Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

Ўзбекистон қамоқхоналари маҳкумлар яқинлари учун қисқа муддатга ёпилди


Бухородаги "Отбозор" қамоқхонаси.
Бухородаги "Отбозор" қамоқхонаси.
Ўзбекистон Республикасидаги жами 52 та жазони ижро этиш муассасалари 15 майга қадар маҳкумларнинг яқинлари ва бошқа зиёратчилар учун ёпилди. Қамоқхона маъмурлари Ўзбекистонда 1-май - Фавворалар куни ва 9-май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кучайтирилган режим жорий қилинганини айтиб, минглаб километр йўл босиб келган аёллар ва кексаларни ортга қайтармоқда.


Сўнгги икки кун ичида Озодликка боғланаётган баъзи ўзбекистонликлар Ўзбекистондаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни кўриш учун бораётган яқинлари муассасаларга қўйилмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Жумладан, Қашқадарё вилоятидаги 61-сонли қамоқхонага борган тошкентлик аёл (сўровига биноан, аёлнинг исми сир тутилмоқда - Таҳр.) диний мотивларда айбланиб, жазоланган турмуш ўртоғи билан белгиланган 3 кунлик учрашувга қўйилмагани ҳақида ёзди. Унинг ёзишича, ўзи билан олиб борган озиқ-овқат ва кийим кечаклар ҳам қабул қилинмаган.

Навоий вилоятидаги 33-сонли жазони ижро этиш муассасида 9 йиллик жазо муддатини ўтаётган диндор ўғлини кўриш учун борган қибрайлик Абдуқаҳҳор Турсунов ҳам қамоқхонага қўйилмаганини айтди.

"15 майгача бизда усиление, деб айтишди. 9-май байрамга, деб усиление бўлганмиш. Олиб борган нарсаларимни ҳам олмади, бекордан-бекорга қайтиб келдим. Шуни аввалдан айтмайдими, ахир?! Байрам куни маълумку?!" деди Озодликка микрофонсиз сўзлаган қибрайлик Абдуқаҳҳор Турсунов.

Тошкентдаги 18-сонли махсус колония (Сангород)га соғлиги оғир аҳволда олиб келинган турмуш ўртоғи Алишер Хожибоевни кўргани борган Фотима Йўлдошева ҳам муассасага қўйилмаганини айтди.

- Бизда ремонт кетаяпти, деб қўйишмади. Лекин, бориб келаётганлар айтяпти, усиление бошланган, деб. 15 майгача қўйишмас экан энди, - деди Фотима Йўлдошева.

Озодлик мухбири ўзбекистонликлардан олинган хабарлар ортидан Ўзбекистон ИИВ Жазони Ижро этиш бош бошқармасига боғланганида бу борада бирор аниқ маълумот ололмади.

Аммо, бу муассаса билан айни масалада кўп бор боғланган тошкентлик ҳуқуқ фаоли, Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов баъзи вилоятларда маҳкумларнинг яқинлари билан учрашувлар ҳам қисқартириб юборилгани ҳақида шикоятлар борлигини айтди.

- Ўзи 20 йилдан бери бор бу тажриба, байрамлардан бир неча кун олдин усиление бошланади. Байрамдан кейин ҳам бир неча кун давом этади. Ҳатто, баъзи маҳкумларнинг 3 кунлик учрашувларини усиление, деб тўхтатишади ҳам. Чиқариб юборишади, кейин келинглар, деб. Мен шунча йилдан бери бир саволимга жавоб ололмайман: Нимага шундан маҳкумларнинг яқинлари аввалдан огоҳлантирилмайди?! - шуни тушунмайман, мен, - дейди Сурат Икромов.

Унинг айтишича, бу саволга Ўзбекистон ИИВ Жазони Ижро этиш бош бошқармасидан ҳам, бошқа мутасадди идоралардан ҳам жавоб берилмаган.

Маҳкумларнинг яқинлари эса расман тайин этилган учрашув санаси байрам арафасига тўғри келган бўлса-да, боришга мажбур экани, учрашувни бошқа санага кўчиришга биргина уриниш ҳам бу имконни йўққа чиқариши мумкинлигидан хавотир қиладилар.

- Зоналарга борганингиздан кейин ҳам уч-тўрт кунлаб навбат пойлайсиз, чунки учрашув хоналари банд бўлади. Қамоқхонадаги гостиницалар ҳам банд, очередь. Салгина ҳуқуқ талаб қилишингиз билан очередингиз чўзилиб, яна кунлаб кутасиз. Менинг қайнонам апрелда Навоийдаги зонага бориб, 4 кун навбат пойладилар, - дейди тошкентлик Фотима Йўлдошева.

Ҳуқуқ фаоллари ва бошқа мустақил манбалар берган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жами 52 та жазони ижро этиш муассасалари бор.

Байрамлар ёки бошқа сабаблар билан мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот идораларида кучайтирилган режим жорий этилганда бу муассасаларнинг эшиклари маҳкумларнинг яқинлари учун ёпилиши йиллардан буён кузатиб келинади.

Бу эса Ўзбекистонда 2001 йилда қабул қилинган, 2013 йилда эса ИИВ собиқ вазири Баҳодир Матлюбов буйруғи билан янгиланган "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида" 2495-сонли буйруғи билан жорий этилган қамоқхона ички тартибига оид қоидаларга зиддир.

Қуйида Ўзбекистондаги Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган сиёсий маҳбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов айни вазиятга доир суҳбатни тинглашингиз мумкин:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:17 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG