Линклар

Тошкентнинг Сирғали туманида уруш фахрийлари учун мактаб ўқувчилари, боғча тарбияланувчиларининг ота-оналаридан пул ундирилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, хусусий ширкат ва корхоналар ҳам уруш фахрийларига ҳомийлик қилишга мажбурланмоқда.

- Сирғали туманида уруш қатнашчиларига, деб пул йиғиляпти. Мактаб, боғчалардан ҳам йиғиляпти. Бу нима деган гап, - дейди тошкентликлардан бири.

Сирғали туманида яшовчи Адҳам акага кўра, пойтахтнинг айрим маҳаллаларида фаоллар кўчама-кўча юриб, уруш қатнашчиларига хайр- эҳсон, деб ҳар бир оиладан 3 минг сўмдан 5 минг сўмгача пул талаб қилмоқда:

- Одамларнинг пулини олиб, ҳамма ёқдан йиғиб, ўндан бирини фахрийларга берса, ўндан тўққизини чўнтагига уришаётган бўлишса керак булар. Ўзи маҳалламизда ўнта фахрий қолган бўлса қолгандир. Ҳокимият шуларга ёрдам беришга шунча қийналиб қолдими, - дейди Адҳам ака.

Уруш фахрийлари учун аҳолидан пул йиғилаётганини инкор қилмаган Сирғали тумани ҳокимлиги расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда бу жараённинг мутлақо ихтиёрий эканлигини айтди:

- Мажбурий эмас бу. Кўнглингиздан чиқариб бериладиган хайр - эҳсон бу. Йиғаётган одамлар жойларда буни тушинтиряпти аҳолига, - деди ўзини таништирмаган ҳокимлик расмийси.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистондаги уруш фахрийлари учун фақат маҳалла, мактаб ва боғчаларда пул йиғилаётгани йўқ. Балки хусусий ширкат ва корхоналар ҳам бу "ҳайрия тадбири"га жалб қилинган.

Жумладан, “Билайн” уяли алоқа компанияси уруш қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллион сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатган.

"Дори-дармон" ширкати уруш фахрийларига деб, ҳар бири 15 минг сўмлик 8 минг дона дори-дармон тўпламини тарқатган.

"Ҳар бир фахрий атрофида ўнта текинхўр"

Сирғалилик Адҳам аканинг айтишича, уруш фахрийларига ёрдам баҳонасида аҳоли ва ҳомий ташкилотлардан пул ундириш ҳар йили 9 май арафасида кузатилади:

- Ҳар йили бўлади бу. Фахрийларимиз сони йил сайин камайиб боряпти ўзи. Маҳалламизда битта фахрий бўлса, атрофида ўнта текинхўр. Хокимиятдагилар ҳам йиғилиб келади, маҳалла фаоллари ҳам тўпланади. Қозонни атрофида ҳаммаси, - дейди Адҳам ака.

Уруш фахрийларига ёрдамлар Ўзбекистондаги “Нуроний” жамғармаси орқали тарқатилади.

Жамғарма вакилларидан бири ҳомий ташкилотлар ёрдамлари тўғридан тўғри фахрийларга етказилаётганини айтди:

- Ҳомий ташкилотлар қўлини чўзяпти. Касаба –уюшмалар ёрдамини аямаяпти. Ҳар бир уруш фахрийсини уйига кириб чиқиляпти. Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига 50 минг сўмлик озиқ-овқат тўпламидан иборат бўлган байрам совғалари етказилди. Ҳар бирига озиқ-овқат, дори-дармон тўпламидан ташқари кийим-бош ва бошқа совғалар улашиляпти, - дейди Нуроний жамғармасининг ўзини таништирмаган расмийларидан бири.

“Нуроний” жамғармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 3700дан кўпроқ уруш фахрийси қолган.

Самарқандлик 91 ёшли Рашид ота шулардан бири. Рашид ота кўрсатилаётган ғамхўрликлардан мамнун эканини айтади.

- Бу йил президент ҳар биримизга 600 минг сўмдан берди. Бундан ташқари шаҳар ҳокимининг ўзи кеча совғалар олиб келди. Вилоят ҳокими ресторанда уруш фахрийларига катта зиёфат қилиб берди. Ҳар ойига 800 минг сўмдан кўпроқ нафақа оламан. Камчилик йўқ, - дейди Рашид ота.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида 1,5 миллион ўзбекистонлик фронтга кетган. Улардан ярим миллиони ортга қайтмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG