Линклар

logo-print

Ўзбекистонда олий ўқув юртига кириш тестлари қийинлашди


Абитуриентлар тест натижаларини кўришмоқда

Абитуриентлар тест натижаларини кўришмоқда

Ўзбекистон президенти тарафидан 30 апрель куни имзоланган қарорга кўра¸ олий ўқув юртларига кириш бўйича тест синовлари қийинлашди. "Республика олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш тартибини янада мукаммаллаштириш" ҳақидаги бу қарорга кўра¸ маърифий йўналишда олий ўқув юртларига кирмоқчи бўлганлар учун чет тили бўйича тест саволларининг сони 59 та қилиб белгиланди. Илгари бу йўналишдаги чет тили бўйича тест синовларининг сони 35 та эди.



Озодликнинг Республика Тест марказидаги манбасига кўра¸ бу йилги тест синовида инглиз тили ва математика бўйича саволлар кўпайтирилган:

- 1 май куни олий ўқув юртларига талаба қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси йиғилиш ўтказиб 2014/2015 ўқув йилидаги тест синовларида инглиз тили ва математика бўйича талабни кучайтиришга қарор қилди. Бу тадбир президент қарори талабларини бажариш учун амалга оширилди. Инглиз тили ва математика бўйича саволлар 168 таълим йўналишидан 108 тасига жорий қилинадиган бўлди. Илгари инглиз тили ва математика фақат айни сохага оид йўналишларида бор эди. Ҳозир деярли икки баробар кўпайди¸- деб таъкидлади Республика тест марказидаги Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра¸ математика ва чет тили бўйича тест саволларига бу йил “солиқ ва солиққа тортиш” йўналиши бўйича ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентлар жавоб бериши лозим бўлади.


Репетиторлар хурсанд
Талабаларни олий ўқув юртига тайëрлайдиган хоразмлик репетитор Саъдулла Рўзметов ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб, Озодлик радиосига баъзи тафсилотларни гапириб берди:

- Мен абитуриентларни математика синовларига тайëрлайман. Менга маълум бўлишича, бу йил математика фани бўйича тест саволлари кўпайган. Математика факультетига кирмоқчи бўлганлар¸ арифметика ва алгебра бўйича 30та саволга жавоб беришлари керак бўлади. Бундан ташқари, бунинг ëнига информацион технология ва компьютер дастурлари бўйича ҳам 6 савол қўшилди. Алгебра ва геометрияга оид саволлар ҳам кўпайган¸- дейди математика муаллими Саъдулла ака.

Суҳбатдош олий ўқув юртига киришда математига ва алгебрага оид саволларнинг кўпайгани ва қийинлашганини маъқуллайди:

- Бу тўғри бўлди. Технологиянинг асоси рақамлардан иборат. Рақамлар эса математика дегани. Информатика бўйича саволлар қўшилгани ҳам тўғри. Чунки оддий математикани амалий математикага айланиши учун зарур бўлган информатик технологиялар ҳақида абитуриент ҳеч бўлмаганда умумий тасаввурга эга бўлиши лозим¸- дейди хоразмлик репититор.


Инглиз тили бўйича саволлар кўпайди
Озодликнинг Республика Тест марказидаги манбасига кўра¸ бу йилдан бошлаб бўлғуси талабаларнинг инглиз тилини билишига эътибор қаратилади:

- 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қароридан келиб чиқиб, инглиз тили бўйича тест саволлари кўпайди. Бундан мақсад, талабаларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши ва уларнинг келажакда чет эллардаги илм марказларида тажриба алмаша олишини таъминлашдир. Эртанги талаба чет тилларни пухта билган мутахассис бўлиб етишса халқаро ҳамкорлик ва мулоқот ҳам ривожланади¸- дея билдирди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра, инглиз тили бўйича тест синовлари “Электроника ва асбобсозлик”¸ “Иқтисод” ва “Физика ва астрономияни ўқитиш методикаси” каби йўналишларда кўпайган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги қарорига асосан "2013-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг чет тиллари кабинетлари замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозланиши зарур.


Бўлғуси зотехник университет остонасидаëқ биологияни билсин
Озодликка билдирилишича¸ соҳавий йўналишларда айни соҳа учун зарур бўлган тест саволлари киритилган.

Озодликнинг Республика Тест марказидаги манбасига кўра¸ 22та йўналишда ўқишга кирмоқчи бўлганлар ўша соҳа учун махсус бўлган саволларга жавоб бериши керак.

- Масалан, “Геофизика”¸ “Тоғ-кон ишлари”¸ “Нефт ва газ” ва “Электротехника” соҳаларини танлаганлар айнан шу соҳага оид махсус саволларга жавоб беришлари керак. “Зоотехник” бўлишни истаганлар илгари биологиядан 18 саволга жавоб берган бўлса бу йил улар биология бўйича 21 саволга жавоб беришади. Бундан ташқари мусиқа¸ театр¸ рассомлик¸ меъморчилик соҳасига кирадиганлар тест синовларидан ташқари ижодий имтиҳондан ҳам ўтишлари лозим бўлади. Мақсад соҳа мутахассиси бўлишни истаганлар абитуриентлиги пайтидаëқ бу соҳа ҳақида бирламчи маълумотларга эга эканлигига ишонч хосил қилиш¸- дейди суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича¸ бу саволларни тайëрлаш ишига 200 нафар мутаҳассис жалб қилинган.

Уларнинг аксарияти соҳа мутаҳасислари ва олий ўқув юрти ўқитувчилари экани билдирилди.

Олий ўқув юртларида ҳар йили ўтказиладиган тест синовлари Давлат тест марказидан олий ўқув юртларига етказиб берилган бюллетенлар, яъни савол-жавоблар мажмуаси асосида ўтади.

Бу савол-жавоблар давлат сири даражасида қўриқланади¸ уни ҳозирлайдиганларнинг бевосита Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назоратида ишлаши айтилади ва белгиланган тартибга кўра¸ тестда тушадиган саволлар рўйхати ва улар "калити" республика бўйлаб синовлар бошланишидан саноқли соат аввал очилиши керак.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган манбалардан маълум бўлишича, йиллардан бери бу савол-жавоблар мажмуаси, ҳали улар жойланган қалин папкалардаги муҳрлар бузилмасдан туриб, унинг абитурентлар ва ўқитувчилар тили билан айтганда “Х” варианти аллақачон жойлардаги тегишли одамлар қўлига етиб борган бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG