Линклар

Ўзбекистонлик хонанда Юлдуз Усмонованинг Жанубий Корея жануб-шарқидаги Кимхэ шаҳрида 6 май куни бўлиб ўтиши керак бўлган концерти кема ҳалокати қурбонларига мотам тутилаётгани боис бекор этилди. Лекин, Усмонованинг 4 май куни Сеулдаги концерти бўлади.


Юлдуз Усмонованинг Сеулдаги концерти ташкилотчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда Кимхэ шаҳридаги концерт кема ҳалокати қурбонлари хотири учун мотам тадбирлари боис бекор қилинганини тасдиқлади.

16 апрель куни Жанубий Кореянинг жануби-ғарбий соҳилида 476 йўловчини олиб кетаётган кема чўкиши оқибатида юзлаб одам нобуд бўлганди.

Қутқарувчилар ҳозиргача сувга чўккан кемадан 187 йўловчининг жасадини чиқариб олди. Бедарак йўқолган одамлар сони 115 тани ташкил қилмоқда.

Лекин, Усмонованинг Сеулда 4 май кунига режаланган концерти бекор бўлмаган.

- Биласиз, ўн кун аввал кема чўкиб кўплаб одам ҳалок бўлди. Бу фожеа Кимхэ шаҳрига яқин жойда бўлди. Ҳозир бу шаҳар мотамга чўмган. Концертларга рухсат йўқ. Концертни Сеулда ўтказишга зўрға кўндирдик, - деб билдирди ўзбекистонлик хонанданинг Сеулдаги вакилларидан бири.

Юлдуз Усмонова концерти 4 май якшанба куни Сеулдаги Санг Мёнг санъат саройида бўлади. Концертда ўзбекистонлик машҳур сўз устаси Обид Асомов ҳам қатнашади. Чипталар нархи 50 минг вондан 80 минг вонгача (45-70 АҚШ доллари).

Чипта нархлари қиммат бўлишига қарамай, ярмидан кўпи сотиб бўлинган.

- Сеулдаги Санг Мёнг санъат саройи 700та томошабинни сиғдиради. Жуда кўп олишяпти. Кимхэдаги концерт бекор қилингандан сўнг у ёқдаги ўзбеклар, Пусан шаҳрида яшовчи ўзбеклар ҳам Сеулга келишяпти. Чунки, Кореяда 4-6 май кунлари байрам, дам олиш куни. Усмоновани концерти фақат бир кун бўлади, - дейди Юлдуз Усмонванинг концерти ташкилотчиси.

Сеулда яшовчи Мунсур Усмонова концертига билетни бир ҳафта олдин олиб қўйганини айтди.

- Билетни 60 минг вонага олдим. 50 доллар атрофида бўляпти. Жойига қараб. Орқа ўриндиқлар арзон, олдинги қатор қиммат. Лекин, Юлдуз Усмоновани концерти Кореяда ҳар куни бўлавермайди. Борамиз. Бир кунлик меҳнат ҳақимизни шу концертга ажратяпмиз, - дейди Сеулдаги елим заводида ишловчи бухоролик Мансур.

Эслатиб ўтамиз, Юлдуз Усмонова учун 2007 йилдан буён Ўзбекистонда катта саҳнада чиқмайди. Давлат тадбирлари ва телевидениеда кўринмайди.

Норасмий тақиққа учраган халқ артисти фақат тўй-ҳашамлар ва кичик доираларда концерт бериб келади.

4 апрель куни Тошкентнинг Osiyo Grand ресторанидаги тўй базмида Юлдуз Усмонова ва гуруҳи аъзолари калтаклангани ҳақида хабар қилинганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG