Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:07

Россияпараст айирмачилар Горловка шаҳар ҳокимиятини эгаллаб олди


Украина шарқидаги Горловка шаҳрида автомат билан қуролланган ниқобли шахслар шаҳар маъмурияти ва милиция идорасини ишғол этган.

Gorlovka.ua сайтининг хабар беришича, 30 апрелга ўтар кечаси 20дан зиёд қуролли шахс Горловка шаҳар милицияси биносига бостириб кирган, навбатчини қўлига кишан солиб, барчани бинони тарк этишга мажбур қилган.

Талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Ҳозирда Украина шарқида россияпарастлар ўндан зиёд шаҳарда маъмурий биноларни эгаллаб турибди.

Улар Украинани федерал мамлактага айлантириш бўйича референдум ўтказилишини талаб этмоқда.

Бир кун аввал россияпараст гуруҳлар Украина шарқидаги Луганск шаҳрида ҳам бир қатор маъмурий бинолар, жумладан шаҳар кенгаши, прокуратура, милиция идоралари ҳамда маҳаллий телевидениени ишғол этган эди.

Луганскда россияпараст айрмачилар Ички ишлар бошқармаси биносини эгаллаш пайтида автоматлардан ўқ узиб, шовқинли гранаталарни отгани ҳақида хабарлар бор.

Reuters агентлиги йигирма одамнинг қўлида автомат борлиги ҳақида маълумот берган.

УНИАН агентлиги эса ҳужумчилардан 50 нафари комуфляжда, бронежилетларда экани ва уларнинг қўлларида автоматлар борлигини ёзган.

Маълумотларга қараганда Луганск вилоят маъмурияти олдига икки мингдан уч минггача бўлган россияпараст йиғилган.

Айрмачилар ўзлари эгаллаб олган биноларга Россия байроқларини ўрнатмоқда. Украина муваққат президенти Александр Турчинов Луганск ва Донецк ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарларини фаолиятсизликда ва хиёнатда айблаб, уларни истеъфога чиқарилишини талаб қилди.

465 минг аҳоли яшайдиган Украинанинг Луганск шаҳри Россия чегарасига яқин жойлашган. Уч ҳафта олдин Россия тарафдори бўлган айирмачилар шаҳар хавфсизлик хизмати бош қароргоҳини босиб олган эди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари Украина шарқидаги ҳодисаларда Москванинг қўли бор, демоқда.

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Вашингтондаги ёпиқ хусусий учрашувлардан бирида Оқ Уй Украинадаги россияпарастлар бевосита Москвадан кўрсатма олаётгани ҳақида разведка маълумотлари борлиги ҳақида гапирган.

29 апрел куни НАТО йиғинида сўзга чиққан Жон Керри иттифоқчилар Украинани ҳимоя қилишларини айтар экан: “НАТО Россияга НАТО ҳудуди даҳлсиз экани ва унинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишимиз ҳақида мужда бериши лозим”, деб билдирган.

Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудида Россия ҳарбийлари ва махсус хизматлари йўқ эканини яна бир бор таъкидлади.

29 апрел куни Минскда ўтган Евросиё иқтисодий кенгаши йиғинидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилган Путин: “у ерда рус инструкторлари, спецнази, қўшинлари ёки бошқа шу кабилар йўқ”, деб айтди.
XS
SM
MD
LG