Линклар

logo-print

Тошкент бозорларида баҳорги гавжумлик кузатилмоқда. Баъзи мавсумий маҳсулотларнинг бозорга кириши, айрим маҳсулотларнинг эса камайиши нархларга ўз таъсирини ўтказаяпти.


Бозорларга қулупнай ва довучча оралади

Қулупнай сотувчиси Саодат аянинг айтишича, апрель ойи охирларида янги қулупнай нархи жуда баланд бўлишига қарамай, харидор аримаёткан экан:

- Тўғрисини айтсам, қулупнайлар қиммат. Масалан, майдалари 11 000 – 12 000 сўмдан кетаяпти. Ўртачалари 20 000 атрофида, мундайроқ клиентлар келса, мана марҳамат - йириклари 30 000 дан бор. Худога шукур, савдо яхши, одамлар янгилик, деб олишяпти, деди Саодат ая.

Неъмат ота эса довучча сотиш билан машғул. Унинг айтишича, айни кунда савдо қизғин.

- Довучча Қашқадарёники. Туклисининг бир стакани 1 500 сўмдан. Килосини эса 12 000 сўмдан сотаяпмиз. Туксизи эса 2 000 сўм, килосини 15 000 сўмдан бериб юбораверамиз. Савдо яхши, кўз тегмасин. Буни ҳомиладор аёллар оилалари сўраб, кўп келиб туришипти, - дейди Неъмат ота.

Сабзининг нархи икки баробар ошди

Бозорларда қизил ва сариқ сабзи анчагина камайиб қолган, нархлари эса кўтарилган. Буни сабзавот сотувчи Ҳосилатхон қуйидагича изоҳлайди:
- Энди буни сақлашнинг ўзи осон эмас, ўраларда ивиб кетаяпти. Ўзи ҳар йили янги сабзи чиқиши арафасида шундай ошиб кетади нархи. Аввал 1000 – 1200 сўмдан сотаётган бўлсак, ҳозир 2 000 сўмга чиқиб кетди сабзининг нархи. Биз олибсотар бўлсак, қайси нархда олиб келишса, устига фойдамизни қуйиб сотаверамиз, - дейди Ҳосилатхон сабзи нархининг ошиши сотувчиларга боғлиқ эмаслигини айтаркан.

Янги картошка сафига янги пиёз ҳам қўшилди

Картошка шу кунда Тошкент бозорларида 3000 - 3500 сўм атрофида сотилмоқда. Янги пиёз нархи эса 2 000 сўмдан тушаётгани йўқ.


Тошкентнинг Юнусобод бозордаги маҳсулотларнинг дам олиш кунги нархи

Маҳсулот туриНархи
Мол гўшти (суякли) – 1 кг23 000 сўмдан 24 000 сўмгача
Мол гўшти (лаҳм) – 1 кг 26 500 сўмдан 27 500 сўмгача
Қўй гўшти – 1 кг25 500 сўмдан 27 500 сўмгача
Товуқ гўшти (брилло) – 1 кг9 500 сўмдан 11 500 сўмгача
Шакар – 1 кг2 800 сўм
Туз (йодланган) – 1 кг 1 100 сўмдан 1 200 сўмгача
Ўсимлик ёғи – 1 литр5 200 сўмдан 5 500 сўмгача
Ун (Олтин дон) – 1 кг 2 000 сўмдан 2 200 сўмгача
Сариёғ (ҳар хил турдаги) – 1 кг7 500 сўмдан 27 500 сўмгача
Картошка – 1 кг3 000 сўмдан 3 500 сўмгача
Сабзи – 1 кг2 000 сўм
Пиёз – 1 кг2 000 сўм
Гуруч (ҳар хил нав) - 1 кг3 500 сўмдан 6 500 сўмгача
Помидор - 1 кг8 500 сўмдан 9 000 сўмгача
Бодринг (Орзу) - 1 кг5 000 сўмдан 6 500 сўмгача
Тандир нон (шу жумладан, патир) - 1 дона700 сўмдан 3 500 сўмгача

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG