Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:19

Умр давомийлиги фаровонлик дегани эмас


Одамлар статистик умри узяётганини иқтисодий фаровонлик яхшиланмоқда, деб талқин қилинмаслиги лозим, дейди мутахассис.
Одамлар статистик умри узяётганини иқтисодий фаровонлик яхшиланмоқда, деб талқин қилинмаслиги лозим, дейди мутахассис.

Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида умр давомийлиги бўйича етакчилардан бири, дея хабар қилмоқда яримрасмий ўзбек нашрлари. 12news.uz ва 12uz.com нашрлари АҚШ Марказий разведка бошқармаси эълон қилган умр давомийлигига доир қиёсий рўйхатдан ана шундай хулоса чиқарди. Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда 1700дан ортиқ ёши юздан ошганлар борлиги ва айни омил ҳам бунга доир вазият яхшиланаётганини кўрсатиши айтилади. Айни пайтда, 6 май куни БМТ оналар ўлимига доир 2014 йилги ҳисоботларини эълон қилди.




Ўзбекистонда чиқадиган яримрасмий нашрлар рейтинг деб тақдим қилаётган қиёсий рўйхат АҚШ Марказий разведка бошқармаси вақти-вақти билан янгилаб турадиган дунё мамлакатларига доир асосий кўрсаткичларнинг бир қисмидир.

Қиёсий жадвалда берилган рақамлар тахминийдир ва уларни тўплаш усусллари, сифати, манбаси мамлакатдан мамлакатга фарқ қилади.

Дунё мамлакатларидаги умр давомийлигига доир рўйхатларни БМТ қошидаги Аҳолишунослик жамғармаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳам эълон қилиб боради.

БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Марказий Осиё бўйича идораси директори Николай Ботев, Озодлик билан суҳбатда, бу каби рўйхатларда бериладиган рақамлар тахминий бўлишига қарамасдан, минтақада, жумладан, Ўзбекистонда кейинги йилларда вазият яхши томонга ўзгараётганини эътироф этди.

- Хусусан, Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, эркакларнинг умр давомийлиги 2000 йилдан 2012 йилга қадар 68,4 ёшдан 70,7 ёшгача узайган. Аёллар орасида эса, 2012 йилда туғилган пайтда кутилган умр давомийлиги 75,1 ёш бўлган, 2000 йилда эса, бу кўрсаткич 73,2 ёш бўлган, яъни аёлларда ҳам, эркакларда ҳам умр давомийлиги 2 йилга ошганини кўришимиз мумкин. Бу энди расмий маълумотлар, яъни Ўзбекистон расмийлари тақдим қилган рақамларга асосланган,- дейди аҳолишунос.

Ўзбекистон расмийлари БМТнинг Мингйиллик ривожланиш дастурига доир ўтган йили эълон қилган ҳисоботида мустақиллик йилларида мамлакатда ўртача умр давомийлиги 66 ёшдан 73,5 ёшга етгани қайд қилинган.

Николай Ботевнинг айтишича, абсолют рақамлар олинганда расмийлардан бошқа манбалар ўртача умр давомийлигини пастроқ кўрсатади.

- Абсолют рақамлар билан боғлиқ жиҳат бор ва масалан, бошқа ҳисоб-китобларга кўра, 2012 йилда эркаклар орасида туғилган пайтда кутилган умр давомийлиги 70,7 эмас, 65 ёш деб берилган эди,- дейди мутахассис.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси вакили собиқ иттифоқ мамлакатлари умр давомийлиги кўрсатикчини яхшилашга эриша олганларининг объектив ва субъектив омиллари бор, дея давом этади.

- Асосий фактор ўлим сабаблари структурасидир, яъни одамлар қайси конкрет сабаблар билан ўлаётгани. Масалан, Япония каби ривожланган мамлакатларда назорат қилиниши мумкин бўлган омиллар бартараф қилинган. Натижада одамлар 60-70 ёшгача ҳеч қандай жиддий муаммосиз яшайди. Ундан кейин юқумли бўлмаган, генетик касалликлар ҳам назоратга олинган мамлакатларда бу кўрсаткич яхшиланиб боради. Умр давомийлигига бевосита алоқадор яна бир асосий фактор бир ёшгача бўлган болалар орасидаги ўлимлар даражасидир. Собиқ Совет Иттифоқида бунга оид муаммолар бўлган. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари бу муаммони ҳал қилишга катта сармоя қилди.

Шунинг учун, дейди аҳолишунос, статистик нуқтаи назардан одамлар умри узяётганини бу мамлакатларда иқтисодий фаровонлик яхшиланмоқда, деб талқин қилинмаслиги лозим. Чунки турмуш тарзи сифати, жумладан иқтисодий фаровонлик ҳам умр давомийлигига билвосита таъсир қилса-да, ҳал этувчи фактор ҳисобланмайди.

- Иқтисодий фаровонлик ҳар доим ҳам ҳал этувчи роль ўйнамайди. Хусусан, Марказий Осиёдаги баъзи мамлакатлар, уларнинг номини келтирмайман, бир ёшгача бўлган болалар орасидаги ўлим даражаси каби саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратган. Бу, албатта, ижобий ҳолдир. Бунда, улар тиббий инфратузилмаларни йирик шаҳарларга марказлаштиришга катта сармоя ётқизиш орқали болалар орасидаги ўлимларни камайтиришга эришишди. Лекин бу болалар ота-оналарининг турмуши сифати ва фаровонлиги яхшиланганини англатмайди,- дейди БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Марказий Осиё бўйича идораси директори Николай Ботев.

Айни пайтда, 6 май куни БМТ қошидаги Аҳолишунослик Жамғармаси, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Болалар жамғармаси ҳамда Жаҳон Банкининг дунё бўйлаб оналар ўлимига доир йирик ҳисоботи ҳамда эълон қилинди.

Ҳисоботда, умуман олганда дунё бўйлаб оналар ўлими камаяётгани қайд этилган.

Ўзбекистонда ҳар 100 минг она орасида ўртача 36 ўлим рўй бериши айтилган. Қиёс учун Беларусда бу кўрсаткич 100 мингга 1, Польшада 3, Австрияда 4 Исроилда 2 ташкил қилади.

Оналар ўлими бўйича энг юқори кўрсаткичлар Сьерра Леоне (1100), Нигер (630), Зимбабве (470), Афғонистон (400) каби мамлакатларда қайд этилди.
XS
SM
MD
LG