Линклар

30 апрель куни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Жаббор Расулов туманида иккита юк поезди тўқнашиб кетди. Кўмир ва тахта ортилган бир неча вагонлар издан чиқиб, ағдарилиб кетган. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, юк поездларидан бирининг йўлда бузилиб, тўхтаб қолгани ҳалокатга сабаб бўлган.

Сўғд вилоятининг Жаббор Расулов туманида тўқнашиб кетган иккита юк поезди ҳам Тожикистон темир йўлларига қарашли экани айтилаяпти.

Воқеа жойини бориб кўрган Озодлик радиоси тожик хизмати мухбири Маъсум Муҳаммадражабнинг айтишича, фалокат 30 апрель, соат 17 лар атрофида рўй берган:

- Спитамен туманидан Хўжанд шаҳри томон йўлга чиққан юк поезди тахминан 15 километр юргандан сўнг йўлда тўхтаб қолган. Гувоҳларнинг айтишларича, поезд тепловози бузилиб қолган. Шу пайт Спитамендан 15 минут кейин йўлга чиққан яна бир юк поезди тўхтаб турган поезднинг орқасидан келиб солган. Ҳаракат тезлиги анча юқори бўлган шекилли, бир неча вагон ағдарилиб кетган, - деди Маъсум Муҳаммадражаб.

Суҳбатдошнинг айтишича, иккинчи юк поездининг келиб урилиши натижасида биринчи юк поездидаги тахта ва кўмир ортилган вагонлардан бир нечтаси ағдарилиб кетган:

- Бу вагонлар Россиядан келаётган бўлган. Ерда сочилган кўмир ва тахталарни юк машиналарига ортиб олиб кетишди, - деди Маъсум Муҳаммадражаб.

Ҳалокат натижасида иккинчи поезднинг машинисти тан жароҳати олгани хабар қилинди.

Воқеа жойига Тожикистон Транспорт прокуратураси ва “Тожикистон темир йўллари ширкати” ходимлари етиб келган. Бу воқеа тафсилотларини ўрганиш хусусида махсус комиссия ташкил қилинган.

Бу Тожикистон темир йўлларига қарашли поезднинг биринчи ҳалокати эмас.

Ўтган йилнинг 10 октябрь куни соат 10.15 да Душанбе-Конибодом йўналишида кетаëтган Тожикистон йўловчи поезди Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида издан чиқиб¸ ағдарилган эди. Бу ҳалокат оқибатида¸ камида 65 йўловчи жароҳат олган эди.
XS
SM
MD
LG