Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:21

Донецк ва Луганск айирмачилари Путиннинг гапига кўнмади


Донецк айирмачилари Путин билан алоқалари йўқлигини иддао қилмоқда.
Донецк айирмачилари Путин билан алоқалари йўқлигини иддао қилмоқда.

Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачилар, Россия Президенти Владимир Путиннинг чақириқларига қарамасдан, 11 майга белгиланган референдумни ўтказишларини эълон қилди. Айни пайтда НАТО билан Москва ўртасида Украина чегаралари олдидаги Россия қўшинлари хусусида сўз жанги юзага чиқди.



Ўзини “Донецк Халқ Республикаси” деб эълон қилган минтақанинг “мувофиқлаштирув кенгаши” Донецк шаҳрида эгаллаб олинган ҳукумат биносида 8 май куни ўтказилган йиғиндан кейин Украинадан ажралиб чиқишга доир референдум 11 май куни ўтказилишини эълон қилди.

Путин 7 май куни Москвада қилган чиқшида Донецк ва Луганскдаги айирмачиларни ўз тақдирини белгилаш масаласига бағишланган референдумни кечиктиришга чақирган эди.

Ўзини Донецкдаги айирмачилар етакчиси деб эълон қилган Денис Пушилин “референдум 11 май куни ўтказилади”, дея эълон қилди.

- Бу масала овозга қўйилди. Овоз бериш натижасида рефрендумни кечиктирмасдан ўтказиш қарори 100 овоз билан қабул қилинди. Референдум 11 май куни ўтказилади, деди айирмачилар етакчиси.

Луганскдаги айирмачилар етакчиси Олексей Хмиленко ҳам 8 май куни Интерфакс агентлгига берган интервьюсида “ўзини Луганск Халқ Республикаси деб эълон қилган минтақанинг халқ қурултойи” мустақиллик референдумини 11 май куни ўтказишга қарор қилди, дея билдирди.

Кремль матбуот ваикли Дмитрий Песков Украина шарқидаги айирмачиларнинг қарорини Россия ҳукумати таҳлил қилаётганини билдирди. Москва россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганига доир айбловларни инкор этиб, улар билан бевосита алоқаси йўқлигини идда қилмоқда.

Донецк айирмачилари етакичиси Пушилин ҳам Кремль билан тўғридан-тўғри алоқалари йўқлигини иддао қилди.

- Путин билан бевосита алоқамиз йўқ. Унинг таклифи ҳақида матбуотдан хабар топдик. Менимча у ҳам бизнинг қароримиздан худди шу тарзда хабар топади, деди айирмачи.

Европа Иттифоқи Ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майа Косянчич “на 11 май ва на ундан кейин ҳеч қандай референдум ўтказилмаслиги лозим”, дея баён қилди.

- Биз президент Путиннинг бир нечта фикрини мамнуният билан қабул қилдик. 25 майга белгиланган Украина президент сайлови, референдумларни кечиктириш ҳамда Украина чегаралари олдидан Россия қўшинларини қайтариш тўғрисидаги фикрларини назарда тутяпман. Бу вазиятни юмшатишга ёрдам бериши мумкин бўлган қадамдир ва биз воқеа қандай ривожланиши ва сўзлар амалда бажариладими, йўқми кузатиб борамиз, деди ЕИ расмийси.

Референдум ўтказиладиган бўлса, бу “демократик нуқтаи назардан легитим бўлмайди” ва Украинадаги бўҳронни янада авж олдиради, дея қўшимча қилди Косянчич.

Пайшанба куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Андрей Парубий ўзини ўзи “Донецк Халқ Республикаси”, деб эълон қилган минтақа етакчилари 11 майга белгиланган референдумни кечиктиришга қарор қилган тақдирда ҳам “аксилтеррор операцияси” давом этади, дея баён қилди.

Украина кучлари мамлакат шарқидаги 12 шаҳарда айирмачилар эгаллаб олган ҳукумат биноларининг баъзиларини қайтариб олди.

Айни пайтда, Варшавада чиқиш қилган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Россия қўшинлари, Путин иддао қилганидек, Украина чегаралари олдидан қайтарилганини сезмаётганини билдирди.

8 май куни Польша Бош вазири Дональд Туск билан учрашувдан сўнг гапирган Расмуссен “ҳозирча улар қўшинларини қайтарганига доир ишоратларни кўрганимиз йўқ”, дея таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг НАТО раҳбарининг “кўзи кўр бўлса керак”, деган пичингига жавобан Расмуссен “кўзим жуда яхши кўради”, дея жавоб қайтарди.

Бош вазир Туск “президент Путиннинг баёнотига эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз керак”, дея таъкидлади.

7 май куни Путин Украина чегаралари олдига ташланган 40 мингга яқин қўшиннинг бир қисми дислокация жойларига қайтарилганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG