Линклар

logo-print

Г. Каримова: Ўш фожеаси кунлари Президент девони машиналари Қирғизистондан юк ташишни тўхтатмаган


30 апрель куни Гулнора Каримовага оид эканлиги иддао қилинган яна бир мактуб баъзи ахборот воситаларида эълон қилинди. 18 апрель жўнатилгани айтилаётган бу хат Би-би-си мухбири Наталья Антелава ва Фергана.ру муҳаррири Даниел Кислов саволларига жавоб тарзида ëзилган.

Гулнора Каримовадан келганига ишонилган мактубни 30 апрель куни Uznews.net нашри тўлалигича чоп қилди.

Мактуб, Ўзбекистон Президенти қизининг кейинги бир неча ой давомида Twitter ва бошқа каналлар орқали қилган баёнотларининг мазмуний давомидир.

Янги мактубида Гулнора Каримованинг айнан шу кунлардаги ҳаëтига оид жиддий янгилик йўқ – бу ëзувларда Президент тўнғичи ўзи ва қизи Имоннинг уй қамоғида экани¸ ташқи дунëдан мутлақ узилганини иддао қилади.

Мактубда Президент қизи отасининг ундан юз ўгиргани сабабларига бир оз ойдинлик киритган.

Мактубда ëзилишича¸ Ислом Каримов тўнғич қизининг “Асрлар садоси” фестивали ва бошқа тадбирларда ëшлар етакчисига айланганини кўргач, аччиғи чиққан.

Гулнора Каримованики, деб тақдим этилган мактубдан иқтибос (таржимаси):

- Менга босим “Швейцария” воқеалари ëки Twitterдаги очиқ суҳбатлар билан боғлиқ эмас. Менинг ëшлар тарафидан “тимсолга айлантирилганимни” кўрганидан кейин отам жаҳл отига минди. Аммо “Асрлар садоси”ни “the high life style” (муҳташам ҳаëт) дея айтолмайман. Қайсидир чўлу - биëбонда ëндирувчи қуëш остида 40-50 минг киши билан мулоқот қилишни роҳатбаҳш дейиш қийин¸ дея ëзилади ГКга нисбат берилган мактубда.

Мактубда ГК ўз онаси "Татьяна Каримова асос солган савдо тизимнинг “ахлоқий тубанлигига” ишора қилади.

ГК иддаосига кўра¸ Татьяна Каримовага оид ноқонуний товарларнинг Бишкекдан бошланиб Андижонда тугайдиган карвони 2010 йилда содир бўлган қонли Ўш воқеалари пайтида ҳам тўхтамаган.

Мактубдан иқтибос:

- - Бу дунëда ҳамма нарса чамбарчас боғлиқ. Бакиевларнинг Қирғизистондаги воқеалари жамоатчиликка аëн бўлганида, Қирғиз – ўзбек чегарасидан мол ўтказиш ва юк транзити бўйича қўшма бизнес ҳақидаги гаплар юзага чиқди. Юклар Андижон яқинидан ўтган Қирғизистон чегарасидаги катта бозорга ташланган. (Қорасув бозори назарда тутилган бўлса керак - таҳр.) Бу юклар Президент девонига оид номерлар тақилган машиналар билан Тошкентдаги Абу –Саҳий бозорларига элтилган. 2010 йилда Қирғизистонда қонли қарамақаршилик бошланиб одамлар қочганида, бу транзит ҳақида билиб мен Т А дан (тарҳ. Татьяна Акбарова) бу ҳақда сўраганимда у қизариб кетиб, ўзини оқлашга ўтди. Унинг айтишича, бу ишларни унинг жияни Акбар ўйлаб топган. Ўшанда бу нарсалар мени даҳшатга солган эди¸ дейилади Гулнора Каримовага нисбат берилган мактубда.

Нега Гулнора Каримова лирик чекинишлар ва руҳий азоблар билан йўғирилган бу мактубни жамоатчиликка бугун эълон қилишга қарор қилгани номаълум.

Айни пайтда Каримовани Европа прокурорлари кутмоқда

2012 йилда Европанинг бир эмас¸ балки 10 га яқин давлати прокуратураси Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг ўз ҳудудидаги бойликлари ва уларнинг қайси йўл билан топилганига жиддий қизиқа бошлади.

Озодликка маълум бўлишича¸ айни кунларда Гулнора Каримова Швеция¸ Швейцария ва Францияда йирик миқдордаги порахўрлик ва пул ювиш амалиëтлари билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, жиноий ишга тортилган.

Биргина Швецияда у TeliaSonera телеком ширкатидан 320 миллион доллар пора олганликда гумонланмоқда. Швейцария прокуратураси ўтган ҳафтада Гулнора Каримовага қарашли экани тахмин этилаëтган 910 миллион долларлик маблағнинг музлатилганини ва бунинг мамлакат яқин тарихидаги рекорд рақам эканини тан олди.

Бундан бир ой олдин Озодликка Гулнора Каримованинг жамоатчиликни ўз “забун ҳоли”дан хабардор қилиш, хусусан, аҳволи тўғрисидаги маълумотнинг отасига етказилиши таъмаси билан ëзилган олти саҳифалик мактубининг қўлëзма нусхаси етиб келган эди.

Президент қизига нисбат берилган бу мактубда ГК ўз отасидан ҳафсаласи пир бўлганига иқрор бўлган ва ундан “болалари билан чиқиб кетиш”га изн сўраган эди.

Мактуб воситачиси, матн эгаси айнан президентнинг тўнғичи эканини тасдиқлаш учун, Озодликка унинг қўлëзма нусхасини ҳам йўллаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG