Линклар

logo-print

Зулфия қамоқда ўлган отаси рус қабристонига кўмилганини айтгани учун қамоққа олинди

  • Шерзод

Зулфия Омонова 2013 йилнинг апрелида журналистларга отаси қамоқхона маъмурияти томонидан рус қабристонига кўмилганини айтган.

Зулфия Омонова 2013 йилнинг апрелида журналистларга отаси қамоқхона маъмурияти томонидан рус қабристонига кўмилганини айтган.

Ўзбекистонда 15 йил муқаддам “хизбчи”ликда айбланиб судланган ва 2013 йилнинг апрелида қамоқда юрак хуружидан вафот этгани хабар қилинган ўшлик Ҳабибулла Омоновнинг қизи Зулфия Омонова, қариндошларининг билдиришларича, отасининг жасади қамоқхона маъмурияти томонидан "руслар қабристонига дафн этилган"ини айтгани учун "диний адоват қўзғаганлик”да айбланмоқда.

Шу йилнинг 31 март куни Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан “диний адоват қўзғаган”ликда гумонланиб қўлга олинган 20 ёшли Зулфия Омоновага нисбатан суд жараёни 13 май куни бошланади.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймановга кўра, Зулфия Омонова Қирғизистон Жиноят кодексининг 299 моддаси 1 банди билан “диний адоват қўзғаган”ликда айбланмоқда.

- Зулфия Омонованинг уйи тинтув қилинганида “Хизбут-Таҳрир” ташкилоти варақалари топилган. Уни икки ойгача, яъни тергов якунлангунига қадар иҳибсда сақлаш бўйича Ўш шаҳар судининг қарори чиққан. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тергов кетмоқда. Қирғизистонда “Хизбут Таҳрир” ташкилоти экстермистик деб ҳисобланади ва бу ташкилот фаолияти тақиқланган, - деди Рахат Сулайманов.

Маълумотларга қараганда, Зулфия Омонованинг уйини тинтув қилиш пайтида ашёвий далил сифатида мусодара қилинган компакт дискда “Хизбут Таҳрир” партиясининг турли чақириқлари ва бундан 1 йил аввал отаси ўлганидан аламзада қизнинг журналистларга берган интервьюси топилган.
Терговчининг қарорида Зулфия Омонова журналистларга берган интервьюсида "диний низо қўзғагани" айтилади.

Терговчининг қарорида Зулфия Омонова журналистларга берган интервьюсида "диний низо қўзғагани" айтилади.

Интервьюда Зулфия Омонова отасининг Ўзбекистон қамоқхонасидан чиқишига бир неча ой қолганда ўлгани ва отасининг жасади оила аъзолари рухсатисиз рус қабристонига дафн этилгани ҳақида гапирган.

Тергов жараёнида мазкур компакт диск қирғиз теологлари томонидан ўрганилган ва мутахасислар дискда “диний низо қўзиши мумкин бўлган чақириқлар бор”, деган хулосага келганлар.

Зулфиянинг онаси Муҳаббат Омонова эса қизининг “Хизбут - Таҳрир” партиясига умуман алоқаси йўқлигини айтди:

- Қизим ундай ишлар билан умуман шуғулланмаган. Қизим мактабни тамомлаб. 4 йил Қуръондан таълим олган. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаган,11 - синфга қадар рус мактабида ўқиган. Бундан ташқари хамширалик каби курсларда ўқиди. Олийгоҳга кирмоқчи бўлганди, киролмади. Ҳаракат қилиб, 2 маротаба имтихон топширди. Бир бал етмаганди, пул сўрашди, мен топиб беролмадим, кучим етмади. Ўзи шифокор бўлмоқчи эди. Шароитимиздан келиб чиқиб, ўқитишга кучимиз етмади, - дейди Муҳаббат Омонова.

Унга кўра, 31 март куни уларни повестка билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўш бўлимига чақиришган ва ўша ерда Зулфия қўлга олинган.
Зулфиянинг ўзи бундан бир йил муқаддам отаси Ҳабибулла Омоновнинг Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этгани ва рус қабристонига кўмилгани борасида Озодликка гапириб берган эди.

Маълумотларга кўра, 2013 йил апрелида Ҳабибулла Омонов Ўзбекистон суди томонидан 1999 йилда “Хизбут – Таҳрир” диний оқимига алоқадорликда ҳамда Ўзбекистонда Конституциявий тузумига тажовузда айбланиб, 10 йилга қамалган. 2013 йилнинг 4 апрелида эса унинг қамоқда “юрак ҳуружидан вафот этган”и ҳақида хабар келган.

Омоновлар оиласига кўра, яқинлари ўз вақтида етиб келмагани боис марҳумнинг жасади Косон шаҳридаги рус қабристонига дафн этилган. Шундан сўнг марҳум оиласи Ўшда жаноза маросимини ўтказган. Ўша маросимдан сўнг Зулфия журналистларга интервью берган. Муҳаббат Омонованинг айтишича, ўша интервью сабабли қизи ҳисб қилинган.

- Ўшанда берган интервьюсида қизим: “Дадам ўрис гўристонига кўмилибди”, дегани учун уни “кофир” деди деб айблашмоқда. Аслида қўйган моддаси унга тўғри келмайди. Қизим у ерда “кофир” ҳам демаган. Бу нарсаларни ҳар қандай одам шокка тушганда, жаҳлидан гапиради. Чунки болаларим 14 йил отасиз ўсган. 4та болани ўзим ёлғиз боқиб катта қилганман. Булар 3-4 яшар қолган эди. Отасини 14 йил кутиб, чиқишига бир ой қолганида бундай бўлса, қандай гапирмасин,- дейди Муҳаббат Омонова.

Зулфия Омонованинг адвокати ўз ҳимоясидаги одам ҳаракатларида жиноий таъқиб учун асос бўладиган сабаб йўқлигини ва жиноят иши тўхтатилишини илтимос қилиб Миллий хафсизлик қўмитасига ариза киритган. Бироқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан рад жавоби келган.

Рад жавобида Зулфия Омонованинг “миллатлараро, ирқий, диний ёки худудлараро низо қўзиш” бўйича жиноятларни содир этгани исботлангани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG