Линклар

Дунё шариат ниқобида қиз ўғирлаган “Боко Ҳарам”га қарши жипслашмоқда


Қизларни ўғирлаган "Боко Ҳарам" террорчи ташкилоти раҳбари Абубакр Шикоий қизалоқларни хорижга қул қилиб сотишидан огоҳлантирган видеодан олинган сурат.

Қизларни ўғирлаган "Боко Ҳарам" террорчи ташкилоти раҳбари Абубакр Шикоий қизалоқларни хорижга қул қилиб сотишидан огоҳлантирган видеодан олинган сурат.

Ғарб давлатлари "Боко Ҳарам" террорчи гуруҳи томонидан ўғирланган 223 ўқувчи қизни топишда кўмаклашиш учун экспертларини Нигерияга йўлламоқда. Халқаро ҳамжамият уч ҳафтадирки, бир неча юз жанггарини жиловлаш имконсиз қолаётганидан норози бўлмоқда. Президент Гудлак Жонатан бошчилигидаги ҳукуматни ошкора калака қилаётган бу террорчи гуруҳ Нигерияда исломий давлат ўрнатиш даъвосида. Бунга тўсқинлик қилсалар, мактаб ёшидаги бу қизалоқларни қул қилиб, қўшни давлатларга сотишидан огоҳлантирган.



Дунё изқуварлари оммавий қиз ўғриларини қидирмоқда

14 апрелдан 15 апрелга ўтар кечаси Нигериянинг шимолий-шарқидаги Борно штатида жойлашган Чибок шаҳрида лицейнинг ётоғидан ўғирланган
223 қизалоқнинг тақдири ҳануз номаълум қолмоқда.

Қизларни ўғирлаганини тан олган Нигериядаги "Боко Ҳарам" террорчи гуруҳининг етакчиси Абубакр Шикоий 6 май куни тарқатган видео баёнотида "Оллоҳнинг амри билан уларни келин қилиб" исломий жанггариларга сотишидан огоҳлантирган.

11 май куни БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Буюк Британия ҳукумати замонавий дунёдаги энг ваҳший жиноятлардан бири бўлган оммавий қиз ўғирлари яна бир карра қизларни қайтаришга чақирди ва экспертлардан иборат махсус изқуварлар гуруҳини Нигерияга йўллаганини маълум қилди.

Шу кунга қадар АҚШ, Франция, Буюк Британия давлатлари; БМТ, ЕИ, ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар "Боко Ҳарам" террорчи гуруҳининг бу ҳаракатини кескин қоралаб, Нигерия ҳукуматига ўз кўмагини таклиф қилди.


Террорчилар 5 соатда 300 га яқин қизни ўғирлади

Чибокликларнинг айтишича, қуролланган террорчиларнинг илк гуруҳи 14 апрель куни тунда шаҳарга кириб кела бошлаган ва улар ўқувчи қизларни олиб кетаётганида, орадан 5 соат вақт ўтган эди.

Ўта оғир қуроллар билан қуролланган "Боко Ҳарам" жанггарилари 276 қизни қўй-қўзидек, ҳеч бир аралашувсиз 7 та юк машина ва 2 автобусга ортиб, шаҳардан чиқиб кетган. Ўғирланган қизларнинг каттагина қисми насроний экани айтилмоқда.

53 чаққон қиз йўлда бир юк машина бузилган кезда қоронғуда қочишга муваффақ бўлишган ва мактабдошларини қуролланган террорчилар ўз макони ҳисобланган Самбиса ўрмонига олиб кетганини яқинларига хабар қилишган.

Улардан бири, орадан уч ҳафта ўтса ҳамки, қўрқувдан дағ-дағ титраркан, жангариларнинг мақсади айнан қизларни ўғирлаш бўлгани ва ўғирланган қизалоқлар 60 километр квадрат майдонда ястанган ўрмон бағрига олиб кетилганини айтиб берди.

Шундан буён бедарак кетган қизларни бутун мамалакат, сўнгги икки-уч кундан бошлаб эса хориж давлатлари юбора бошлаган махсус хизматларнинг тажрибали ҳарбийлари қидирмоқда.

Аммо негадир бу қидирувлар самарасиз қолмоқда. Нигерия президенти қизлар сақланаётган ҳудуд ҳақидаги аниқ маълумот учун 300 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот эълон қилди.

Норасмий манбалар бу қизалоқларнинг асосий қисми аллақачон бир неча гуруҳга бўлиб-бўлиб, яқин хориж - Камерун ва Чаддаги террорчи, жиноятчи гуруҳларга қул қилиб сотиб юборилганини тахмин қилмоқдалар.


“Боко Ҳарам” шу қадар қудратли террорчи ташкилотми?

Бир кунда 223 ўқувчи қизни осонгина ўғирлаган, бунинг устига 3 ҳафтадан буён уларни ҳеч ким топа олмайдиган жойда сақлаётган бу гуруҳнинг аскарлари сони атиги бир неча 100 экани айтилади.

Шу боис, 150 миллион аҳолиси бўлган катта давлат армияси ёҳуд унинг иттифоқчиларининг бир неча юз жангарини жиловлай олмаётгани амалдаги президент Гудлак Жонатан ҳукумати обрўси ва ҳаққонийлигини жиддий шубҳа остига қўймоқда.

Бундан ташқари, 11 май куни Чад ҳукумати ҳарбийлари "Боко Ҳарам" ўқувчи қизларни ўғирлашни режалагани ҳамда буни 14 апрель куни амалга ошириш ҳаракатида эканидан бир кун олдин Нигерия махсус хизматларига хабар бергани ҳақидаги маълумотнинг пайдо бўлиши бу шубҳаларни янада оширди.

"Боко Ҳарам" террорчи гуруҳининг номи бунга қадар ҳам дунё матбуотида бот-бот тилга олинар эди. Бу гуруҳни "исломий террорчи гуруҳ" деб биладилар. Чунки унинг етакчиси – ижтимоий тармоқларда ҳарбий кийимда бот-бот кўриниб турадиган Абубакр Шикоий Нигерия ҳудудида шариатга асосланган давлат ўрнатиш ҳаққини даъво қилади.

Бу гуруҳ мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмини деярли тўлиқ ўз назоратига олган ва унинг етакчиси ўз талқинидаги шариатга зид, деб билган ҳамма нарса, айниқса аёлларни замонавий стандартлар асосида ўқитиш, ишлатишни ножўя деб билади, шунингдек, замонавий ускуна билан жиҳозланган мактаблар, шифохоналарни ишғол қилади, у ердаги аёл-қизларни ўғирлаб кетади.

Бундан ташқари, гуруҳ аҳоли гавжум ҳудудларда портлаш, маҳаллий етакчиларга суиқасдлар уюштиради ва бунинг ҳаммасини Оллоҳ йўлида қилаётганини иддао қилади. Аммо бу гуруҳнинг 276 қизни бир тунда ўғирлаши дунёни ларзага солди.

Ҳозир бутун дунёни битта хабар лентаси – #BringBackOurGirls хэштеги остида Твиттер тармоғига жамлаган тўхтовсиз хабар лентасида фикр-мулоҳазаларини қолдираётганлар бир кун келиб бу воқеа ўз фарзандлари ёки яқинлари ўқиётган мактабда содир бўлиши мумкинлигидан даҳшатга тушмоқдалар.


"Боко Ҳарам" исломий ташкилотми?

Дунё виртуал тармоғининг турли миллат ва элат, дин ва маданиятлар вакили бўлган фойдаланувчилари бу мудҳиш жиноятни содир этган террорчи гуруҳни "исломий террорчилар", деб қораламоқда.

Бу ташкилотнинг расмий номи ҳам диний иддаолардан келиб чиқиб Jama'atu Ahli-Sunna Lidda'awati wal-Jihad – Муҳаммад алайҳисалом таълимоти ва жиҳод тарғиботига жаҳд қилган кишилар жамоати мазмунида номланган.

Аммо бу ташкилотнинг илк қароргоҳи бўлган Майдугури шаҳридаги маҳаллий аҳоли кейинчалик бу жанггари гуруҳни "боко ҳарам", деб атаганлар. Бу Жанубий Африка ҳудудида яшайдиган мусулмонлар орасидаги асосий мулоқот тили бўлган "хауса" тилидан ўгирилганда "ғарбий таълимот ҳаром", деган маънони англатади. Яъни, умумиятла "Боко Ҳарам" - ғарбий таълимотга қарши бўлганлар гуруҳи, деган маънода қўлланилади.

Аслида бу гуруҳга 2002 йилда асос солган 30 ёшли Муҳаммад Юсуф аввалига Майдугури шаҳрида масжид қурган ва етим-есирларнинг болаларига текин таълимни йўлга қўйган.

Ислом байроғи остида изчил фаолият бошлаган Муҳаммад Юсуфнинг ғоялари аввалига ўрта асрларда яшаб ўтган Ислом файласуфи Ибн Тамияҳ таълимотидан илҳом олгани, кейинчалик аста-секинлик билан салафийлик йўналишига ўтгани айтилади. Унинг зулм ва зўравонликни мақсад қилмагани, аксинча мамлакатда қонуний йўллар билан исломий давлат барпо қилиш учун кураш бошлагани ҳам баъзи манбаларда қайд этилади.

Нигерия полицияси берган маълумотга кўра эса, замонавий дунё ва ғарбона ҳаёт тарзини Исломга зид, деб билган бу гуруҳ энг бошданоқ мамлакатда шариат қонунларини ўрнатиш иддаосини қилиб келган. Шу боис, ҳукумат таъқибига учраган Муҳаммад Юсуф 2009 йилда махсус амалиёт чоғида қўлга олинди ва қатл қилинди.


Дунёни калака қилаётган Абубакир Шикоий ким?

Аслида "Боко Ҳарам" гуруҳининг бугунги қиёфадаги зулмкор жиноятчи тўдага айланишига айнан Муҳаммад Юсуфнинг ҳукумат томонидан ўлдирилгани сабаб, дегувчилар ҳам бор. Етакчиси ўлдирилишидан бир кун олдин уни қутқариш учун келган жанггарилар билан тўқнашувда 185 киши ўлдирилган.

Муҳаммад Юсуфнинг ўрнига қуролланган тўда бошига келган Абубакир Шикоий эса аввалига етакчининг муросакор кўрилган ғояларини сидириб ташлаб, ўрнига ўзининг муросасиз мақсадини илгари суради.

У ўз таълимоти ғарб ва замонавий дунёга тегишли ҳамма-ҳамма нарсани инкор қилиши, бунинг ўрнига пайғамбар Муҳаммад алаҳийссалом давридаги тартибни қайтаришга қаратилганини иддао қилади.

Ва гўёки, ширк ва куфрга қарши курашаётган "Боко Ҳарам" аскарлари бу кураш йўлида кўзига кўринган, қўлига илинган бойликни ўлжа сифатида қабул қилади, аёллар ва қизларни чўриларга, эркакларни қулларга айлантиради.

Деярли ҳар видео баёнотида "Оллоҳ" сўзини эринмай такрорлаган бу шахс сўнгги баёнотида: "Мен сизнинг қизларингизни ўғирладим. Оллоҳнинг амри билан мен уларни сотаман!" деб хитоб қилади.

Шу кунларда хитоблари миллионлаб одамнинг юрагига тиғдек санчилаётганини ҳис қилиб турган бу жинотячининг шахсига оид маълумот эса жуда оз ва ноаниқ. Унинг ёши 38 ёҳуд 49 да экани, Африка қитъасидаги бир неча тил, хусусан, классик араб ва хауса тилларида сувдек гапириши айтилади.

Унинг маълумоти олий экани - Борно штатидаги Исломий таълимот ва ҳуқуқшунослик коллежини якунлаб, фиқҳ бўйича олий маълумот олгани айтилади. Шунинг учун унинг тарафдорлари орасидаги яна бир номи "Тавҳид олими" қайд этилади.

Хуллас, 2012 йилдан бошлаб Нигерия ҳукуматига қарши жангариликни кучайтирган, террорчилик ҳужумларини оширган Абубакр Шикоий "Боко Ҳарам" охир-оқибат ўз давлати ва унга қўшни минтақаларда "Шариат қонунларининг ўрнатиши"га оз қолганини иддао қилиб келади.


"Боко Ҳарам" қурбонлари

Human Rights Watch ташкилоти 2009 йил - гуруҳнинг асосчиси Муҳаммад Юсуф ўлдирилганидан буён бу ташкилот томонидан ўлдирилганлар сони 3 мингга яқин, деб ҳисоблайди. Сўнгги бир йил ичида ўлдирилганлар сони эса 1,5 минг кишига етгани айтилади.

"Боко Ҳарам", асосан, ҳукумат қўшинларини нишонга олади. Бундан ташқари, мамлакат аҳолсининг 40 фоизини ташкил қиладиган насроний диний жамоалар вакиллари ва аҳолининг 50 фоизини ташкил қилган мусулмонларнинг ҳукумат билан ҳамкорлик қилган етакчиларига қарши ҳужумлар уюштириб келади.

Бу ташкилотнинг ваҳшиёна ҳужумларидан бири 2011 йилда мамлакат пойтахти Абужадаги БМТ ваколатхонасига қилинган ҳужум эди. Ўшанда 20 дан ортиқ одам ўлдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG