Линклар

logo-print
28 апрелдан бошлаб Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги коллеж ва мактабларнинг ишчи-хизматчилари дала ишларига жалб қилинди. Қўшкўпирдаги Озодлик манбасига кўра, улар ёмғирдан сўнг қатқалоққа айланган ерлардаги ғўза ниҳолларининг тагини юмшатиш билан шуғулланаяпти.

Қўшкўпирнинг Қатағон қишлоғидаги мактаблардан бирида фаррош бўлиб ишлайдиган аёлнинг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, икки кун далага чиқиб, ғўзалар тагининг қатқалоғини юмшатиш билан шуғулланган.

“Бизнинг мактабдан қатқалоққа тўрт киши чиқдик. Асосан, ишчилар ва яна ярим ставкада ишлайдиган бир ўқитувчининг дарси йўқ экан. У ҳам чиқди. 28 апрель куни чиқдик. Уч кун ёмғир ёққанидан сўнг пахталар қатқалоқ бўлиб қолди. Шунга Районодан директорга айтибди, “Ҳамма мактаблар қатқалоққа чиқади”, деб. Мен ўзим икки кун чиқдим”, - деди қўшкўпирлик ишчи микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатдошнинг айтишича, у ўз ҳамкасблари билан икки кун давомида эрталаб соат 9дан кечки соат 5гача далада ишлаган:

“Обедда овқатимизни уйдан олиб бориб, далада овқатландик. Ишлаганимизга пул беришмади. Текин экан. Ҳашарга ўхшаган нарса эмиш. Ўзи баҳорда далага чиқсак ҳеч қачон пул беришмаган”, - деди қўшкўпирлик суҳбатдош.

Озодликка Қўшкўпирдан жўнатилган суратда далада ишлаётган одамлар тасвирланган.

Суратга илова қилинган изоҳда “Қатқалоқлар бошланиб кетди. Ўқитувчиларга ачинамиз. Қўшкўпир туманида коллеж ўқитувчилари ва мактаб ўқитувчилари қатқалоққа чиқарилди”, - дейилади.

Қўшкўпир туман Халқ таълими бўлимидаги манбага кўра, коллеж ва мактаб ишчилари 28 апрелдан бошлаб дала ишларига жалб қилинган:

“Лекин ўқитувчилар чиқарилмади. Фақат ишчилар. Районога ҳоким томонидан топширилган “одам чиқаргин” деб. Бу фақат оғзаки айтилади. Ҳеч қачон ёзма буйруқ беришмайди. Лекин Районо мудирида махсус рўйхат бор. Туман ҳокими берган уни. “Фалон мактаб фалон фермер хўжалигига бориб, қатқалоққа чиқарилиши керак”, деб рўйхат келади. Биз шу рўйхат асосида мактабларга топшириқ берамиз. “Фалон фермер ҳўжалигига бориб, фалон гектар ерни тозалашинг керак”, деб айтамиз. Бу рўйхат фақат мудирнинг қўлида. Ҳеч кимга кўрсатмайди”, - деди исмини ошкор қилмаётганимиз манба.

Қўшкўпир туман Халқ таълими бўлими расмийлари билан боғланиш имкони бўлмади.

Хоразм вилоят Халқ таълими бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозими эса вилоятда коллеж ва мактаб ишчи-хизматчилари дала ишларига чиқарилаётганини тасдиқлай олмаслиги билан чекланди.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиш ҳолатлари кўпаëтгани кузатилаяпти.

25 апрель куни Озодликка етиб келган хабарда Сирдарёнинг Боёвут туманидаги коллеж ва лицей ўқитувчилари қирқ кундан буён дала ишларига мажбурланаётгани айтилади. Ўқитувчиларга кўра, улар навбати билан далаларни ёввойи ўтлардан тозалаш, ер чопиш ишларига жалб қилинган.

Шу кунларда Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги мактаб ўқитувчилари ва боғчаларнинг тарбиячилари ободонлаштириш ва тозалаш ишларига мажбурий тарзда жалб қилинмоқда. Сирғалидаги манбага кўра, ўқитувчи ва тарбиячилар тумандаги “Бобур” маҳалласини намунали маҳаллага айлантириш тадбирида текин ишчи кучи сифатида ишлатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG