Линклар

4 май куни марказий-осиёлик муҳожир ва қочқинлар ҳимояси билан шуғулланган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина 59 ёшида Москвада вафот этди. Озодлик бу инсон билан бирга ишлаган ва унинг ёрдами теккан қочқинлар билан суҳбатлашди.



Кейинги вақтларда саратон касаллиги билан курашган Елена Рябинина 4 май куни Москвада вафот этди.

Инсон ҳуқуқлари институти қошидаги “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастурининг раҳбари сифатида Рябинина ўн йилдан ортиқ вақт давомида асосан ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

Хусусан, диний ва сиёсий репрессиялар боис Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ўнлаб қочқинларга Россия ва бошқа мамлакатларда бошпана берилишида Рябинина ҳал этувчи роль ўйнаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси билан сўнгги кунгача бирга бўлган унинг шогирдларидан бири адвокат Надежда Ермолаева Елена Рябинина нима иш билан шуғулланиб келганини барча билиши, аммо унинг шахсий ҳаёти тўғрисида маълумотлар деярли бўлмаганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Елена ўз шахсий ҳаёти тўғрисида бировга гапиришни хуш кўрмасди. У бутун умрини бошқа одамларга ёрдам беришга бағишлади. Ҳатто касаллик енгиб бораётган охирги ойларда у ўзининг касаллигини бошқаларга айтмади, бизга оғирлигини ташламади. Шахсан мен нафақат касбдошим, устозим, балки энг яқин дўстимни йўқотдим... Айтишим керакки, у бошлаб берган кураш давом этади: у етиштирган шогирдлар жуда кўп! Елена олиб борган ва иштирок этган ишлар юзлаб, уларни ҳеч ким санамаган. Унинг қочқинларга кўмак берган маслаҳатларнинг ҳисобига етиб бўлмайди,- дейди марҳуманинг яқинларидан Надежда Ермолаева.


Елена Рябинина бошқариб келган Инсон ҳуқуқлари институти қошидаги “Бошпана олиш ҳуқуқи” лойиҳаси 2009 йилдан буён ишлаб келмоқда; бевосита марказий-осиёлик сиёсий ва диний қочқинлар масалалари билан эса Елена 2001-2002 йилларда Тожикистон ва, айниқса, Ўзбекистондан бўлган қочқинлар сонининг кескин кўпайиши натижасида шуғуллана бошлаган.

“Инсон ҳақлари ҳимояси соҳасига у, яхши даромад келтириб турган риэлторлик ишини ташлаб келганини ҳам айтиб ўтишим керак”, дейди Надежда Ермолаева.

Одессада туғулиб ўсган ва ҳар доим, ҳатто, оғир вазиятларни ҳазил-мутойиба билан қабул қилган Елена ўзбек-тожик қочқинларини “менинг қуёнларим”, деб атаган.

Шулардан бири – карманалик Садирбек Умиров қатор диний айбловлар билан 1,5 йил Красногорск қамоқхонасида ўтириб чиққан. "Озодликка чиқишимда опанинг ҳиссаси катта бўлган", дейди.

- Опа ҳужжат ишларига, кўчада юришга документни олишга катта ёрдам берар эдилар. Шу орқали таниймиз у кишини. Мени улар Европа суди қарори билан чиқариб олишди. Ҳозир ишларим, Худога шукур, яхши, ишлаб юрибман. ФМСнинг вақтинчалик қочқинлик рухсатномаси билан юрибман. Яхши аёл эди, без отказ ёрдам қилар эдилар, беминнат. Оллоҳ рози бўлсин! Ёмонлик кўрмаганмиз у одамдан, қўлдан келганича ёрдам қилганлар чиқишимизга,- деб эслайди Елена Рябининани 33 ёшли Садирбек Умиров.


Яна бир ўзбек қочқини – тошкентлик Фаррух Ботиров боши берк бир кўчага кириб қолган бир пайтда ёрдамга Елена келганини яхши эслайди.

- Ўзимнинг ишим бўйича ҳамма документларни, қандай ҳужжат керак бўлса Елена Рябинина шуғулланган, бошқа ҳеч ким қилмаган. Менинг ишимни экстрадиция дейишадию, тўғриси ўзим ҳам тушунмайман. Ўзимизда, ўзбекларда биринчи навбатда “Жойи жанатда бўлсин!”, дейилади опага, дейди Фаррух.

Ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина Ўзбекистон ва Тожикистонга ноқонуний тарзда олиб чиқилаётган қочқинлар масаласини кўтарган биринчи ҳуқуқ фаолидир. У “Ислом экстремизми”, “Ҳизб-ут Таҳрир”, “нурчилар”, “жиҳодчилар” ва бошқа сохталаштирилган ишлар бўйича экстрадицияси сўралган ўзбекистонликларнинг диний-сиёсий ишларини Инсон ҳақлари бўйича Страсбург судига олиб чиққан ва хориждаги адвокатлари ёрдамида ҳимоясини таъминлаган шахсдир.


Рябинина Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Коллектив хавфсизлик ташкилоти каби тузилмалар доирасида қабул қилинаётган айрим қарор-келишувлар халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид келишини таъкидлаб чиққан.

Бухоролик диний қочқин Абдусами Раҳмонов гапиради:

- Елена Рябинина Россиядаги қочқинлар, хусусан, ўзбек қочқинлари учун жуда катта ёрдам берган аёл эди. У кишига бемалол телефон қилиб савол берса, жавоб берарди. Ҳазиллашиб “Кечқурун соат тунги 2 дан кейин 10 гача телефон қилиб қўйсангизлар бирор нарса деб қўйсам хафа бўлмайсизлар!” дерди. Мен биринчи кўрганимда ҳам қўлидан келган барча ёрдамни кўрсатган, нима қилиш кераклигини ўргатган аёл эди. Ёрдамини бирор маротаба аямаган: “Ёрдам керак бўлса, албатта ёрдам бераман, келиб учрайверинг!”, дерди. Доим ёрдамга тайёр одам эди... Ачинарли ҳолат бўлибди. Уни яқин билган одамларга чуқур таъзия билдираман... Қани эди бу кишининг ўринларига яна кўплаб мана шунақа ҳуқуқ ҳимоячилари пайдо бўлиб, қочқинларимизнинг ҳаёти, хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беришса,- дея муносабат билдирди Абдусами.

..........
Елена Рябинина 1955 йилда Украинанинг Одесса шаҳрида туғилган. Ленинград аниқ механика ва оптика институтида 4 курс ўқиган. 5-курсда ўқишини Москвадаги нуфузли Н.Бауман номидаги техника университетига кўчирган ва ўқишни битириб, бироз муддат илмий-тадқиқот институларидан бирида ишлаган.

2002 йилдан 2009 йилга қадар – “Фуқаровий кўмак” қўмитасидаги “Марказий-осиёлик сиёсий қочқинларга ёрдам” лоийҳасини бошқариб келган. 2010 йилдан Инсон ҳуқуқлари институти қошидаги “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастурининг раҳбари бўлиб ишлаб келган. Ўзбекистонлик қочқинларни Россия Олий Суди ва Страсбург судида ҳимоя қилган.

Унинг ҳимояси остида андижонлик қочқин Абдумуталиб Абдулҳақов, тожикистонлик Муроджон Абдулҳақов ва Савриддин Жўраевлар, “Хизб-ут Таҳрир” ташкилотига аъзоликда гумонланиб Россияда биринчи бўлиб қамалган ва кейинчалик ўғирлаб кетилган Юсуф Қосимохунов, қувалик Шокиржон Солиев, тошкенлик Умид Ёқубов, диний экстремизмда айбланиб Ўзбекистонга олиб чиқилган андижонлик Азаматжон Эрмаков, Икромжон Мамажонов, Санжарбек Сотиволдиев, Маъмуржон Юсупов ва Аҳмаджон Бекпўлатовлар ва бошқалар бўлган.

2004 йилдан “Мемориал” Инсон ҳақлари маркази аъзоси. 2005 йилдан РФ Инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар кенгаши аъзоси бўлиб келган. Юрист ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун “Экстрадиция ишлари бўйича ҳимоя” амалий қўлланмасини чиқарган. Бир нафар фарзанди бор.

Елена Рябинина 6 май куни дафн қилинади, видолашув маросими шу куни соат 13:00да Москвадаги Марказий клиник шифохонада бўлиб ўтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG