимларини мажбур қилган "зарурат" борлигини вазир жаноблари эҳтимолдан соқит қилмаган.


Чехия полицияси: Рейдни махсус жума кунига режаладик

Ушбу рейднинг Исломда фарз амаллардан бири бўлган жума кунги оммавий ибодат вақтида ўтказилгани сабабини эса Чехия полицияси матбуот котиби Павел Ҳантак шундай изоҳлади:

- Биз бунинг учун бошқа вақтни танлай олмас эдик, чунки асосий вазифамиз максимал даражада кўп маълумот йиғишдир. Жума кунги амалиётни ўтказиш пайтида биз унга тортилган ва тортилмаган шахслар, шунингдек, уларнинг эътиқод эркинлигига максимал даражада эътибор қилдик ва ҳозир ҳам эътибор қилаяпмиз, - деди Чехия полицияси матбуот котиби Озодлик билан суҳбатда.

У мамлакатда оммабоп бўлган Prima телевидеси журналисти томонидан тарқатилган қурол-яроғ топилгани хусусидаги маълумотни қатъиян рад этди.

- Амалиёт ўтказилишига ягона сабаб - жиноий ҳаракатга асос бўлгани гумон қилинган китобнинг чиқарилиши ва тарқатилишини анилашдир. Матбуот воситаларида берилган бошқа маълумотларни полиция тасдиқламайди, - деди Павел Ҳантак.

У бу китобни чиқариш ва тарқатишда гумон қилинган Чехия фуқароси қўлга олингани ва қисқа муддатдан сўнг озод этилгани ҳақида чех матбуоти берган маълумотларни тасдиқлар экан: "Суриштирув ишлари давом этаяпти", деб қўшимча қилди.

Айбсизлик презумпцияси боис исми очиқланмаётган бу шахснинг бир неча йиллар муқаддам ислом динини қабул қилган чех миллатига мансуб шахс экани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Бу шахс тарқатгани гумон қилинган ва антисемитик, экстремистик руҳда экани айтилган китобнинг номи "Тавҳид" экани ва бу китобнинг асл муаллифи Қатарлик салафий уламо Билол Филипс экани маълум қилинган.


Prima-TV: "Катта миқдорда қурол-яроғ топилди"

Чехияда оммабоп бўлган Prima-TV телеканали журналисти 25 аперль кунги полиция рейдини Марказий масжид дарвозаси остидан туриб, жонли ёритди.

Жонли ахборот дастурида исми Матей Рихлей, деб тақдим қилинган журналист хабарлари орасида масжиддан қурол-яроғ топилгани ҳақида хабар берди:

"Маълум бўлишича, бу китоб боғлиқ ҳодисалар аслида юзада турган бир сабаб, холос. Чунки, полициячилар катта миқдорда қурол - автомат, граната ва портловчи мосламаларни топишган", дейди жонли эфирда воқеа жойидан хабар берган ва бошловчилар томонидан Матей Рихлей, деб тақдим қилинган журналист.

Чехия полицияси бу маълумотни қатъиян рад этди. Шунингдек, матбуотда 15 киши ҳисбга олингани ҳақидаги маълумотни ҳам полиция инкор қилинди. Расмий маълумотга кўра, бир киши ҳибс қилинган ва қисқа муддатдан сўнг қўйиб юборилган.

Озодлик мухбири хабарни тарқатган журналист билан боғланишга уринди, муваффақ бўлмади. Телеканал маъмурияти ҳам бу ҳақда ҳали бирор изоҳ бермади. Жавобсиз қолаётган бу ҳаракат прагалик мусулмонларнинг норозилигини кучайтирмоқда.


Прагалик мусулмон: Рейд қўпол қонунбузарлик билан ўтказилди

Прагада бир неча йиллардан буён яшаётган россиялик ишбилармон Зайниддин рейд чоғида шаҳар марказидаги масжидда бўлгани ва полиция ходимлари томонидан мусулмонлар ҳуқуқлари бузилди, деган хулосага келганини айтади.

- Бизнинг ибодатимизни бўлиб киришди, биринчидан. Иккинчидан, назаримда китоб қолиб, намозхонлар ҳужжатларини текшришига ўтиб кетишди. Соатлаб бошимизни ерга қадаб, ҳаракатсиз ўтиришга мажбур қилишди. Ҳаммаси жиноий ҳаракатга асос бўлиши гумон қилинган бир китобни қидириш учунми?! Муҳими, ҳужжатини кўрсатган германиялик намозхон ва элчихоналар ходимлари узр сўраб, чиқариб юборилди. Булар "Учинчи дунё давлатлари" деб ажратадиган постсовет давлатларидан борган мусулмонлар паспортини кўрсатса ҳам ҳеч бир асос тақдим қилинмаган ҳолда соатлаб ушлаб турилди, - дейди Прага марказидаги масжидда 4 соат полиция қамалида қолган ишбилармон Зайниддин.

Ушбу рейдда Индонезия фуқароси, Индонезия элчисининг биринчи котибининг жума намозини адо этишига тўсқинлик қилингани ва унга нисбатан қўпол муносабатда бўлинганидан норози бўлган элчихона 29 аперль куни Чехия ҳукуматига норозилик нотасини йўллади.


Smart-media ННТ: Мусулмонлар жамоаси ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз

Чехияда муҳожирлар, миллий, диний ва жинсий озчиликлар ҳимояси билан шуғулланувчи Smart-media нодавлат ташкилоти раҳбари Зулфия Худойбердиева чехиялик мусулмонларни норози қилган ҳамда уларнинг хавфсизлигига таҳдид ўлароқ баҳоланаётган бу ҳодисадан кейинги вазиятдан хавотирда эканини айтади.

- Рейд ва у ҳақда нотўғри ахборотнинг тарқатилиши мусулмонлар жамоасини норози қилиш билан бирга маҳаллий аҳолида мусулмонларга қарши кайфиятни кучайтиради. Бу жуда хавотирли вазият. Ҳозир биз ўз ташкилотимиз доирасида адвокатлар билан айни вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш ва масаланинг ҳуқуқий ечимини топишга уринаяпмиз. Афсуски, бу мамлакатда мусулмонлар жамоаси камситилишига оид илк ҳолат эмас, - дейди ҳозир Чехияда ннодавлат ташкилотлардан бирига раҳбарлик қилаётган ўзбекистонлик фаол Зулфия Худойбердиева.


Чехия Европанинг энг атеист давлатларидан бири

2011 йилда ўтказилган аҳоли ҳисоб-китоби чоғида чехияликларнинг 34,2 фоизи ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслигини айтган, 45,2 фоизи эса бу саволга жавоб бермасликни афзал кўрган. Жами аҳоли сони 10 миллион 512 минг кишидан ошиқроқдир.

Чехиядаги мусулмонлар саноғига оид 2007 йилда берилган сўнгги расмий маълумотда уларнинг сони 12 минг экани айтилади. Сўнгги норасмий маълумотларда эса 20 минг, баъзиларида 50 минг киши, деб келтирилади.

Европанинг диндорлар энг оз бўлган бу мамлакатидаги илк исломий ташкилот - айнан баҳс-мунозарали рейд ўтказилган "Чёрный мост" мавзеидаги масжид - 1991 йилда очилган Ислом жамғармаси ҳисобланади.

Узоқ йиллар масжид очишга рухсат берилмай келган Чехияда илк масжид 1998 йилда Брно шаҳрида, яна бири эса ярим йил сўнгра эса Прага шаҳрида очилган. Шунингдек, Чехия мусулмонларга масжид учун алоҳида бино қуришга узоқ вақт рухсат берилмай келган давлатлардан бири ҳамдир.

Ҳозир Чехияда жами 5 та маскан амалда масжид сифатида фаолият юритмоқда. Булардан бири Брно шаҳрида, 4 таси эса Прагада.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG