Линклар

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазият барқарор эканига қарамасдан танглик сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда ҳар иккала давлат расмийлари билдирди.

Озодлик радиосининг қирғиз хизмати маълумотига кўра, 7-8 май кунлари юз берган тартибсизликлар бўйича 9та жиноий иш қўзғатилган. Улар орасида Боткен вилоятининг Кўк-Терак қишлоғида юз берган шахсий мулкка ўт қўйиш фактлари ҳам бор.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги Тожикистон томони ўт қўйилган бир савдо дўкони, ёқилғи қуйиш шоҳобчаси ва юк автомашинаси учун товон пули тўлаб беришга рози эканини билдирди.

Икки давлатнинг расмий манбалари тарқатган маълумотга кўра, тартибсизликларда жами 25 киши жароҳат олган. Уларнинг 17 нафари қирғизистонлик, 8 нафари тожикистонликлардир.

Ҳозирда чегарадаги вазият хавфсизлик хизматлари томонидан назорат қилинмоқда.

Айни дамда Боткен вилоятида бир гуруҳ қирғизистонликлар чегарадаги муаммоларни тезда ҳал қилиш талаби билан Боткен-Исфара йўлини тўсиб қўйишган.
XS
SM
MD
LG