Линклар

CONTACT орқали Россиядан жўнатилган пулни Ўзбекистонда фақат битта банкдан олиш мумкин


Россиядаги “Мигом” пул ўтказиш тизими маҳкама томонидан банкрот, деб эълон этилиши ортидан¸ Ўзбекистон тижорат банклари 1 апрелдан бошлаб¸ Россиядаги ўзбек муҳожирлари орасида оммавийлашган "Золотая корона" ва CONTACT каби пул ўтказиш тизимларининг Ўзбекистондаги операцияларини тўхтатиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган эди.

Бу гаплардан бир ой ўтиб меҳнат мухожирларининг CONTACT тизими орқали юборган пулини Ўзбекистонда фақат битта банкдан олиш мумкинлигини аниқладик.


Тошкент вилояти ¸ Самарқанд ва Наманган шаҳридаги биз боғланган банкларнинг барчаси Россиядаги пул жўнатмалари билан шуғулланувчи “Русславбанк”нинг CONTACT тизими орқали юборилган пулни олиб эгасига етказиш каби ҳизматни амалга ошира олмаслигини билдирди.

Фақат Тошкентдаги "Капиталбанк"да CONTACT тизими орқали чет элдан юборилган пул жўнатмаларини олиш мумкинлииги билдирилди.

Россиядаги пул жўнатмалари билан шуғулланувчи “Русславбанк”нинг CONTACT тизими матбуот вакили Ансатасия Поздникова Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Марказий банки қўйган талаб доирасида бу мамлакатга пул ўтказиш давом этаётганини айтди.

- Ўзбекистонга пул ўтказмаларини "Капиталбанк"нинг Тошкентдаги асосий биносида ва вилоятлардаги бўлимларида олиш мумкин. Шу маънода Ўзбекистонга пул жўнатиш бўйича бизда муаммо йўқ, - деди “Русславбанк” вакили Поздникова.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатлашган меҳнат муҳожирлари ўз пулларининг фақат битта туйнукдан олиниши қатор ноқулайликларни туғдирганини айтишди.

Россиянинг Красноярск шаҳрида ишлайдиган Асадулло Камолов ўзининг Бухоро вилояти Олот туманидаги яқинларига шу пайтгача "Золотая корона" ва CONTACT каби пул ўтказиш тизимларидан жўнатиб турганлигини айтар экан, янги ҳолат боис ундан пул кутаëтган яқинлари ноқулайлик билан юзлашганини таъкидлади:

- Илгари Олот марказидаги банкдан бориб олишар эди. Ҳозир, масалан, мен учун ҳаражати оз бўлган CONTACT билан жўнатмоқчи бўлсам¸ пулни Тошкентдан бориб олишсин, дейишди. Олотдан Тошкентга боришнинг ўзи икки юз долларга тушади¸ дейди Асадулло Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда Тошкентдаги "Капиталбанк"нинг ўзини таништирмаган вакили бу муаммонинг вақтинча экаанини таъкидлади:

-“Капиталбанк”нинг 13 филиали бор¸ шулардан олтитаси Тошкентда қолган еттитаси вилоят марказларида. Масалан, Олотдаги фуқаро бемалол бориб Бухоро шаҳридаги банкдан пулини олиши мумкин, дейди суҳбатдош.

Меҳнат мухожири Асадулло эса ўз яқинларининг 100 км йўл босиб Бухоро марказига боришга ҳам қийналишини айтади:

- Бундан атиги бир ой олдин қариндошлар пулни бемалол Олотнинг ўзида олаëтган эди. Энди сарсон бўлиб юришибди, дейди меҳнат муҳожири.

Аввалроқ, Ўзбекистон Марказий банки пул ўтказиш тизимлари устидан назоратни кучайтираётгани ва пул ўтказиш бўйича халқаро тизимлардан жиддий кафолат талаб қилаётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Ўзбекистон Марказий банкининг Озодликка гапирган расмийларидан бири “ўзбек меҳнат мухожирининг пешона тери билан топган пулини товламачи банклардан ҳимоя қилиш” мақсадида қаттиқ талаблар қўйилаётганини айтган эди.

Бу аснода айрим банклар “Золотая корона”, CONTACT каби пул ўтказиш тизимлари билан ҳамкорликни тўхтатгани айтилди.

Озодликка чоршанба куни маълум бўлишича Ўзбекистондаги “Ипак йўли”, “Турон банк”, “Ҳамкор” банклари эса “Золотая Корона” билан ҳам, CONTACT билан ҳам ҳамкорлигини тўхтатган.

Айрим мижозлар Россиядан жўнатилган пулларни ушбу банклардан ололмаётганидан шикоят қилишди.

Йиллардан бери Россиядан хорижга пул жўнатаëтганлар рўйхатида биринчиликни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эгаллаб келмоқда.

Ўтган йили Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 6 миллиард долларга яқинлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG