Линклар

Жиззахда йўқолган 4 яшар қизчанинг ўлиги қўшни уйнинг ертўласидан топилди


Қизчанинг ўлиги ўзи яшаган уй ёнидаги кўп қаватли уйнинг ертўласидан топилган.

Қизчанинг ўлиги ўзи яшаган уй ёнидаги кўп қаватли уйнинг ертўласидан топилган.

Жиззах вилояти Пахтакор тумани Самарқанд қишлоғида 30 апрель куни йўқолган 4 яшар қизча кеча қўшни уйнинг ертўласидан ўлик ҳолда топилди. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, қизчанинг ўлимида гумонланиб, ҳибсга олинган 30 яшар қўшни йигитга нисбатан жиноий иш очилган.

Воқеа Самарқанд қишлоғининг Ўзбекистон кўчасида содир бўлган.

Олти кунлик қидирувдан сўнг ўлик ҳолда топилган 4 яшар қизалоқ 5 май куни соат 16 ларда дафн қилинди.

Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, қизча душанба куни кўп қаватли уйнинг ертўласидан топилган.

“Қизча кеча обеддан кейинги 3,5 - 4 ларда ерга қўйилди. Уни Пахтакор туман ИИБси 6 кун давомида қидириб, қўшни домнинг подвалидан топди. Қизча яшаган уй ҳам кўп қаватли дом. У 30 апрель куни оқшом пайти йўқолган эди. Кеча эрталаб топилди”, деди манбамиз.

Ҳуқуқ-тартибот идорасидаги бу манбага кўра, қизчанинг ўлимида гумонланиб, унинг қўшниси - 30 ёшли йигит ҳибсга олинган. Манба бошқа тафсилотларни очиқламади.

(4 яшар қизалоқ ва унинг қўшниси 30 яшар йигитнинг исм-шарифи Озодликка маълум. Лекин ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатдан уларнинг исм- шарифини ошкор қилмаяпмиз).

Воқеадан хабардор Пахтакордаги манбамизнинг айтишича, ҳибсга олинган қўшни йигитга нисбатан жиноий иш очилиб, Пахтакор туман прокуратураси тергов-суриштирув ишларини олиб бораяпти.

“Қизчанинг қўшниси 30 ёшдаги йигит уни ўлдириб, ўзи яшайдиган уйнинг подвалига яшириб қўйган экан. Ҳозир бу йигит қизчани ўлдиришдан аввал уни зўрлаганликда ҳам гумонланмоқда. Қизча кеча топилганидан сўнг экспертиза қилинди. Лекин ҳали экспертиза хулосалари чиқмаган. Йигит маст ҳолда шу жиноятга қўл ургани гумон қилинмоқда”, деди Пахтакордаги манбамиз.

Унинг айтишича, ҳибсга олинган 30 ёшли йигит уйланмаган бўлиб, онаси ва 83 ёшдаги бувиси билан яшайди.

“Бу йигитнинг оиласи қизчанинг оиласи билан борди-келди қилиб келган. Йигит шу қишлоқда туғилиб, шу ерда вояга етган. Қишлоқдагиларининг айтишича, шу пайтгача у ҳақида бирор ёмон гап-сўз бўлмаган. Балки ҳаммасига ичкилик сабаб бўлгандир... Ҳозир аниқлашаяпти”, деди воқеадан хабардор Пахтакор туманидаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда педофиллар томонидан қилинган жиноятлар борасида статистик рақамлар шу пайтгача эълон қилинмаган.

Айни пайтда Тошкент милицияси уч йигитдан иборат педофиллар гуруҳини 2012 йилнинг кузидан буён қидирмоқда. Педофиллар пойтахтда ёш болаларни ўғирлаб, зўрлагани ва айрим ҳолатларда ўлдиргани айтилаяпти.

2012 йилнинг охирида Сирдарё вилоят жиноят ишлари бўйича суди 8 ёшли қизнинг номусига тегиб, кейин уни бўғиб ўлдирган жиноятчини 25 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Лекин Ўзбекистонда сиёсий маҳкумлардан фарқли равишда бошқа оғир жиноятчилар қатори педофиллар ҳам амнистияга тушиб, озодликка чиқиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йили Ўзбекистонда эълон қилинган сўнгги амнистиядан ҳимоясиз қизалоқни бир неча бор зўрлаган ва айби судда тасдиқланган 45 яшар Рустем Ибрагимов ҳам баҳраманд бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG