Линклар

logo-print

Пахтада бола меҳнатига қарши чиққан олотлик ўқитувчи яна босим остида қолди


Мактаб ўқувчиларининг пахта теримига мажбуран жалб этилишига қарши чиққан олотлик ўқитувчи Ғайбулла Бектошев вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан қисувга олинаётганидан арз қилди. Бухоро вилоятининг Олот туманидаги 4-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари бўлган Бектошев пахта мавсумида ўтилмаган дарс соатларини ўтилди, деб расмийлаштиришдан бош тортгани учун ишдан олинган, юқорига арз қилгач, қайта тикланган эди.


OzodMikrofonга Бухоро вилояти Олот туманидан боғланган ўқитувчи Ғайбулла Бектошев мактаб директори ва Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбарияти томонидан босим остига олинганидан арз қилди.

2011 йилда Бухоро вилоятидаги 4-мактабнинг пахтага чиқарилган ўқувчиларига ўтилмаган дарсларни ўтилди, деб расмийлаштиришдан бош тортгани учун у ишдан олинган эди.

- Мен ўшанда президентимизга мурожаат қилганимдан кейин, президентимизнинг ёрдами билан ишимга қайта тикланган эдим. Лекин, ўшандан буён менга ваколатларим қайтариб берилмади. Мен ўқув ишлари бўйича директор ўринборсари бўлганимдан кейин бу соҳадаги ҳамма ишлар, ҳужжатлар менинг қўлимда бўлиши керак. Лекин, улар бермаяпти. Халқ таълими бошқармаси ходими эса: "Ҳамма иш учун жавоб берасан!" деяпти. Ахир ҳамма ишни улар қилаётган бўлса, менда бирорта ҳужжат бўлмаса, десам инобатга олмаяпти, - деб норози бўлди Ғайбулла Бектошев.

У 2011 йил пахта мавсуми давомида ўтилмаган дарс соатларини расмийлаштирмагани учун аввалига ҳайфсан олган ва унда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига “ваколат доирасидаги ишни бажармади”, деган айб қўйилган эди.

Ўқитувчи ўшанда 19 сентябрдан ўқувчилар ҳеч қандай буйруқсиз, фармойишсиз пахтага чиқиб кетилган ва 17 октябрдан дарсга қайтгани ҳақида Озодликка интервью берган эди. Декабрь ойида эса у ишдан олинган эди.

Бу масала билан қизиққан Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси мутасаддиси Олим Ҳафизов ўқитувчининг бу борадаги даъволарини бутунлай инкор қилган эди.

Кейинчалик маҳаллий раҳбарларининг босими кучайганига қарамасдан, муттасил республика раҳбарияти, хусусан президент Ислом Каримовга мурожаат қилган Бектошев яна ишига қайта тикланишга муваффақ бўлса-да, маҳаллий раҳбарлар уни ҳануз қисувга олаётганини даъво қилмоқда.

- Йиллар давомида шу масала кўтарилмаган. Мен шу масалани кўтарганим учун, ҳақ сўзни айтганим учун буларга ёқмаяпман. Чунки таълим тизими тўлиқ коррупциялашиб кетган ва уларга ҳақ гап ёқмайди, - деб таъкидламоқда ўз ҳақлари учун курашдан қайтмаслигини таъкидлаган олотлик ўқитувчи.

Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини тақиқловчи қатор халқаро ҳужжатларга қўл қўйганига қарамай¸ мамлакатда ҳар йили пахта йиғим-терими мавсумида ўқувчилар мажбуран далага ҳайдалмоқда.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари тахминича¸ ҳар йили пахта мавсумида 2 миллионга яқин ўзбекистонлик бола ўқиш ўрнига пахта теради.

Болалар меҳнатидан қулларча фойдаланишни тўхтатиш борасида Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишни мақсад қилган халқаро кампанияга қўшилган юздан ортиқ йирик Ғарб ширкати болалар меҳнати эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG