Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

Украина бўҳрони: ЕИ санкциясига учраган яна 15 россиялик рўйхати эълон қилинди


Россия армияси Бош штаби бошлиғи ген.В.Герасимов (ў) ва армия разведка хизмати бошлиғи ген.И.Сергун.
Россия армияси Бош штаби бошлиғи ген.В.Герасимов (ў) ва армия разведка хизмати бошлиғи ген.И.Сергун.
Европа Иттифоқи (ЕИ) Украинадаги бўҳронга алоқадор бўлгани учун санкция жорий қилинган яна 15 россиялик расмийнинг рўйхатини эълон қилди. Улар орасида Россия армияси генераллари, Қрим ҳукумати вазири, Украина шарқидаги шаҳарлар ҳокимлари ҳам бор. Бу билан ЕИ санкция жорий қилган россиялик амалдорлар сони 48 кишига етди.


Европа Иттифоқи (ЕИ) Украинадаги бўҳронга алоқадор бўлгани учун санкция жорий қилинган яна 15 нафар россиялик расмийнинг рўйхатини эълон қилди.

29 апрель куни эълон қилинган рўйхатда Россия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Валерий Герасимов ва Россия армиясининг разведка хизмати (ГРУ) бошлиғи генерал-лейтенант Игор Сергун ҳам бор.

ЕИ санкциясига учраган 15 нафар шахс орасида Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Козак, шунингдек, Қрим раҳбарлари, Украина шарқидаги россияпараст Луганск ва Донецк шаҳарлари ҳокимлари ҳам бор.

Европа Иттифоқи санкциясига учраган шахслар рўйхатига Россия президентининг Қрим бўйича махсус вакили Олег Белавенцев ва Қрим ҳукумати вазири Олег Савелев ҳам киритилган.

Европа Иттифоқи санкция жорий қилган россиялик амалдорлар рўйхатида икки аёл, Қрим мухтор республикасидан Россия Федерацияси кенгашига аъзо бўлган Ольга Коватиди ва Россия Давлат Думаси раиси ўринбосари Людмила Шветцова бор.

Москва янги санкцияга Европа Иттифоқи “уялиши керак” ва санкциялар Украинадаги вазиятни барқарорлаштиришда ёрдам бермайди, дея муносабат билдирди.

Сешанба куни эълон қилинган баёнотда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон “Украина шарқида хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани” хусусида хавотир билдирди.

Эштонга кўра, рўйхатдаги шахслар “Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенлиги ва мустақиллигига таҳдид солгани учун” уларга қарши санкция жорий қилинган.

Европа Иттифоқи санкциясига учраган шахсларга Иттифоқ ҳудудига кириш учун виза берилмайди ва уларнинг банкдаги ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилиши назарда тутилган.

Бу билан ЕИ томонидан санкция жорий қилинган россиялик ва россияпараст амалдорлар сони 48 кишига етди.

29 апрель куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида ЕИ Ташқи сиёсати бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Кочиянчич буларни айтди.

- Ушбу санкциялар аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилинди. Санкциялар аъзо давлатлар томонидан бажарилади, дея баён қилди Майя Кочиянчич.

28 апрель куни Қўшма Штатлар Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлган етти шахс, жумладан, Игорь Сечин ва уларга алоқадор бўлган 17 та ширкатга нисбатан санкциялар жорий қилди.

Давлатга қарашли Роснефть ширкати бошқарув кенгаши раиси Сечин Россияда президент Путиндан кейин иккинчи энг қудратли шахс сифатида кўрилади.
XS
SM
MD
LG