Линклар

Душанба ва сешанба кунлари АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва Япония Украина шарқидаги бўҳрон ортида турган кучлар сифатида айблаётган россияликлар ва рус ширкатлари “қора рўйхати”ни кенгайтирди. Россия президенти эса Ғарб мамлакатларига қарши ҳозирча жавоб санкциялари жорий этилмаслигини билдирмоқда. Кузатувчилар бошланган халқаро босим натижасида Россиядан капитал оқими сезиларли даражада ошгани қайд этилганини билдирмоқда.


29 апрел куни Европа Иттифоқи ўзининг “қора рўйхати”га Россиянинг яна 15 нафар давлат амалдорини киритди.

ЕИ расмий сайтида эълон қилинган янги рўйхатга Россия ҳукумати вице-премьери Дмитрий Козак, Россия Президентининг Қримдаги вакили Олег Белавенцев, Қрим масалалари бўйича вазир Олег Савельев, Россия разведкаси Бош штаби бошлиғи Игорь Сергун, губернаторлар ҳамда Дума депутатлари ва бошқалар киритилди.

Япония ҳам Россиянинг 23 фуқаросига нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилгани ва уларга виза беришни вақтинча тўхтатганини эълон қилди.

Япония ташқи ишлар вазирлигида бу чора Россиянинг Украинадаги вазиятни издан чиқаришга ўринишни давом этаётганига жавобан жорий қилинганини билдиришди. Япония ҳукумати Россия билан сармоялар масаласи, ҳарбий ва бошқа соҳалар бўйича олиб борилаётган музокараларни вақтинчалик тўхтатганини ҳам гапирмоқда.

Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтирганлар қаторига Канада ҳам фаол қўшилди. Бу мамлакат 9 нафар россиялик юқори лавозимли шахс ва 2 банкка нисбатан чекловларни киритди. Канада “қора рўйхатида” Россия президенти маъмурияти аъзоси Вячеслав Володин, Россия ҳукумати вице-премьери Дмитрий Козак, Дума депутатлари Алексей Пушков, Александр Бабаков ва Владимир Жириновский, Владимир Путиннинг энг яқин дўстлари саналган миллиардерлар Аркадий ва Борис Ротенбергларни кўриш мумкин.

28 апрель куни АҚШ раҳбари Барак Обама Украина яхлитлигини бузишга бевосита алоқадор саналган 7 нафар россиялик амалдор ва 17 компанияга нисбатан жазо чоралари қўлланилганини эълон қилган эди. Америкаликлар санкциялар рўйхатига бизнесменлар Геннадий Тимченко, Аркадий ва Борис Ротенберг, “Россия” банки, “Собинбанк”, “СМП банк” ва бош ширкатлар киритилди. АҚШ давлат котиби Жон Керри агарда Россия Украина масаласида ўз сиёсатини ўзгартирмаса, АҚШ томонидан санкциялар Россия иқтисодиётининг қатор соҳалари, хусусан энергетика, молия ва ҳарбий соҳага нисбатан жорий қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Германия Канцлери Ангела Меркель Россияга қарши қаратилган жазо чораларини қўллаб-қувватлади ва Россия ҳукуматини халқаро нормаларга риоя қилишга чақирди.

Айни пайтда, Украина масаласида эҳтиёткорлик позициясини эгаллаб келаётган расмий Пекин Россияга нисбатан бир тарафлама санкцияларга қарши эканини билдириб, бу чоралар “Украинадаги вазиятни янада чигаллаштириши” мумкинлигидан огоҳлантирди.

Санкциялар натижа берадими?

Кузатувчилар рус амалдорлари ва тадбиркорларига нисбатан санкцияларнинг жорий этилишини Украина масаласида Владимир Путинга босим ўтказиш учун қилингани ўлароқ баҳоламоқда.

Бироқ, босим чоралари кучайтирилиши ортидан Россия Президенти Владимир Путин Ғарбга нисбатан жавоб санкциялар қўлланилмаслигини айтди. 29 апрель куни Минскда бўлиб ўтаётган Россия, Беларусь ва Қозоғистон раҳбарларининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги уч томонлама йиғилишида сўзлаган Владимир Путин Украинадаги ҳодисалар ортида АҚШ турганини иддао қилди.

- Мен санкцияларнинг биринчи пакетини ноқонуний ва Россияга нисбатан ноҳайрихоҳ қадам, деб ҳисоблайман ва, сўзсиз, Россия-АҚШ ҳамда Россия-ЕИ муносабатларига жиддий зарар келтиришини таъкидлайман. Иккинчи пакет санкциялар эса нима учун киритилгани умуман тушунарсиз... Менимча, Украинада бўлаётган ҳодисалардан вазиятни аслида ким бошқараётганини англаб олиш мумкин, деди “Украинадаги аксилконституциявий давлат тўнтаришида” ва” ҳукуматни қуролли куч билан эгаллашда” АҚШ қўли борлиги иддао қилган Владимир Путин.

Владимир Путин Ғарб мамлакатларини “айбдор қидиришда” айблади ва Украинада бирорта рус ҳарбийси йўқлигини маълум қилди. У, шунингдек, АҚШ ва ЕИ санкциялари “Евроосиё интеграция жараёнига мутлақо таъсир ўтказмаслигини” ҳам билдириб ўтди.

Бундан олдинги санкциялар рўйхатига расмий Брюссель Россия ва Украинанинг 33 фуқаросини киритган эди. Бироқ, Ғарбнинг биринчи санкциялар пакетига юқори лавозимли россияликлар киритилмаган эди. Кузатувчилар чекловлар Москва билан яқин иқтисодий алоқаларга эга ЕИ мамлакатларининг ўзига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда.

Брюсселлик мустақил журналист Виктор Онучко санкцияларни эълон қилишда АҚШ ва Европада якдиллик йўқлиги сабабларини бундай тушунтиради.

- Кўпчилик АҚШ ва Европа Иттифоқининг янги санкциялари ўртасида жиддий тафовут борлигига эътибор қаратди. Чунки иқтисодий бўҳрон якунланмади, Европадаги ишсизлик ўта юқори, ва маҳаллий давлат раҳбарлари ўзларига зиён келтирмаслик учун савдо-иқтисодий санкцияларни жорий этишга жуда эҳтиёткорлик билан ёндошмоқда, дейди журналист Виктор Онучко.

Москвадаги Умумий тарих институтининг Шимолий Америка бўйича тадқиқотлар Маркази раҳбари сиёсатшунос Владимир Согрин ҳозирги вазиятда на Америка, на Европа санкциялари масалани ҳал эта олишига ишонишини Озодликка гапиради.

- Бу санкциялардан ташвиқот-тарғибот ишида устамонлик билан фойдаланилмоқда. Бир қарашдан қўрқинчли кўриниши мумкин, лекин Россияда бу вазият халқ орасида ватанпарварлик ҳиссиётининг ошишига, АҚШга қарши кайфиятнинг тарқалишига олиб келмоқда, Путин ва ҳукуматнинг рейтинги ошишига, Украинага нисбатан хушкўрмасликни авж олдирмоқда. Руслар орасида Америка “жаҳон судяси” вазифасини ўз зиммасига олишга ҳақли эмаслиги фикри кенг тарқалган. Шу сабабли, санкциялар ўрнига АҚШ ва Россия узлуксиз музокаралар олиб бориши, ҳар куни қандайдир натижага эришиши керак, дея ўз муносабатини билдирди сиёсий таҳлилчи Владимир Согрин.

Айни пайтда, Россиянинг энг йирик компанияси саналган “Газпром” халқаро бозорда ширкатга сармоя киритиш масаласида аллақачон жиддий муаммоларга дуч келганини маълум қилди. Шу ўринда, Халқаро Валюта Жамғармаси раҳбари Кристин Лагард санкциялар натижасида Россиядан капитал оқими кескин ошгани кузатилаётганини маълум қилди.

Россия Банки раиси Элвира Набиуллина 2014 йилда мамлакат иқтисодиёти ўсиши 1 фоиздан пастга тушиши мумкинлигини очиқлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG