Линклар

logo-print

Қўқон ҳокими банкларга нақд пул топширмаган тадбиркорларни огоҳлантирди

  • Садриддин Ашур

Банкоматларда пулнинг йўқлиги мижозларни айланма йўллар орқали иш битиришга мажбур қилмоқда

Банкоматларда пулнинг йўқлиги мижозларни айланма йўллар орқали иш битиришга мажбур қилмоқда

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги кучайгани сайин маҳаллий ҳокимлар тадбиркорларни турли йўллар билан банкларга нақд пул ўтказишга мажбурламоқда. Тадбиркорлар эса нақд пул топширган билан банкдан нақд пул олиш имконсиз эканлигини айтмоқдалар.

Қўқон шаҳар ҳокими душанба куни Ҳамза номидаги театрда тадбиркорларни йиғиб мажлис ўтказди.

Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, ҳоким тадбиркорларни нақд пул тушумини банкларга тўлалигича ўтказиши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилган:

“Ҳоким Абдуллаевнинг огоҳлантиришича, агар хусусий тадбиркорлик субъектлари 5 майгача нақд пул тушумини банкларга топшириш планини бажармаса ўша кундан бошлаб бу тадбиркорлик субъектларида текширувлар ва мусодаралар бошланар экан”, деди манба.

Ҳоким пенсия ва нафақалар бериш учун нақд пул етишмаётганлиги сабабли шундай қарорга келганини айтган.

Пайнет тўлов тизимида ишлайдиган қўқонлик тадбиркор Шоҳсалимнинг айтишича, тадбиркорларнинг банкка пул топширмаслигининг объектив сабаблари бор:

- Мана, биз пайнетчиларнинг ҳаммамизда терминалларимиз бор. Лекин уни ишлатмаймиз. Сабаби оддий, банкдан нақд пул олишнинг иложи йўқ, дейди Шоҳсалим.

Пайнетчи бунинг сабабини мисоллар билан тушунтирди:

- Масалан, бир пайнет бир кунда нақд пулга бир миллион сўм тўлов қабул қилса унинг 300 мингини банкка топширади, холос. Қолган 700 мингини эса терминалга уриб, кимнингдир пластигидан фоиз ҳисобига ечиб беради. Ўша олган 10 ёки 15 фоизи унга фойда бўлади. Агар бир миллионни тўла банкка ўтказса, банк берадиган 2 фоиз ҳеч нарсага арзимайди, дейди пайнетчи.

Шоҳсалимга кўра, нафақат пайнетчилар, балки тадбиркорликнинг бошқа субъектлари ҳам иложи борича банкка камроқ пул топширишга ҳаракат қилади:

- Биласизми, бизнинг банклар юҳога ўхшаб қолган. Ютаверадию, лекин чиқармайди. Банклардан тўғри йўл билан нақд пул олишнинг умуман иложи йўқ бугун. Лекин йўли бор, фақат синалган ва ишончли одамлар воситасида келишсангиз. Одамига қараб, 10, 15, 20 фоиз эвазига пластикдаги ёки ҳисобингиздаги пулни нақдлаштириш мумкин. Бундай шароитда кимнинг ҳам банкка пул топширгиси келади, деди қўқонлик тадбиркор.

Қўқон шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда бу масала бўйича телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди.

Ўзбекистонда пластик картага ўтказилган маош, нафақа ва пенсияларни банклардан нақд пулда чиқариб олиш йиллардан бери давом этиб келаётган муаммо.

Банклар ва банкоматларда нақд пул етишмаслиги боис, фуқаролар пластик картага ўтказилган ойлик ва пенсияларини ўртакаш корчалонларга 10 фоиздан 20 фоизгача ҳақ бериб, нақд пулга айлантирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG