Линклар

Украина: Парламент шарқдаги вазиятни ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилмоқда


Украина парламенти мамлакат шарқидаги бўҳронни муҳокама қилиш учун ёпиқ эшиклар ортида фавқулодда сессия ўтказмоқда. 6 май куни мамлакат шарқидаги Донецк аэропорти ёпиб қўйилди. Украина ҳукумати бунинг сабабини маълум қилмади. Шунингдек, 2 май кунги зўравонликларда 46 одам нобуд бўлган Одесса шаҳри ҳокими лавозимидан олинди.


Украина парламенти мамлакат шарқидаги бўҳронни муҳокама қилиш учун фавқулодда сессия ўтказмоқда.

Украинадаги ахборот агентликларига кўра, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётган сессияда хавфсизлик хизматлари бошлиқларининг депутатларга мамлакат шарқидаги вазият тўғрисида маълумот бериши режаланган.

Украина шарқидаги ўнга яқин шаҳарда Россия тарафдори бўлган айирмачилар ҳукумат бинолари ва милиция идораларини эгаллаб олган, шаҳарга кириш йўлларига баррикадалар ўрнатган.

Ички ишлар вазири Арсен Аваков хавфсизлик кучлари Славянкс шаҳрида шу кеча-кундузда амалга оширган амалиётлар давомида Россия тарафдори бўлган жанггарилардан 30 нафари ўлдирилганини билдирди.

Аваков 5 май кунги тўқнашувларда ҳукумат аскарларидан тўрт нафари ҳалок бўлганини қўшимча қилди. Шунингдек, россияпараст айирмачилар ҳукумат кучларига қарашли ҳарбий вертолётни уриб туширган. Бу билан айирмачиларга қарши амалиётлар бошланганидан бери уриб туширган вертолётлар сони учтага етган.

Украина ҳукумати Россияни мамлакат шарқида бўҳрон келтириб чиқарганликда айблаб келмоқда. Аваковга кўра, Славянскдаги Россия тарафдори бўлган жанггарилар орасида рус ва чеченлар ҳам бор.

Ўз навбатида Москва Украина шарқида Россия махсус кучлари амалиётлар олиб бораётганини инкор қилиб Киев ҳукуматини “ўз халқига қарши уруш олиб бораётганлик”да айблайди.

Москва Украина шарқида гуманитар бўҳрон юз бериши муқаррарлиги ҳақида огоҳлантириб, Киевни минтақада ҳарбий амалиётларни тўхтатишга чақирди.

Айни пайтда, Украина ҳукумати Россия тарафдорлари билан Украина тарафдорлари ўртасида содир бўлган тўқнашувда 46 одам нобуд бўлган Одесса шаҳри ҳокимини лавозимидан бўшатди.

Ундан олдин ҳукумат 2 май кунги воқеа сабабли Одесса шаҳар милицияси бошлиғини лавозимидан бўшатиб, шаҳарга махсус кучлар жўнатган эди.

Украина шарқида кескин вазият ҳукм сураётган бир пайтда Киев ҳукумати Донецк аэропортини ёпиб қўйди.

6 май куни Донецк аэропорти Интернетдаги сайтида эълон қилган баёнотда самолётлар парвози ҳукумат буйруғига асосан тўхтатилгани билдирилган. Украина ҳукумати бу ҳақда маълумот тарқатмади.
XS
SM
MD
LG