Линклар

logo-print
Тошкентда Агробанкнинг пул-буюм лотереялари банк бўлимларида аҳолига мажбурлаб сотилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, давлат ишчилари ойлигини олиш учун банкка борса, кассир ўнтадан лотерея билетини мажбурлаб қўшиб бермоқда.

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги мактаблардан бирининг исмини очиқламаётганимиз ўқитувчисининг Озодликка айтишича, ўзи ва ҳамкасбларига ойликларнинг бир қисми Агробанк лотереялари ҳисобидан берилмоқда:

– Агробанк бўлимига борсак, банк ходими ана шу лотереядан ўнтани оласан, бўлмаса ойлигингни бермайман, деяпти. Лотереянинг донаси 5 минг сўм. Ойлигимизни 50 минг сўмига шу лотереяни олишимиз керак экан. Ўзи ойлигимизга зўрға кун кўрамиз, булар шуни ҳам лотереяга, деб бир қисмини олиб қоляпти, - дейди Сотимбой ака.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам шу аҳвол. Бухоронинг Олот туманидан бўлган мактаб ўқитувчиси ҳам ойликларнинг бир қисми лотерея шаклида берилаётганини айтди:

– Бюджет ходимлари ойликни Халқ банки ва Агробанк орқали олади. Банк бўлимларига шу лотереяни сотиш плани қўйилган. Ҳеч ким лотереяни олмаётганидан кейин ойликка қўшиб беряпти. Биз ҳам оляпмиз. Ҳа, майли, зора ютуқ чиқиб қолса, деб оляпмиз. 45 фоизли ютуқли лотерея экан, - дейди бухоролик ўқитувчи.

Агробанкнинг Тошкентдаги марказий идораси ходимларидан бири лотерея мажбурлаб сотилишини кескин рад этди.

- Ихтиёрий бу, мажбурий эмас. Планни бажариш ўз йўлига. Лекин, биз жойлардаги бўлимларимизга айтганмиз, ишхоналарга берилаётган бўлса тушинтир, мана бунақа ютуқлари бор, деб айтганмиз. Лотереялар таклиф қилиняпти, олишга мажбурлаётганимиз йўқ, ҳеч кимни, - дейди Агробанк ходими.

Агробанк жорий йилнинг март ойида ҳар бир донаси 5 минг сўм қилиб белгиланган “Фаровонлик” тиражли пул – буюм лотереясини ишлаб чиққан эди.

Лотереяга ТТЗ тракторлари, “Captiva”, “Cobalt” енгил машиналаридан тортиб, телевизор, музлатгич, кир ювиш машиналаридан иборат ютуқлари қўйилган.

- Умумий ҳажми 50 миллиард сўмлик лотерея чиқарганмиз. Ўшандан 22 миллиард 500 миллион сўм ютуққа тарқатиб берилади. 45 фоизи ютуққа ажратилади. Шу йилнинг декабрь ойида тираж ўтказилади. Тўртта барабан бўлади. Ҳукумат комиссияси тузилади. Икки кун ўтиб тираж ўтказишади. Боғча ёшидаги болалар барабаннинг ичидан олади ютуқли лотереяни. Менинг ўзим ҳам шу лотереядан ҳар ойлигимда олиб боряпман. Қанча кўп олсангиз, ютуқ чиқиш шанси шунча кўп бўлади, дейди Агробанкнинг Тошкентдаги марказий идораси ходими.

Ўзбекистонда бюджет ходимлари ва нафақахўрларнинг шусиз ҳам кам бўлган маошларидан лотерея чипталари ва маҳаллий газеталар обунаси учун ушлаб қолиниши бирнчи марта кузатилаётгани йўқ.

2012 йилда Ўзбекистон Халқ банки томонидан ишлаб чиқилган “Омад лотто” лотереялари давлат ишчилари ойликлари ва ҳатто кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа ўрнига мажбуран сотилмаётгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор Ҳасанжоннинг айтишича, лотерея билетларини аҳолига зўрлаб соттириш бир неча йилдан буён давом этиб келаётган ҳолатдир.


Habar, foto va videoni Ozodlik radiosiga +420724971539 WhatsApp, Telegram raqamiga yuboring!

Jonli efirlarimizda qatnashmoqchi bo'lsangiz har Dushanba va Chorchanba kunlari Toshkent vaqti bilan 19:00 dan boshlab ozodovoz, ozodlikonline va ozodskype Skype manzillariga qo'ng'iroq qiling!

60 yildan beri habarchilik qilayotgan Ozodlik radiosi shaxsingiz sir qolishini kafolatlaydi.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG