Линклар

logo-print

Лицензиясиз киракашларга 2,5 миллиард сўмлик жарима солинди


Амалдаги тартибга мувофиқ, таксилар бутун Ўзбекистон бўйлаб сариқ рангга, Тошкентда эса қаймоқ рангига бўялиши лозим.

Амалдаги тартибга мувофиқ, таксилар бутун Ўзбекистон бўйлаб сариқ рангга, Тошкентда эса қаймоқ рангига бўялиши лозим.

Жорий йилда милиция ва солиқ ходимлари ўтказган мингдан зиёд рейд давомида 16693 та лицензиясиз киракаш аниқланган. Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси маълумотига кўра, лицензиясиз фаолият кўрсатган шахсларга 2 миллиард 548 минг сўм миқдорида жарима солинган.

Ўзбекистон Давлат автомобил назорати Республика бўлимининг навбатчи ходимига кўра, лицензиясиз такси ҳайдовчилари 2 миллиондан 7 миллион сўмгача жаримага тортилган.

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий қилинган таксичилик фаолиятига доир янги тартибга кўра, фуқароларнинг махсус лицензияга эга бўлмасдан киракашлик қилиши тақиқланади.

Ушбу тартибни илк бор бузган такси ҳайдовчиларига маъмурий жазо, иккинчи бор бузган жисмоний шахсга жиноий жазо қўлланилади.

Лицензиясиз таксичилик қилган шахс иккинчи бор ушланганида Жиноят кодексининг 190-моддасига кўра, уч йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади ёки энг кам иш ҳақининг 25 баробари (2402625 сўм)дан 75 баробари (7207875 сўм)гача бўлган миқдорда жаримага тортилади. (Ҳозирда энг кам ойлик иш ҳақи- 96105 сўм)

Янги тартибни бузган юридик шахсларга белгиланган маъмурий жазо энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 150 баробарига қадар қилиб белгиланган.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги икки йил давомида 10 мингдан зиёд рейд ўтказилиб, минглаб ҳайдовчи жарима, ўнлаб таксичи жиноий жавобгарликка тортилган.

Жумладан, ўтган йилнинг ноябрида андижонлик таксичи З. Олимжонов лицензиясиз фаолияти учун жазоланиб, икки йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилди.

Gazeta.uz нашри берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100 дан зиёд ширкат ва улар ихтиёрида бўлган 1200 тадан ортиқ автомашина мавжуд.

Норасмий маълумотларга кўра, янги тартиб йўлга қўйилмасидан аввал Ўзбекистон пойтахтида 35 минг атрофида лицензиясиз "киракаш" бўлган.

Ўзбекистонда киракашлик аҳоли ишсиз қатламларининг асосий даромад манбаларидан бирига айланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG