Линклар

Украина ҳукумати россияпараст айирмачиларга қарши амалиёт давом этишини айтмоқда


Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачиларга қарши ҳарбий амалиёт, уларнинг референдум ўтказиш, ўтказмаслик қароридан қатъий назар, давом этишини айтмоқда.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Андрей Парубий ўзини ўзи “Донецк Халқ Республикаси”, деб эълон қилган минтақа етакчилари 11 майга белгиланган референдумни кечиктиришга қарор қилган тақдирда ҳам “аксилтеррор операцияси” давом этади, дея баён қилди.

Украина кучлари мамлакат шарқидаги 12 шаҳарда айирмачилар эгаллаб олган ҳукумат биноларининг баъзиларини қайтариб олди.

Россия Президенти Владимир Путин 7 май куни қилган чиқишида Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачиларга мурожаат қилиб, референдум ўтказилишини кечиктиришга чақирди. Айримачилар вакиллари Путиннинг чақириғини кўриб чиқишларини билдирди.

8 май куни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль референум ўтказиш масаласи кўриб чиқилаётган “Донецк халқ қурултойи натижаларини” кутаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG