Линклар

Ўзбекистонда электр ва газ тақчиллиги сурункали тус олмоқда


Электр ва газнинг йўқлиги вазиятида ўзбекистонликлар учун шам стратегик матоҳга айланмоқда.

Электр ва газнинг йўқлиги вазиятида ўзбекистонликлар учун шам стратегик матоҳга айланмоқда.

Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида электр ва газ тақчиллиги жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг 90 фоизидан ортиғи электрлаштирилгани, 80 фоизидан ортиғи газлаштирилганини айтиб келади. Лекин йиллар давомида қиш мавсуми учун одатий ҳол бўлган бўлган газ ва электр тақчиллиги сурункали муаммога айланиб қолди, демоқда Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлар. Бу эса оддий аҳоли учун кундалик қийинчиликлардан ташқари, тадбиркорларнинг фаолиятига ҳам жиддий зарар етказмоқда.



Ўзбекистон учун электр ва газ тақчиллиги муаммоси янгилик эмас. Лекин мамлакатнинг чекка қишлоқларини ҳисобга олмаганда бу муаммо одатда қиш мавсуми учун долзарб ҳисобланган. Расмийлар буни совуқ фаслда электр ва газ манбаларига босим кучайиши билан изоҳлаб келган.

Ёз фасли яқинлашиб, шу кунларда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 35 даражадан ошиб кетганига қарамасдан, ҳатто вилоят ва туман марказларида ҳам электр қуввати ва табиий газ аҳолига ўта чекланган тарзда берилмоқда.

Фарғона вилоятининг Данғара туманилик Озодлик муштарийси, ўтган йилдан бери на электр қуввати ва на газ берилаётганини ёзди.

“Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, газ бўлмаса, свет бўлмаса, қандай ҳаёт кечиришимиз керак? Бизда сув ҳам йўқ, менинг машинам бўлгани учун узоқдан сув ташиб келамиз, машинаси йўқлар нима қилсин? Бу муаммолар ҳал бўладими, ё бу ердан кўчиб кетиб қутуламизми?” деб ёзади муштариймиз.

Унинг яна ёзишича, туманда ноябрь ойигача аҳолига газ етказиб бериш тўхтатилади, деган гап сўзлар пайдо бўлган.

Данғара тумани ҳокимлиги вакилларидан бу ҳолат юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Лекин афтидан газ ва электр муаммоси Данғара учунгина сурункали ҳолат эмас.

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидан Озодликка мурожаат қилган Абдуллоҳ исмли тадбиркор туман маркази ҳисобланган Чинобод шаҳарчасида электр тақчиллиги оддий аҳоли турмушини қийинлаштириш баробарида тадбиркорлар фаолиятига ҳам жиддий зарар етказаётганини айтади. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ кичик корхонаси борлигини айтган Абдуллоҳ кундузи электр қуввати ва газ берилмаётгани сабабидан иши тўхтаб қолганидан шикоят қилди.

- Мана ëз кунлари тўғрими? Ëзнинг кунлари бўлишига қарамасдан ҳар кун¸ ишонсангиз, эрталаб соат 8да свет ўчади, 10да бир ярим соат ëнадида, кейин яна ўчади. Кундузи 5-6 соат свет бўлмаяптида марказнинг ўзида. Газни энди гапирмаса ҳам бўлади. Газ ўзи анчадан бери йўқку. Қишда умуман бўлмайди газ. Ëзнинг кунида ëниб қолади, обед пайтларда 1-2 соат ëниб қолади. Газ кучайиброқ ëниб кетиб қолса, дарров газчилар келади.

Ишлаб чиқариш тўхтаб қолишидан ташқари, дейди Абдуллоҳ, электр қуввати ўчганида мобил алоқаси сифати ҳам ёмонлашишидан мижозлар ва ҳамкорлар билан алоқа қилишнинг имкони ҳам қолмаяпти.

- Ака бизда свет йўқ бўлса, алоқа умуман йўқ бўлиб қоладида, нолга тушиб қолади. Ҳозир 15 минут бўлди свет ëнганига. Ҳўв бир куни телефон қилганингизда ҳам свет йўқ, гаплаша олмадикда. Антенна чиқмай қолади свет бўлмаса.

Абдуллоҳнинг айтишича, нафақат Балиқчи балки бошқа туманларда ҳам айни ҳолат кузатилмоқда. Бир гуруҳ тадбиркорлар маҳаллий ҳокимиятга чиқиб муаммони ҳал қилиб беришни сўраганлари, лекин тайинли жавоб ололмаганларини айтади суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг 90 фоизидан ортиғи электрлаштирилгани, 80 фоизидан ортиғи газлаштирилганини айтиб келади.

Лекин электр ва газ тақчиллиги муаммосининг ўзбекистонликлар учун кундалик турмуш қийинчиликларидан ташқари бошқа оқибатлари тўғрисида Озодлик кейинги пайтларда тез-тез хабар қилмоқда.

Фарғонанинг Қува туманида, жумладан, электр қуввати тез-тез ўчиб қолаётгани боис сув насослари ишламай қолиб, юзлаб гектар анор боғлари қуриб қолгани тўғрисида ҳафта бошида хабар қилган эдик.

Ucell мобил операторининг мулозими Озодлик билан суҳбатда электр тақчиллиги шу кунларда мамлакат бўйлаб мобил алоқа сифати тушиб кетишининг асосий сабаби экани ҳақида гапириб берган эди.

Лекин энергия муаммоси билан боғлиқ вазият кундан-кунга ёмонлашиб бораётганига қарамасадан расмийлар буни иқтисодий тараққиёт белгиси, дея талқин қилмоқда.

“Ўзбекэнерго” давлат ширкати раҳбари Шерзод Хўжаев “Даракчи” газетаси мухбири билан суҳбатда электр таъминотидаги узилишларни мамлакат иқтисодининг “шиддатли” ривожланаётгани билан изоҳлаб, муаммо аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ўсиб бораётганига тақалишини иддао қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG