Линклар

Сурхондарё вилоятида биометрик паспортга юмалоқ муҳр босиш қайта йўлга қўйилди. Лекин сурхонликларнинг иддаосига кўра, эндиликда ушбу муҳр учун айрим паспорт столларида 100 АҚШ долларигача пора талаб қилинмоқда. Бир ой аввал Сурхондарёда МХХ томонидан биометрик паспортга юмалоқ муҳр босиш тўхтатилган эди.



Апрель ойининг охиридан бошлаб Сурхондарё вилоятида биометрик паспортга юмалоқ муҳр босишга қўйилган тақиқ бекор қилинди.

Сурхондарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, чегара ҳудудларида ўтказилган махсус тадбир боис вақтинча тўхтатилган ушбу жараён қайта йўлга қўйилган.

Жорий йил март ойи охирида Сурхондарё вилоятида МХХнинг махсус йўриқномаси билан биометрик паспортга юмалоқ муҳр босиш вақтинча тўхтатилган эди.

Сурхондарёнинг Қизириқ туманида яшовчи, исмини очиқламасликни сўраган йигитнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у яқинда биометрик паспортга юмалоқ муҳр бостиришга муваффақ бўлган.

Лекин сурхонлик йигитнинг иддао қилишича, юмалоқ муҳр учун 100 АҚШ доллари миқдорида пора беришга мажбур бўлган:

“Юмалоқ печать 100 долларга чиқди. Шу печатсиз Россияга чиқа олмаймиз. Паспорт столлар олдида жуда узун навбат. Шунинг учун тезлатсин, деб 100 доллар бердим. Россияга кетишим керак эди. Паспорт столда ҳаммаси бепул деб ёзиб қўйибди. Лекин ҳар бир бланкани 1000 сўмдан мажбурлаб олдираяпти”, дея иддао қилди сурхонлик йигит.

Озодлик суҳбатлашган бошқа бир сурхонликнинг айтишича, ундан ҳам юмалоқ муҳр учун пул талаб қилишган, бироқ у бермаган:

“Мендан ҳам круглий печать учун пул сўрашди. Паспорт столда ишлайдиган қўшним “Тезлатиб бераман, пул берсанг”, деди. 100 доллар менга қимматлик қилгани учун бермадим. Россияга кетмоқчи эдим. Ҳозир кутиб ўтирибман”, деди бу йигит микрофонсиз суҳбатда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Паспорт столининг ўзини таништирмаган ходими юмалоқ муҳр учун пора олинаётганини мутлақо инкор қилди:

- Бу абсурд. Билмасам, мен биринчи марта эшитаяпман, что за круглий печать учун 100 доллар бериш кераклигини. Ҳаётда ундай гап йўқ. Билмасам, қаердан ундай гап чиқди,- деди паспорт стол ходимаси.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасидаги масъул ходим ҳам фуқароларга биометрик паспорт бериш жараёнида коррупцияга йўл қўйилмаётганини таъкидлаб, паспорт столлар олдидаги турнақатор навбатларда фуқароларнинг ўзини айблади.

“Биз фуқаронинг биометрик паспорти учун маълумотларини олиб қолгач, қўлига жетон бераяпмиз. 20 кундан кейин соат фалонда келгин, деб. Улар нима қилаяпти: ўша куни келмасдан бошқа куни келиб, ичкарига кира олмаяпти. Биз имкон даражасида барчанинг ишини тезлатиб бераяпмиз”, деди вилоят ИИБ ходими.

Юмалоқ муҳрсиз чет элга чиқиб бўлмайди

Фуқаро биометрик паспорт олгач, ўзи доимий яшайдиган ҳудудда қайддан ўтгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлатиши лозим.

Сурхондарёдаги паспорт столлари ходимларига кўра, бу маълумот паспортнинг турар жойи деган саҳифасига фуқаролар йиғини томонидан босилган штампда ўз аксини топади. Лекин ушбу штамп ёнига ИИБнинг юмалоқ муҳри босилмаса, паспорт яроқсиз ҳисобланиши мумкин.

“Агар фуқаро доимий ёки вақтинча яшаётгани ҳақидаги маълумот устига круглий печать бостирмаса, чет элга ҳам чиқа олмаслиги мумкин. Лекин буни чиқиш визаси билан адаштирманг. Бу бошқа-бошқа нарса. Масалан, Ўзбекистон билан Россия ўртасида виза режими йўқ. Шунинг учун сурхондарёликлар ҳам Россияга чиқиш визасиз чиқишлари мумкин. Лекин паспортидаги турар жойи ҳақидаги маълумот круглий печать билан тасдиқланмаса, Россияга кета олмаслиги мумкин”, деди Сурхондарёдаги паспорт столлардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эски паспорт билан хорижга чиқиш тўхтатилиши эълон қилиниши ортидан мамлакатдаги паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди.

Озодлик манбаларига кўра, биометрик паспорт учун ариза топшираётганларнинг қарийб 90 фоизи хорижга ишлагани кетаётган фуқаролардир.

Бунинг устига жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази вилоятларга бериладиган биометрик паспортлар сонини чеклаб қўйди.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир республика бўйича биометрик маълумотлар олаётган ва паспортларни тайёрлаб бераётган аппаратлар сони 200 тадан ортиқдир. Бу аппаратлар томонидан кунига берилаётган паспортлар сони февралдан бошлаб, 150тадан 70тага тушириб қўйилган.

Бу чеклов ҳам фуқароларнинг биометрик паспорт олишини қийинлаштирмоқда. Вилоятларда биометрик паспорт олиш учун одамлар ойлаб навбат кутмоқда. Паспорт бериш бўлимлари олдида ҳар куни 300-400 кишилик навбатлар пайдо бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG