Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

Блог: Судя бош вазирни ўсал қилди


Айтгани айтган, деган деган бўлиб турган бош вазирнинг сўзи ерда қолди. Судя ҳукумат етакчисининг ўзбошимча хатти-ҳаракатини қоралаб, уни ўсал қилди. Қизиғи, бу ҳодиса салкам диктатурада айбланаётган мамлакатда рўй берди.


Туркия ҳукумати ва Конституциявий суди ўртасидаги “мушук-сичқон” ўйинини кузатиб бораётган зукко ўқувчи гап нима ҳақда кетаётганини дарров илғаган бўлса керак.

Куни кеча Туркия Конституциявий суди раиси Ҳошим Қилич бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айбловига жавоб берди. Бу Ҳошим Қилич деганлари исмига монанд қиличдек ўткир тилли экан. Суд раиси суд ҳокимиятини нохолисликда айблаган бош вазирнинг хатти-ҳаракатини “пасткашлик”, деб атади.

Хабарингиз бор, Туркия Конституциявий суди Эрдўғоннинг мамлакатда Twitter ижтимоий тармоғини ёпиш ҳақидаги буйруғини ноқонуний, деб топган. Раъйи қайтарилган бош вазир эса суднинг қарорини нохолис деб баҳолаб, уни ҳурмат қилмаслигини айтди. Суд ҳокимиятини миллий манфаатлар қолиб, Америка компанияси ноғорасига ўйнашда айблади.

Бу айбловга муносабат билдирган Ҳошим Қилич ҳуқуқий давлатда суд ҳокимияти фармойиш ёки буйруқлар эмас, қонунга таяниб иш кўришини аниқ-тиниқ баён қилди. Алҳосил, Конституциявий суд раиси ҳаддидан ошган бош вазирни ўз вақтида жиловлади. Деҳқонча айтганда, босар-тусарини билмай қолган арбобга: “Ўпкангизни босинг, жаноб!” дея ўринли танбеҳ берди.

Аслида, бу ҳодисанинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Ҳар қандай демократик жамиятда суд ҳокимияти ижроия ҳокимиятининг қонун тушовини узиб юбормаслигига кўз-қулоқ бўлиб туради. Лекин Конституциявий суднинг бор-йўқлиги билинмайдиган ўзбек жамияти вакили бўлган камина учун бу ҳодиса барибир ҳайратомуз туюлди.

Тўғри-да, Ўзбекистон Конституциявий суди бирор жиддий масалада мустақил позициясини кўрсатиб, дадил баёнот эълон қилганини билмайман. Ўзбекистон Конституциянинг 109-моддасига кўра, Конституциявий суд қонунлар, давлат раҳбари фармонлари, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мослигини аниқлайди.

Ҳуқуқшунос сифатида дадил айта оламан, ҳатто шаҳар миқёсидаги ҳокимлар ҳам ўзи билиб-билмай Конституцияга зид кўплаб фармойиш ёки буйруқлар қабул қилади. Лекин Асосий Қонуннинг “тансоқчиси” бўлган Конституциявий суднинг парвойи палак. Вазиятни билмайдими, ё билиб билмасликка оладими - ишқилиб, Конституцияга зид ҳужжатларни вақтида бекор қилиб, ўзбилармонларнинг ақлини киргизиб қўйиш чорасини кўрмайди.

Қонунларга шарҳ бериш Конституциявий суднинг асосий вазифалари сирасига киради. Юрист сифатида айрим қонунлардаги мавҳум жиҳатларни аниқлаштириш мақсадида шарҳ ва талқин сўраб Конституциявий судга бир неча марта мурожаат қилганман. Ҳар гал “бундай масалалар қонунчиликка мувофиқ ҳал қилинади” қабилидаги умумийдан умумий жавоб олганман.

Фуқаролик, жиноий ёки хўжалик ишлари бўйича судларнинг қадрини тушириш ниятим йўқ. Аммо демократик давлат қурмоқчи эканмиз, биринчи навбатда, Конституциявий суднинг мустақиллиги ва фаоллигини таъминлаш керак. Ана шунда ҳамма соясига салом берадиган арбоблар Конституция ва қонунга зид ҳужжатларга ўйлаброқ имзо чекади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос
XS
SM
MD
LG