Линклар

Покистон ҳукумати самолётга ўқ-дори олиб ўтмоқчи бўлгани учун ҳибсга олинган АҚШ Федерал тергов бюроси ходимини озод этди.

Мамлакат Ички ишлар вазири Чодри Нисор Али Хонга кўра, америкалик агент 8 май куни суд тарафидан гаров эвазига қўйиб юборилган.

Исми очиқланмаётган агент 5 май куни Карачидан Исломободга учмоқчи бўлганида аэропорт хавфсизлик хизмати тарафидан ҳибсга олинган эди. Унинг сумкаларидан 15 дона 9-калибрли ўқлар топилган.

АҚШ Давлат департаменти америкалик агентнинг Покистон ҳукумати тарафидан ҳибсга олинганини тасдиқлаб, унинг Исломободдаги АҚШ элчилигига ёрдам кўрсатиш учун “вақтинчалик хизматга” юборилганини билдирган эди.

Расмий маълумотга кўра, ҳибсга олинган агент коррупцияга қарши кураш дастурида иштирок этаётган бўлган.
XS
SM
MD
LG