Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:16

Қўшиқчи Райҳон америкалик арбобни ҳам чангида қолдирди


Яхшиям, санъаткор деган тоифа бор экан. Шулар билан ҳаётимиз қизиқ-да. Сиёсат билан ишимиз йўқ, аммо яллачию машшоқларнинг ҳар бири қадамидан бохабармиз.


Украина, Сурияда нималар бўляпти – парвойимизга келcа қани! Аммо, сал маҳобат билан айтилса, тупканинг тагидаги бир мамлакатда яшайдиган номдор қўшиқчининг хушторларини номма-ном санаб беришимиз мумкин.

Тунов куни ўзбекистонлик хонанда Райҳон эгизак фарзанд кўрган экан. Шу хабар чиқдию, Интернет деганимиз қирққулоқли қозондек қайнаб кетди. Ижтимоий тармоқлар табригу муҳокамалардан портлаб кетаёзди. Кўча-кўйда, автобусда, университетда – ҳамманинг оғзида шу гап: эшитдингизми, Райҳон нақ эгизак туғибди!

Умри билан берган бўлсин, бозори чаққон қўшиқчи қизимизга жилла адоватимиз йўқ. Аммо барибир одам ҳайрон қоларкан-да, наҳот, санъаткорнинг шахсий ҳаёти дунёдаги ҳамма нарсадан муҳим бўлса!

Райҳоннинг кўзи ёриган куни Ўзбекистонга Япония бош вазири ўринбосари Таро Асо, унинг ортидан Америка давлат котиби ўринбосари Уильям Бёрнс ташриф буюрди. Японлар “ўзимизники”, бир меҳмон бўлгиси келиб, “ҳайё-ҳуйт” деб, от солиб келавергандир. Лекин дунёни ўтирғизиб-турғизаётган америкалик дипломат Бёрнс не муддаода Тошкентга қадам ранжида қилдийкан? Бунга қизиқиб ҳам ўтирмадик. Сиёсат билан неча пуллик ишимиз бор?! Зарилми шуни билиш?!

Майли, ажнабий арбобларни қўятурайлик, бу орада Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг очиқлиги ҳақидаги қонун кучга кирди. Қоғозда қолмай, ҳаётга кўчадиган бўлса, ўта муҳим қонун. Ҳар биримизга тааллуқли қонун. Аммо қонун моҳиятию мақсадига қизиқиш қаёқда?!

У эмас-бу эмас, яна қанчадан-қанча муҳим гаплар Райҳон деган қўшиқчи қизимизнинг қўчқордек эгизаклар туққани соясида қолиб кетди. Дангалини айтганда, Райҳон машҳурликда ҳатто америкалик донгдор арбобни ҳам чангида қолдирди.

Ўрта асрлар Франциясида қироличанинг кўзи ёришини бутун элу юрт томоша қилган экан. Ким билсин, зоти олийлари сон-cаноқсиз жазман тутгани сабабли, одамлар бўлажак қиролни чиндан ҳам малика туғаётганини ўз кўзи билан кўргиси келгандир-да. Бу кетишда санъаткорларимизнинг туғиши ҳам Фарангистондаги каби томошага айланмаса бўлгани!

Негадир санъаткорларга оид хабарларга чанқоқмиз. Қулоғимиз динг, ҳатто мушуги болаласа, ити бемаврид вовилласа ҳам бизга қизиқ туюлаверади. Қўшиқчи аёл лифтда айб иш устида қўлга тушса борми, кўринг томошани! Хобхонасида яширин камерада олинган видео тарқаса-чи!..

Ёзувчи Анвар Обиджон айтмоқчи, тешигини кўрмаса, найни теша сопидан ажратолмайдиган, аммо даъвоси дунёни бузадиган яллачиларимиз кўп. Кунимиз бадҳазм қўшиқлар, чучмал клип ва жўқиёна шеърларга қолгани ҳам рост. Лекин барибир шуларнинг ҳаётига қизиқаверамиз. Дунёни сув босиб кетмайдими, ўз тақдиримиз қолиб, “юлдуз”ларнинг тақдирига куйинамиз? Нега шундай экан?
Синчков муштарий
XS
SM
MD
LG