Линклар

Украинада икки кун ичида элликдан зиёд одам нобуд бўлди


Одесса шаҳрида 3 май куни рўй берган тўқнашувлар.

Одесса шаҳрида 3 май куни рўй берган тўқнашувлар.

4 май куни Украина хавфсизлик кучлари мамлакат шарқидаги шаҳарларда давлат идораларини эгаллаб олган россияпараст айирмачиларга қарши аксилтеррор амалиётларни давом эттирмоқда. Жума ва шанба кунлари содир бўлган тўқнашувларда 50 дан ортиқ одам нобуд бўлди. Айни пайтда, АҚШ Давлат котиби Россия ташқи ишлар вазирини Москва айирмачиларни дастаклашда давом этса, Россияга нисбатан қўшимча санкциялар жорий этилиши ҳақида огоҳлантирди.

Украина армияси қўшинлари қуршовга олган Славянск шаҳри ташқарисида шанба куни рўй берган тўқнашувларда талафот кўрилгани хабар қилинди.

Краматорск шаҳрида Украина ҳарбийлари мамлакат хавфсизлик хизмати ва маҳаллий телестанция биноларини айирмачилардан тозалади.

Шанба куни Луганск шаҳрида айирмачилар ҳарбий комиссариат биносини эгаллаб олди.

Донецк шаҳрида россияпараст айирмачилар вилоят миллий хавфсизлик хизмати биносини штурм қилди.

Гувоҳларга кўра, ҳужум пайтида милиция ходимлари кўринмаган.

Айни пайтда Мариуполь ва Константиновка шаҳарларида отишмалар рўй берди.

Украина шарқида жума ва шанба кунлари рўй берган тўқнашувларда 50 дан зиёд одам нобуд бўлди.

Уларнинг аксари 2 май куни Одесса шаҳрида Россия ва Киев тарафдори бўлган намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда ўлди.

Бу февраль ойида Киевда президент Виктор Януковичга қарши уюштирилган намойиш қатнашчиларидан 80 нафари ўлдирилганидан бери Украинада содир бўлган энг мудҳиш қонли воқеа экани айтилмоқда.

4 май куни Украина Бош вазири Арсений Яценюк Одессага борди.

ББС га интервью берган Яценюк хавфсизлик кучларини зўравонлик содир бўлишининг олдини олиш учун “ҳеч қандай чора кўрмаганлик”да айблади.

Бош вазир россияпараст намойишчиларни зўравонлик “келтириб чиқарганлик”да айблади.

Яценюк воқеа юзасидан “тўлиқ, ҳар томонлама ва бетараф текширув ўтказилиши”ни ваъда қилди.

- Биз ушбу хавфсизлик кучлари бефойда экани ва қонунни бузганлигини тушунамиз. Бош прокуратура текширув бошлади ва биз Одесса вилояти милицияси бошлиғини ишдан бўшатдик. Мен Бош прокуратура ҳамма ишни бирма-бир кўриб чиқишига ишонаман.

Воқеа юзасидан “тўлиқ, ҳар томонлама ва бетараф текширув ўтказилиши” шарт. Чунки, шахсан мен, зўравонликни тўхтатиш учун хавфсизлик кучлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларини чора кўрмаганликда айблайман, дея баён қилди Украина Бош вазири Арсений Яценюк.

Россия ҳукумати матбуот котиби Украинада бундай вазиятда президентлик сайлови ўтказиш “мантиқсизлик” бўлишини айтди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали сўзлашувда, агар Москва Украинадаги айирмачиларни дастаклашда давом этса, Россияга нисбатан қўшимча санкциялар жорий этилиши тўғрисида огоҳлантирди.

Айни пайтда, Украина шарқидаги айирмачилар қўйиб юборган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг етти нафар ҳарбий кузатувчиси 3 май куни Берлин шаҳрига етиб келди.

Улар 25 апрель куни Славянск шаҳри яқинида Россия тарафдори бўлган айирмачилар томонидан қўлга олинган эди.

ЕХҲТ ҳарбий кузатувчилар гуруҳининг чехиялик аъзоси Йозеф Преровски айирмачилар ҳибсга олганидан кейинги дастлабки соатларни қўллари ва кўзлари боғланган ҳолда ертўлада ўтказганларини маълум қилди.


-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
Habar, foto va videoni Ozodlik radiosiga +420724971539 WhatsApp, Telegram raqamiga yuboring!

Jonli efirlarimizda qatnashmoqchi bo'lsangiz har Dushanba va Chorchanba kunlari Toshkent vaqti bilan 19:00 dan boshlab ozodovoz, ozodlikonline va ozodskype Skype manzillariga qo'ng'iroq qiling!

60 yildan beri habarchilik qilayotgan Ozodlik radiosi shaxsingiz sir qolishini kafolatlaydi.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG