Линклар

logo-print

Қирғизистон газ масаласида Ўзбекистондан қарам бўлгани учун ҳам 20 йилдан кўпроқ даврдан бери икки давлат ўртасидаги чегара муаммолари ҳал этилмай келинган. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2 май куни мана шундай баёнот берди.

Қирғизистоннинг Тўғизтўра туманида мамлакат шимолини жанубий вилоятлар билан боғлайдиган муқобил йўл қурилишининг очилиш маросимида президент Атамбаев Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидиги чегара муаммолари ва 2010 йилдан бери чегаранинг ёпиқ қолаётганига газ қарамлиги сабаб бўлганини айтди:

-Қўшни мамлакатлар билан чегара муаммоси бўла туриб, бу мамлакатдан бир нарсага қарам бўлиш нотўғри. Нима учун 23 йилдан бери чегара масаласи ҳал бўлгани йўқ? Чунки ҳар йили биз улардан газ сўраб борардик, газга қарам эдик.

Қирғиз президенти фикрича, “Қирғизгаз” ширкати Россиянинг “Газпром”ига сотилганидан кейин Қирғизистон Ўзбекистондан бўлган газ қарамлигидан қутилган ва энди ўзбек газини Россия орқали олади. Бунинг ортидан Ўзбекистон билан чегара юзасидан принципал масалаларни қатъийлик билан ҳал этишга имконият пайдо бўлган.

Қирғизистон томони бундан аввал ҳам Ўзбекистон билан чегара муаммоларини, жумладан, 2010 йилда Тошкент томонидан бир томонлама равишда ёпиб қўйилган чегараларнинг очилиши масаласида қатъий музокаралар олиб борилишини билдирган эди. Қирғизистон ҳукумати бир неча ой олдин бу масалада Бишкек ва Тошкент расмийлари ойига уч мартадан учраша бошлаганини расман билдирган ва яқин кунларда чегараларнинг очилишига умид қилган. Бироқ бу баёнотлар реал ҳаётда ўз самарасини бергани йўқ. Шу кунгача Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси ёпиқ қолмоқда.

-Ҳозирча “Чегара қачон очилади?” деган саволга биз жавоб бера олмаймиз. Чунки Ўзбекистон томони чегарадан ўтишни чеклаб қўйган. Бу масала қачон ҳукуматлар келишиб олгандагина ҳал бўлади. Ҳозирча эса бу масала ҳал этилай деб қолди, деган маълумот йўқ, -деди Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрибоева.

Хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Расул Авазбек ўғлининг фикрича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси бўйича олиб борилаётган музокаралар қарор қабул қилиш ваколати чекланган амалдорлар томонидан ўтказилаётгани туфайли ҳам самарасиз бўлмоқда.

-Чегара масаласида Бош вазир ўринбосарлари даражасида ўтказилаётган музокаралар кўпроқ декларатив характерга эга бўлиб қолмоқда. Шунинг учун чегара масаласида президентлар даражасидаги музокараларни ташкил этиш керак, -деб ҳисоблайди эксперт.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси 1378 километрни ташкил этади. Шу кунгача бу ҳудуднинг 320 километри баҳсли бўлиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги уч йил ичида мазкур баҳсли ҳудудларда қурол ишлатилиб, ўқ отилган 12 низо содир бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG